15:14 / 16.06.2017
22627

Самарқанд шаҳри ҳокими журналистларга шаҳарнинг келгусидаги режалари ҳақида гапириб берди

Бугун Самарқанд шаҳридаги «Матбуот уйи»да ташкиллаштирилган матбуот анжуманида Самарқанд шаҳар ҳокими Вохид Санақулович Раҳимов вилоятдаги оммавий ахборот воситалари ходимлари билан учрашди.

Анжуманни вилоят «Зарафшон» газетаси бош муҳаррири Фармон Тошев кириш сўзи билан очди. Журналист шаҳар ҳокимини вилоят журналистлари билан илк юзма-юз учрашувда кўриб турганидан қутлар экан, йиғилганларга президентимиз Ш.Мирзиеёвнинг яқиндагина вилоятга ташрифи давомида раҳбарлар олдига оммавий ахборот воситалари билан яқин ҳамкорликда ишлаш вазифасини қўйганини ҳам айтиб ўтди. 

Самарқандни улкан мегаполисга айлантириш борасида жуда катта режалар ишлаб чиқилгани ва йиғилганларга ушбу режалар ҳақида шаҳар ҳокими В.Раҳимов битталаб маълумот бериши ҳақида билдирди Ф.Тошев.

Шаҳар ҳокими йиғилган журналистларни яқинлашиб келаётган касб байрамлари ва ҳайит билан қутлаб, ўз чиқишини 3 минг йиллик тарихга эга бўлган, ислом тамаддуни равнақига улкан ҳисса қўшган буюк уламолар ва давлат арбобларининг хоки қўйилган қўҳна шаҳарга хорижда қизиқиш тобора ортиб бораётгани, сайёҳлар оқими кўпаяётгани, Самарқанд билан биродарлашиш истагида бўлган шаҳарлар сони ортаётгани, жумладан, Евпатория ва Урумчи ана шундай шаҳарлар жумласиданлигини айтишдан бошлади.

Воҳид Раҳимов айни пайтда 524 минг нафар аҳоли истиқомат қилаётган шаҳарнинг қурилиш, транспорт ва ижтимоий инфратузилмаларни яхшилаш ва замонавийлаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар ва режалаштирилаётган лойиҳалар ҳақида гапириб берди. 

Шаҳарда айни пайтда 207 та маҳаллада 107 минг хонадон, 1024та кўп қаватли уйларда 44 минг хонадон, 541та кўча мавжуд; 524 минг нафар аҳолининг 60 фоизидан кўпроғини ёшлар ташкил қилади, деди шаҳар ҳокими. Шаҳарда 7 та олий ўқув юрти, 74 та мактаб, 11 та академик лицей, 26 та касб-ҳунар коллежи фаолият кўрсатмоқда. Шаҳарда бу йилги битирувчилар сони 12 минг нафардан ортиқ бўляпти.

Шаҳарда 6 мингдан зиёд хўжалик юритувчи субъект, 5981 нафар якка тартибдаги тадбиркор фаолият юритмоқда. 

Президентимизнинг вилоятимизга ташрифи давомида вилоятда амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳалар тақдимоти ўтказилди. Тақдимотдаги лойиҳаларнинг барчаси амалга оширилиши учун 1 триллион 937 миллиард сўм маблағ талаб этилади, деди ҳоким.

Ушбу маблағларнинг 732 миллиард 359 миллион сўмлик қисми Самарқанд шаҳрида амалга ошириладиган лойиҳаларга йўналтирилади. Умуман, олганда тақдимотда тилга олинган 144 та лойиҳадан 43 таси Самарқанд шаҳри ҳудудида барпо этилади.

Айни пайтда ўша 43 та лойиҳадан 25 тасини ишга тушириш жараёни бошланган. Улар бўйича етакли таклифлар бериб бўлинган, Вазирлар маҳкамасининг қарори ҳам чиққан. 18 таси бўйича эса ишлар жадал давом эттирилмоқда. Ишларни бажариш муддати графигига тўлиқ амал қилинмоқда.

Шаҳар ҳокимлигида ўша 43 та лойиҳа бўйича назорат штаби ташкил этилган, ишчи гуруҳлар ишларнинг боришини назорат қилишмоқда. Шунингдек, жамоатчилик назорати ҳам ўрнатилган, деди В.Раҳимов. 

Шунингдек, ҳоким шаҳар миқёсида тозаликни сақлаш, ободонлаштириш ва аҳолини электр энергияси ҳамда табиий газ билан ҳал этилаётган ва ҳал этилиши керак бўлган муаммою камчиликларга ҳам атрофлича тўхталиб, уларнинг қай тарзда ҳал этилиши мўлжалланаётганига аниқлик киритди, журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.

Ошкора ва дўстона руҳда ўтган ушбу матбуот анжуманида журналистлар томонидан ҳам айрим таклифлар берилди. Шаҳар ҳокими ана шундай матбуот анжумани энди ҳар ойда ўтказилиб турилишини таъкидлаб ўтди.

Шуҳрат Шокиржонов,
Кун.уз мухбири

Таҳририятдан: Самарқанд шаҳар ҳокими В.Раҳимов томонидан матбуот анжуманида тилга олинган режалар, Самарқандда қурилиши ва фойдаланишга топширилиши кутилаётган объектлар ва инфратузилмалар хабарлар лентамизда кейинроқ алоҳида хабар шаклида берилади.

Top