Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Трамп бехабар, Европа эса даҳшатда» — Ғазода Исроил армияси ўлдирган журналистлар ҳақида дунё нима демоқда?
25 август куни Исроил армиясининг Нассер шифохонасига берган зарбаси оқибатида 21 киши, жумладан, халқаро ОАВларнинг 6 нафар ходими ҳалок бўлди. Нетаняҳу жонли эфирда кетган бу ҳолатни «фожиали хато» деб атади. Трамп Ғазодаги вазият «икки-уч ҳафтада яхши бўлишини» айтди. Халқаро ташкилотлар ва Европа лидерлари эса мустақил тергов талаб қилмоқда.
25 август куни Исроил армияси Ғазодаги Нассер шифохонасида ишлаётган фуқаро мудофааси ходимлари ва журналистлар турган жойни нишонга олди. Натижада воқеа жойида камида 19 киши ўлдирилди. Хусусан, Reuters, Al-Jazeera, Accosiated Press ва NBC телеканали ходимлари ҳам воқеа жойида ҳалок бўлди.
Al-Jazeera мухбирининг хабар беришича, Исроил кучлари учирган камикадзе дрон Нассер шифохонасининг томига келиб тушган ва камида бир журналист ўлдирилган. Шундан кейин фуқаро мудофааси жамоалари ва журналистлар юқорига чиқиб, жасадни олиб тушмоқчи бўлаётганда Исроил кучлари яна ўша жойни нишонга олди. Жонли эфирда кетган иккинчи зарба ўша ерда ўнлаб инсонлар ўлимига олиб келди. Reuters, Al-Jazeera ва AP журналистлари ўлдирилганини тасдиқлади.
🚨Civil defense teams were targeted by an Israeli airstrike during a live broadcast on Al-Ghad TV, the attack was the second on Nasser Hospital, killing journalist , Reuters photographer Hossam Al-Masry and others. pic.twitter.com/uy8Dk2PEAq
— Inés El-Hajj|Stories from Palestine 🇵🇸 (@InesElhajj) August 25, 2025
Ғазо медиа идораси баёнотига кўра, ушбу ҳужумдан сўнг Quds Feed Network ва Middle East Eye нашрларида ишлаган бешинчи журналист Аҳмед Абу Азиз ҳам жароҳатларидан вафот этган.
Al-Jazeera'нинг ёзишича, душанба куни Хон Юнусда содир бўлган алоҳида воқеада эса Исроил кучлари фаластинлик журналист ва академик Ҳассан Доуҳанни ҳам ўлдирган. Шу тариқа бир кунда ҳалок бўлган журналистлар сони олти нафарга етди.
«Фожиали хатолик»
Исроил бош вазири Бенжамин Нетаняҳу Ғазодаги Нассер шифохонасида юз берган воқеани «фожиали хатолик» деб атаб, Исроил бундан чуқур афсусда эканини билдирди.
Исроил армияси Нассер шифохонаси ҳудудида зарба берилганини тасдиқлади ва бош штаб раҳбари текширув ўтказишни буюрганини маълум қилди.
«Айбсиз шахсларга зарар етганидан афсусдамиз ва журналистларни атайлаб нишонга олмаймиз», дея қўшимча қилди IDF.

“Исроил илгари ҳам ўзининг уруш жиноятларидан сўнг шунга ўхшаш баёнотлар берган, аммо амалда айбдорларнинг жавобгарликка тортилгани деярли кузатилмаган” – айни шу мазмундаги изоҳлар Исроил бош вазири Х аккаунтида берган баёнот остида тўлиб кетган. Ва бундай фикрларни ўнг минглаб фойдаланувчилар қўллаб-қувватламоқда.
Исроил зарбаси оқибатида 10 август куни Al-Jazeera'нинг таниқли журналисти Анас Аш-Шариф ҳам тўрт ҳамкасби билан бирга ҳалок бўлганди. Исроил армияси Аш-Шарифни нишонга олиб ўлдирганини ва уни Ҳамас аъзоси деб атаган. Аш-Шариф бу айбловларни рад этган.
Халқаро реакциялар
Оқ уйдаги матбуот анжуманида АҚШ президенти Доналд Трампдан у Нетаняҳу билан Ғазо бўйича қандай суҳбатлар қилгани ва очарчилик юзасидан БМТ қўллаб-қувватлаган ҳисоботга қўшиладими, деб сўрашди.
«У ердаги вазият даҳшатли... лекин бу ниҳоясига етмоқда. Менимча, кейинги икки-уч ҳафта ичида сиз жуда яхши... якуний натижага гувоҳ бўласиз. Ва буни айтиш оғир, чунки улар минг йиллардан бери уришиб келмоқда», деди Трамп журналистларга.
Шунингдек, Трампдан Ғазода ўлдирилган журналистлар ҳақида сўралганида, у норозилигини билдирди.
Trump on the Israeli bombing of a hospital in Gaza:
— Clash Report (@clashreport) August 25, 2025
I did not know that. I am not happy about it. I don't want to see it. pic.twitter.com/0oaUXYbbAi
«Қачон содир бўлди бу? «Мен буни билмасдим. Ҳа, бу мени хурсанд қилмайди. Бундай бўлишини истамайман. Шу билан бирга, бу бутун даҳшатли тушни тугатишимиз керак», дея Трампнинг сўзларини келтирмоқда Reuters. Нашрнинг қўшимча қилишича, АҚШ Давлат департаменти Нассер шифохонаси бўйича саволларни Исроил ҳукуматига йўналтирган.
