10 ёшга тўлган iPhone ҳақида ҳақиқий тарих
2007 йилнинг 29 июнида Apple смартфони илк бор сотувга чиққанида, жаҳон бўйлаб «букланадиган» телефонлар ва митти клавиатурали Blackberry смартфонлари етакчи эди. Мусиқа iPod орқали эшитилар, тақвим ва ёзув дафтарчаси сифатида Palm Pilot ишлатилар, суратлар Kodak сингари митти камераларда тушириларди. Бу жиҳозларнинг барчасини чўнтакка жо бўлувчи параллелепипедга сиғдириш ақл бовар қилмас ғоядек эди — боз устига, бу матоҳ клавиатурадан ҳам жудо эди! 10 йил ўтгач, дунёни ўзгартирган гаджет қандай пайдо бўлгани тафсилотлари эълон қилинди. Қуйида биринчи iPhone’нинг яратилиш тарихи ҳақида ҳикоя қилинади.
Илк iPhone нега яратилди?
Apple’нинг собиқ ижрочи директори Скотт Форсталл яқинда компьютер тарихи музейида бўлиб ўтган суҳбат чоғида шундай деган: «Ҳаммасига сабаб — Стив Microsoft’даги ўша йигитни жинидан ҳам бадтар ёмон кўриши бўлган».
Microsoft ходими Лоурен Пауэлл Жобснинг яқин дугонасига уйланган эди, улар турли кечалар ва тадбирларда тез-тез кўришиб туришарди. Ана шундай кечаларнинг бирида у Microsoft ноқулай ноутбукларни стилус (ручка)ли планшетларга алмаштириш устида иш олиб бораётганини айтади.
Форсталлнинг айтишича: «У оёқларини кериб туриб олиб, очиқчасига мақтанаётганди, гўёки стилус ва планшетлари билан дунёга ҳукмронлик қилмоқчи бўлаётгандек». Душанба куни Стив ишга келади ва узоқ сўкинади, сўнгра дейди: «Келинглар, биз уларга қандай қилишни кўрсатиб қўямиз!».
Жобс стилусни ортиқча даҳмаза, инсон ўзининг бармоғидан фойдаланиши янада қулайроқ, деб ҳисобларди. Хуллас, қурилма учун сенсор экаранининг сиғимли технологияси танлаб олинди.
Жобс телефон ўлчамига тенг сенсор яратмоқчи эди, шу сабабли Apple инженерлари сенсор экранли ён дафтарча прототипини яратишдан ишни бошлашди.
Форсталл шундай эслайди: «Бу прототипни кўрган барча телефон айнан шундай бўлиши кераклиги ва бу қоқ пешонасидан уриш эканлигини дарҳол англарди. Стив ҳам буни кўргач, деди: «Яхши, планшет устида ишни тўхтатиб турамиз, телефон ясаймиз».
Стив Жобс билан бирга ишлаш қандай эди?
Форсталл шундай дейди: «Мен ҳеч қачон унингдек кучли инсонни учратмаганман. Биласизми, мен бир неча давлатларнинг раҳбарлари билан учрашганман, ўз тажрибамдан келиб чиқиб айтишим мумкин: қандайдир президент билан тушлик қилиш, Стив билан иккинчи тушлик олдида ҳордиқ чиқариш дегани. Ундан мисли кўрилмаган энтузиазм балқиб турарди ва шу вақтнинг ўзида ўта талабчан эди. У барчани сўнгги нафасигача ишлашга мажбурларди».
Жобс ходимларни бақириб уришиб бериши, ҳаттоки болахонадор қилиб сўкиши билан танилган эди, бироқ унинг сукутидан қўрқинчли нарса йўқ эди».
Apple’нинг собиқ катта инженери Энди Гриньон CNN Tech’га берган интервьюсида шундай дейди: «Шундай ҳоллар бўлардики, қўлларини пахса қилиб бақириб ётган Стив кутилмаганда жимиб қоларди. Офисда чайқалувчи креслолар бўларди ва Тим Кук иккиси бирига ҳамоҳанг тарзда жимгина чайқалиб ўтиришарди. Бу жуда ғалати кўринарди».
У яна қўшимча қилади: «Баъзида бу ҳол қўрқитарди. У шунчаки жимиб, нигоҳлари ўйчан бўлиб қоларди ва биз тушунардикки, вазият жуда қалтис».
Жобс ва Гриньоннинг ўртасидаги муносабатлар таранг эди ва кунларнинг бирида Жобс уни fu**chop деб атайди. Мактаб ўқувчиларига хос бу сўз — ўзига бино қўйган, тишлари қийшиқ мактаб ўқитувчисини англатарди. Бироқ Гриньон ўзининг собиқ раҳбарининг бундай ёндашуви самарали бўлганини тан олади:
«Бу жуда ғалати бўлди. Биламан, ҳақоратлар кетма-кетлигига қандай чидаш мумкинлигига кўпчилик тушунмайди, бироқ охирида у сизни бир оғиз сўз билан мақтаб қўйса бас — кечгача бахтдан еттинчи осмонда бўласиз».
Энди Гриньоннинг ҳаттоки Стив Жобс унга қўйган лақаби туширилган ташриф қоғозлари ҳам бор эди.
Форсталлнинг сўзларига кўра, Жобснинг бошқа бир томони ҳам бор эди: «У инсонлар ҳақида жуда қайғурар, дўстлари ва қариндошларига ёрдам қўлини чўзишга доим тайёр эди.
