Ўзбекистон | 12:20 / 14.10.2024
4243
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон президентининг махсус вакили Афғонистонга борди

Афғонистоннинг Жаузжон ва Фарёб вилоятларидаги "Тути-Майдон" табиий газ конини ўзлаштириш бўйича шартнома имзоланди.

Фото: "Дунё" АА

Шу йилнинг 9-10 октябр кунлари Ўзбекистон президентининг махсус вакили Исматилла Эргашев ва "Ўзбекнефтгаз" акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Баҳодир Сиддиқов бошчилигидаги мамлакат делегацияси Афғонистонда бўлди.

Ташриф доирасида Афғонистон муваққат ҳукумати раҳбарияти ва расмийлари билан учрашув ҳамда музокаралар бўлиб ўтди.

Ўзбекистон делегацияси раҳбари Исматилла Эргашев ҳукумат матбуот марказида Афғонистон бош вазири ўринбосари вазифасини бажарувчи Абдул Ғани Бародар, Кон ва нефт вазири вазифасини бажарувчи Ҳидоятуллоҳ Бадрий ва бошқа расмий шахслар иштирокида ташкил этилган тадбирда иштирок этди.

Исматулла Эргашев ўз нутқида иштирокчиларни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Афғонистонни иқтисодий интеграция жараёнларига жалб этиш бўйича ташаббуслари билан таништирди.

2024 йил 29 август куни Ўзбекистон-Афғонистон чегарасида очилган "Термиз" халқаро савдо маркази фаолиятига алоҳида эътибор қаратилди. Ушбу марказ ишга туширилгандан сўнг минглаб афғонларнинг турли товарлар хариди, савдо-сотиқ қилиш мақсадида ушбу ҳудудга бориши кескин кўпайди. Қайд этилишича, марказ ҳудудига кириш тартиби 15 кунгача бўлган муддатга кириш визасини расмийлаштирмасдан амалга оширилмоқда. Ўзбекистон-Афғонистон тадбири якунида Афғонистоннинг Жаузжон ва Фарёб вилоятларидаги "Тути-Майдон" табиий газ конини ўзлаштириш бўйича шартнома имзоланди.

Мавзуга оид