Германия ташқи ишлар вазирлиги душанба куни Нассер шифохонасига қилинган Исроил ҳужуми оқибатида бир нечта журналистлар, қутқарувчилар ва тинч аҳолининг ўлимидан ларзага тушганини билдирди. «Ҳужум тергов қилиниши керак» деб ёзди вазирлик Х'даги постида.
Франция президенти Эммануэл Макрон ушбу ҳолатни «чидаб бўлмас» деб атади.
«Бугун эрталаб Исроилнинг Ғазодаги шифохонага уюштирган янги ҳужумлари кўплаб тинч аҳоли ва журналистларнинг ҳалок бўлишига олиб келди. Бу – мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат: тинч фуқаролар ва журналистлар ҳар доим ҳимоя қилиниши керак. ОАВ можародаги ҳақиқий вазиятни ёритишда ўз миссиясини эркин ва мустақил бажариш имкониятига эга бўлиши лозим. Ҳуманитар ёрдам қайтарилиши шарт. Биз Исроилни халқаро ҳуқуққа риоя этишга чақирамиз», деб ёзган Макрон.
Макрон, шунингдек, Франция Қатарнинг тинчлик саъй-ҳаракатларида яқиндан ҳамкорлик қилаётганини ва сентябр ойида бўлиб ўтадиган БМТнинг 80-Бош ассамблеяси олдидан фаолият олиб бораётганини айтди.
Буюк Британия ташқи ишлар вазири Девид Ламми бу ҳужумдан даҳшатда эканини билдирди.
«Исроилнинг Нассер шифохонасига қилган ҳужумидан даҳшатдаман. Тинч аҳоли, тиббиёт ходимлари ва журналистлар ҳимоя қилиниши керак. Бизга зудлик билан ўт очишни тўхтатиш керак», — дейди у.
Саудия Арабистони ва Қатар ташқи ишлар вазирлиги Исроилнинг ҳаракатларини қоралади. Туркия президентлик коммуникация идораси Исроилнинг Ғазодаги сўнгги зарбаларини «матбуот эркинлигига ҳужум ва яна бир уруш жинояти» деб атади. «Исроил ўзининг тизимли ҳужумлари билан ҳақиқатнинг очилишини тўсиб қўя олади, деб алданмоқда», дейди идора раҳбари Бурҳанеддин Дуран.
Хитой Ғазодаги шифохонага уюштирилган Исроил зарбасини қоралади. «Биз тиббий ходимлар ва журналистлар яна бир бор можарода ҳаётдан айрилганидан даҳшатдамиз ва буни қоралаймиз. Биз қурбонларга таъзия билдираман ва уларнинг оилаларига ҳамдардлик изҳор этамиз», деди Хитой Ташқи ишлар вазирлиги вакили Гуо Жиакун.
Ҳамас ҳаракати эса Исроил ҳужумини «геноцид уруши» доирасидаги ҳаракатларидан бири экани билдирди. Ташкилот – халқаро ҳамжамият ҳамда араб-ислом дунёси раҳбарларини АҚШ ва Исроилнинг бошқа иттифоқчиларига босим ўтказишга чақирди.
Халқаро ташкилотлар нима деди?
БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Нассер шифохонасига қилинган Исроил зарбалари оқибатида фаластинликларнинг ўлимини кескин қоралашини билдириб, тезкор ва холис тергов ўтказишга чақирди.

Бош котиб, шунингдек, «дарҳол ва доимий ўт очишни тўхтатишга, Ғазо бўйлаб гуманитар ёрдамларга тўсиқсиз киришга ва барча гаровдагиларни шартсиз озод қилишга» чақирди.
Журналистларни ҳимоя қилувчи «Чегара билмас мухбирлар» гуруҳи халқаро ҳамжамиятдан кескин жавоб чораларини талаб қилди.
«Шифохонанинг учинчи қавати журналистлар учун иш жойи сифатида маълум эди. Халқаро ҳуқуқ бор. Урушларни ёритаётган журналистларга кафолатлар берилиши керак, аммо бу ерда буларнинг ҳеч бири қўлланмаяпти» деди гуруҳ директори Тибаут Бруттин.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари Тедрос Адханом эса Ғазода одамлар очликка маҳкум этилаётганда, уларнинг шундоқ ҳам чекланган тиббий ёрдам олиш имкониятлари такрорий ҳужумлар билан янада издан чиқаётганини билдирди.
«Журналистларнинг ўлдирилиши Ғазодаги очарчилик ҳақида хабар бераётган сўнгги овозларни жим қилмоқда. Дунёнинг лоқайдлиги ва ҳаракатсизлиги шок ҳолатидадир», деди БМТ Фаластин қочқинлари агентлиги раҳбари Филипп Лазарини.
Маълумот учун, 2023 йилдан буён, Исроил ҳужумлари оқибатида Ғазодаги геноцидни ёритаётган камида 244 нафар ОАВ ходими ҳалок бўлган. Умумий уруш қурбонлари эса 62 минг кишидан ошади.
Мавзуга оид
13:42
Исроил «Евровидение-2026»да қатнашади, қатор давлатлар танловни бойкот қилади
12:51
«Ҳақиқат бўлишига жуда кучли асослар бор» – БМТ бош котиби Ғазодаги уруш жиноятлари ҳақида
16:58 / 04.12.2025
Ғазо вайроналари орасида 54 жуфтлик учун оммавий тўй ўтказилди – фотолар
08:52 / 04.12.2025