Жамият | 12:49 / 29.05.2017
11897
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда сафдош дўстининг қарийб 6 минг долларлик нарсаларини ўмариб кетган йигит ушланди

Элёр Бекзод (исмлар ўзгартирилган) билан ҳарбий хизматда танишди. Қисқа вақт ичида иноқлашиб, дўст тутинишди. Хизмат муддатини тугагач, Бекзод сафдошига ўз яшаш манзилини айтиб, меҳмонга келиб туришини тайинлади, деб ёзади “Постда” газетаси.

Элёр уйига қайтгач, на ўқишга кирди, на ишга. Отасининг даккилари, онасининг маслаҳатларига қулоқ тутишни истамади.

Бир куни кечқурун отаси ишдан қайтгач, ўғлининг телевизор ёнида оёғини чалиштириб ётганини кўриб, асаби бузилди:

-  Ўғлим, сен тенги йигитлар аллақачон бир ишнинг бошини тутиб, рўзғорга ёрдам беряпти. Бизларни сенга боғлаб бермаган, ахир. Кап-катта йигит бўлсанг, уялмайсанми, еб ётишга!

-  Яна бошладингизми? Қайси ота боласига миннат қилиб едиради? – деди Элёр тутоқиб. – Жонга тегди! Шу уйдан кетсам, қутуламан, шекилли!

Элёр шундай деди-ю, эшикни қарсиллатиб ёпиб, кўчага чиқиб кетди. Кўчага чиққач, қаерга бориши мумкинлигини ўйлади. Телефонидаги рақамларни бирма-бир кўздан кечираётиб, дўсти Бекзоднинг таклифи эсига тушди.

...Бекзод сураткашлик билан шуғулланарди. Сафдош дўстини қучоқ очиб кутиб олган Бекзод орзу-ҳаваслари билан бўлишди. Фотостудия очиш ниятида эканини айтди. Шу мақсадда олиб қўйган асбоб-ускуналарини дўстига кўрсатди.

-  Имкониятлардан фойдаланиб қолиш керак, дўстим, - деди Бекзод. Ахир, умр инсонга бир марта берилади. Ҳозир оёққа туриб олсак, қариганда роҳат-фароғатда яшаймиз, тўғри эмасми.

Элёрнинг дилида ҳавас эмас, ҳасад ҳисси уйғонди.

Иккала дўст алламаҳалгача суҳбатлашиб ўтирди. Бекзод чарчаганини айтиб, дўстига ётиш учун жой тайёрлаб берди. Ўзи дам олиш учун ётоғига кириб кетди. Элёр эса мусиқа эшитиб, кечроқ ётмоқчилигини айтди. Аммо унинг қулоғига мусиқа овози кирмасди. “Бекзод қандай қилиб шунча пул топди, унинг мендан нимаси ортиқ?” деган саволлар миясига ўрнашиб олганди. Ҳасад ич-этини ерди. Кўз олдида турган қимматбаҳо фотоаппарат, ёритгич ва фотоаппаратнинг турли мосламалари кўзига бир дунё бойлик бўлиб кўринарди...

Соат тунги учлар атрофида Элёр уй калитини олиш ниятида Бекзод ётган хонага кирди. Шу пайт дўсти уйғонди. Элёр совқотаётганини айтди. Бекзод дўстининг гапларига ишониб, унга кўрпа бериб, яна ухлашга ётди...

Эрталаб Бекзод дўстининг қилмишидан ўзига келолмади. Чунки Элёр тунда қимматбаҳо фотоаппарат ва унга тегишли барча ускуналарни, “Iphone-5” русумли телефон аппаратини, жами 5 минг 860 АҚШ доллари миқдоридаги буюмларни ўғирлаб кетганди.

Бекзод воқеа юзасидан ички ишлар органига ариза билан мурожаат қилди. Тезкор-қидирув тадбирлари ўз натижасини берди. Элёр тезда қўлга олиниб, қонун доирасида жиноий жавобгарликка тортилди. 

Мавзуга оид