Маърифат нидоси: ўқитувчилик хорлик эмас, зорлик эмас, борлик иши-ку!
“Биз киммиз ўзи ўқитувчими ёки?..”
Кун.uz электрон почтасига йўлланган мурожаат ана шундай аламли гап билан бошланади. Яна ўқитувчи масаласи, яна уларнинг ҳашари-ю, ҳужжатбозликлари ҳақида гап кетаркан-да, дегувчилар адашади. Бошида биз ҳам шундай хаёлга борган эдик, аммо мактубда тилга олинган муаммо “янгича” бўлиб чиқди...
“Мен Сурхондарё вилояти Олтинсой туманида яшайман ва мактабда ўқитувчи бўлиб ишлайман. Биз мактабда ёш авлодга қўлимиздан келганча таълим-тарбия бермоқдамиз, аммо ҳозирги кунда бизларга шунақанги ишлар буюрилмоқдаки, очиғи ўқитувчилигимиздан нафратланиб кетяпмиз.
Мен ўқитувчиларнинг ҳашарга чиқиши ёки ҳужжатлар ҳаддан зиёд кўплигини айтмоқчи эмасман, чунки бу масалалар шундоқ ҳам жуда кўп ёзилди. Яқиндан бошлаб бизга туман ҳокимлиги томонидан янги топшириқ берилди. Жорий йилнинг февраль ойида Президентимиз нафақаларни кекса отахон ва онахонларга нақд кўринишида тўлаш ҳақида фармон чиқарган эдилар. Бундан биз ўқитувчилар ҳам фойда кўргандик, яъни пластик картани нақд пулга айлантириш фоизлари 20-25 фоиздан 10 фоизгача пасайганди.
Аммо нимадир бўлди-ю, бизда июнь ойидан бошлаб нафақаларни яна пластик карталарга ўтказиш бошланди. Буниси майлику-я, туман ҳокимияти мутасаддилари нафақа оладиган отахон ва онахонлар ёнига ўқитувчиларни юбормоқда. Янада соддароқ тушунтирадиган бўлсак, ҳар бир ўқитувчи камида биттадан нафақа олувчини пластик картага "ўтказиши" мажбур эмиш. “Ўз ихтиёри билан ўтганлик ҳақида ариза олиб келмасаларинг, таътилга чиқармаймиз, ишдан ҳайдаймиз”, деган сиёсат қўлланмоқда.
Энди ўйлаб кўринг, биз қандай қилиб бу ишни амалга оширамиз? Бордик, аммо нафақа олувчилар юзимизга қараб “Сен Юртбошимизнинг фармонига қаршимисан?”, деб айтдилар. Бу аслида ўқитувчига юкланадиган ишми? Ахир бизнинг бугунги ҳолатимизни ёш авлод ўз кўзи билан кўриб турибди-ку. Шундан кейин ҳам улар қандай қилиб ўқишга қизиқиши мумкин. Оқибати нима бўлади? Ўзи шундоқ ҳам икки ойда бир маротаба маош олмоқдамиз, бу маош ҳам турли хил янги солиқ турлари билан анча камайиб кетди. Масалан, биз қишлоқда яшаймиз, яқинда бизга сув ва чиқинди солиғи қўшилди. Ахир бизда тоза ичимлик суви ёки чиқинди тўкадиган махсус жойлар йўқ-ку. Хизмати кўрсатилмайдиган бу кабиларга қандай қилиб солиқ тўлаш мумкин? Ҳалигача май ойининг маошини олганимиз йўқ.
Мана энди нафақа муаммосини эшитган олғирлар дарров пластик картани 15 фоизга нақдлаштиришни бошлашди. Мактабни ҳозирда “бекорчи одамлар”нинг ҳаммаси текширгани келмоқда. Ҳатто қишлоқ нозирлари ҳам ўқитувчиларнинг конспектларини титкилашмоқда. Ўзи оладиган маошнинг тайини йўғу, текширишда бирор камчилик чиқса, ҳокимиятга 30 фоиз жарима тўлайсиз. Нақадар кулгили!
Оддий бир ўқитувчидан 21 хил ёзма ҳужжат талаб қилинади. Бу ҳужжатбозликларни оптималлаштирса бўлади. Бемалол бўлади. Ўша 21 дона ҳужжатни асосий 5-6тасини қолдириб, тежалган вақт ҳисобидан дарсни таҳлил қилиш ёки ўқувчиларни мониторинг тестдан тез-тез ўтказиш мумкин.
Биз узоқ уйлаб шундай хулосага келдик. Фикримизча, таълим тизимини бутунлай ислоҳ қилиш керак, бу тизимни туман ва вилоят ҳокимлигидан бутунлай ажратиб, алоҳида марказга бўйсунувчи тизимга ўтказиш лозим ва ўқитувчилардан фақат ўз ишини талаб қилиш керак. Ана шунда ёш авлоднинг таълим-тарбияси янада тезроқ ривожланади ва ишсизлик даражаси пасаяди.
Мурожаат эгаси кескин танқидларини ва эркин фикрларини давом эттирар экан, шундай қўшимча қилади:
“Мен ҳозирда ўқитувчиларга юклатилаётган ишларнинг ярмини ҳам айтганим йўқ. Мақсадим кимгадир ёки бирор қарорга қаршилик қилиш эмас, шунчаки ўқитувчидан ўз иши сўралсин дейман. Бу ҳолат давом этадиган бўлса, ўқитувчиларнинг ўз касбидан кўнгли совуши, талантли ўқитувчилар ишини ташлаб кетиши, бу эса келажакда бутун жамият ривожига ёмон таъсир қилиши мумкин”.
Инсон томонидан айтилаётган ҳар бир фикр жамият учун ўз қийматига эга. Фақат уни тўғри баҳолай олмоқ керак. Ҳукумат томонидан олиб борилаётган ислоҳот эса ана шу инсонлар яшайдиган жамият фаровонлиги учун. Буни тўғри англаб, эркин фикрлар билан уйғунлаштирмоқ керак.
XIX аср охири XX аср бошларида яшаб ижод қилган ўзбек миллий маърифатпарвар шоири, драматург, журналист, олим, давлат ва жамоат арбоби Абдулла Авлоний интизомни инсон характерини тарбияловчи, мукаммаллаштирувчи манба деб билган ва унга доим, қатъий риоя қилиш кераклигини таъкидлайди: «Интизом деб қиладурган ибодатларимизни, ишларимизни ҳар бирини ўз вақтида тартиби ила қилмоқни айтилур. Агар ер юзида интизом бўлмаса эди, инсонлар бир дақиқа яшолмас эдилар...
..ҳар бир миллатнинг тараққий ва таолийси ишларини вақтида, низомдан чиқармай тартиби ила юритмакға боғлидур... Чунки тартиб ва низомни риоя қилмаган кишиларнинг ишлари ҳамма вақт нотамом, ўзлари паришон бўлурлар. Аммо ишларини тартиб узра юритган кишиларнинг ишлари ерида, ўзлари тинч ва роҳатда ўткарурлар».
Мавзуга оид
16:37 / 20.09.2024
Ҳукумат “маърифий фаолият”ни тартибга солмоқчи
23:14 / 19.06.2024
Президент ҳузурида диний-маърифий йўналишдаги масалалар кўриб чиқилди
15:27 / 19.07.2023
Ўқитувчилар малакасини оширувчи институтда миллиардлаб пуллар “еб кетилгани” айтилмоқда
17:57 / 09.12.2022