Жаҳон | 21:24 / 14.06.2017
54685
2 дақиқада ўқилади

Тожикистон президенти қизларидан бирига энг юқори мартабалардан бирини берди

Фото: Дмитрий Азаров / «Коммерсантъ»

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон 39 ёшли қизи Озодага давлат адлия маслаҳатчиси мартабасини берди. Бу лавозим адлия ва прокуратура органларидаги энг юқори мартаба ҳисобланади. Бу ҳақда 14 июнда маълум қилинди.

Маълум қилинишича, Озода Раҳмонга бу мартабанинг берилиши ҳақидаги фармон 25 майда имзоланган, бироқ президент сайтида бу ҳақда ҳали ҳеч қандай хабар берилмаган.

2016 йилда Озода Раҳмон президент ижроия аппаратининг раҳбари этиб тайинланганди. Маълум қилинишича, бу лавозим бош вазир биринчи ўринбосаридан бир поғона пастроқ лавозимни англатади. Давлат маслаҳатчиси мартабаси Озода Раҳмоннинг амалдаги лавозимига қўшимча ваколат бермайди.

2017 йил март ойида Озода Раҳмон "Би-би-си" телерадиокомпаниясининг талқини бўйича дунёнинг 100 нафар энг муваффақиятли аёллари рўйхатига кирган. У 2011 йилда Тожикистон миллий университетини тамомлаган ва номзодлик диссертациясини ҳимоя қилган. 2009 йилдан фавқулодда ва мухтор элчи дипломатик даражасига эга. 2004-2006 йилларда Вашингтонда таҳсил олган. Унинг турмуш ўртоғи Тожикистон миллий банки раиси биринчи ўринбосари лавозимида ишлайди.

Имомали Раҳмоннинг яна бир қизи Руҳшона ҳам дипломатик хизмат билан боғланган ҳамда 2016 йил ноябридан Тожикистон ташқи ишлар вазирлигида халқаро ташкилотлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари лавозимини эгаллаб келади.

Жорий йил апрелда Раҳмоннинг тўнғич ўғли 29 ёшли Рустам Раҳмон Душанбе шаҳри ҳокими этиб тайинланганди.

Имомали Раҳмоннинг ҳаммаси бўлиб 7 қизи ва 2 ўғли бор.

Мавзуга оид