Президентнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Кобулдаги халқаро учрашувда иштирок этди
Ўзбекистон Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматилла Эргашев бошчилигидаги делегация Афғонистон пойтахтида ўтказилган «Кобул жараёни» халқаро учрашувида иштирок этди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати маълум қилди.
БМТнинг Афғонистонга кўмаклашиш бўйича миссияси ёрдамида Афғонистон ташаббуси билан ўтказилган тадбирда 20 дан ортиқ давлат, жумладан, қўшни мамлакатлар делегациялари иштирокида Афғонистон, минтақа ва жаҳондаги хавфсизлик, терроризм таҳдиди муаммолари ҳамда Афғонистондаги курашаётган томонларни муросага келтириш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон делегациясини Афғонистон президенти Муҳаммад Ашраф Ғани қабул қилди.
Шунингдек, Афғонистон президентининг инфратузилмалар, кадрлар ресурслари ва технологиялар бўйича катта маслаҳатчиси Ҳумоюн Қаюмий, қишлоқ хўжалиги ва ривожланиш масалалари бўйича катта маслаҳатчиси Абдул Ҳамид Ҳелмондий, миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Муҳаммад Ҳаниф Атмар, МДҲ мамлакатлари билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича махсус вакили Шокир Коргар, ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Ҳикмат Халил Карзай билан музокаралар ўтказилди.