Форсталлнинг айтишича, ҳаттоки Жобс унинг ҳаётини ҳам сақлаб қолган. У жуда камёб вирусга чалиниб, касалхонага тушади ва бир неча ой давомида даволанади. 14 килограмм вазн йўқотади ва врачлар қандай даволашни билишмаётганди, шундай тунларнинг бирида Жобс ўзининг таниши — нина билан даволовчи врачни Стэнфорд касалхонасига олиб боради. У эрталабгача ишлаб чиқади ва Форсталл тузалиш йўлига ўтади.
У шундай дейди: «Мен ҳаёт билан видолашишга ҳам улгурган эдим, Стив ўша табибни олиб келди ва мени қутқарди. Мен бир умр ундан миннатдорман».
Катта сир
iPhone дебюти Macworld конференциясида 2007 йилда ўтказилади, бунгача эса Купертинодаги Apple бош қароргоҳида махфий лойиҳа бўлиб ўтади. Телефон устидаги ишлар расман 2004 йил сўнгида бошланган ва юзлаб ходимлар компания учун мисли кўрилмаган махфийлик шароитида иш олиб боришади — офисларнинг бир қисми ҳаттоки қайтадан режалаштирилади.
Apple жамоаси иш олиб бораётган қават видеокузатув остида эди ва у ерга кириш махсус рухсатномалар орқали амалга ошириларди. У «Бинафшаранг ётоқ» деб аталарди, унинг деворларига эса 2012 йил Форсалл суд жараёнида айтиб ўтганидек, «Жангарилар клуби» китобидан ушбу иқтибослар битилганди: «Бинафшаранг» лойиҳанинг биринчи қоидаси шуки, бу ерда кўрган нарсаларингизни эшикдан ташқарида тилга олмайсиз».
Компания ишини кўп йиллар давомида ёритган журналист Фред Фогельштейн Apple ва Google’нинг смартфонлар оламида етакчиликни қўлга олиш учун пойгаси ҳақида китоб ёзади. Унинг айтишича, Жобс янги телефон ҳақидаги маълумотлар сизиб кетишининг олдини олишни ўта муҳим деб ҳисоблаган.
Унинг ҳикоя қилишича: «Сиз душанба куни ишга келганингизда ҳамма нарса ўзгарганига гувоҳ бўлишингиз мумкин. Дам олиш кунларида ишчилар офис режалаштирилишини ўзгартиришган, сизга эса ҳеч ким ҳеч нарса демаган бўларди».
Ходимлар ҳамкасблари ва ҳаттоки оила аъзоларига ҳам нима устида иш олиб боришаётганини айта олишмасди. Қайта-қайта ишланмалар, мураккаб шароитдаги меҳнат ходимларнинг асабига таъсир ўтказа бошлаган. Кунларнинг бирида фарзандларини ким энг узоқ кўрмагани устида баҳс бошлангач, менежерлардан бири жаҳл билан эшикни шундай ёпиб чиқиб кетадики, унинг қулфи бузилиб қолади. Уста чақиришнинг имкони бўлмайди ва Форстал, Гриньон ва бошқалар навбати билан эшикни пўлатдан тайёрланган бейсбол таёғи билан уриб синдиришга ҳаракат қилишади.
Гриньон шундай эслайди: «Ҳа, мана шу воқеа ўшанда нималарни ҳис қилганимизни яхшигина тасвирлаб бера олса керак. Болаларини узоқ вақтдан бери кўрмаган, турли бўлимлардан келган инсонлар таёқ билан эшикка чунонам зарба беришардики... Тасаввур қиляпсизми?»
Боши берк кўчага элтувчи ғоялар
Бир неча муваффақиятсиз прототиплари яратилмаганида бугун биз билган iPhone дунё юзини кўрмаган бўлармиди?
«iPod чамбарагини эслайсизми? Ўқиш, пауза, кейинги қўшиқ, олдинги қўшиққа ўтказувчи қурилма. «Энди эса рақам ва ҳарфлардан иборат шундай чамбаракни тасаввур қилинг — матнли хабарларни ҳам дискли телефонни айлантиргандек териш керак эди. Бу ниҳоятда расво эди, чиндан ҳам бўлмағур иш эди, лекин у бизнинг дастлабки уринишимиз бўлган».
Apple’нинг собиқ катта вице-президенти Тони Фаделлнинг сўзларига кўра, SIM-карта учун бўлмадан ҳам имкон қадар қутилишга ҳаракат қилишган. Дастлабки намуналарда шиша ўрнига экранлар пластик қопламали бўлган. Экран сиртидаги рамка борасида ҳам тортишувлар бўлиб ўтган, жамоалардан бири эса операцион тизимини Mac OS X эмас, Linux асосида яратишни таклиф этган.
iPhone’да клавиатуранинг йўқлиги Apple нинг энг зиддиятли, алал-оқибатда эса муваффақиятли ечимларидан бири бўлган. Гриньоннинг эслашича, қайси бир даврда жамоа юпқа мембранали, босиш лозим бўлган квадратсимон клавишларни ҳам синовдан ўтказган.
Фаделл шундай дейди: «Клавиатура аппаратли ёки дастурий бўлиши керакми? Бу энг муҳим қарор бўлган. Албатта, дастурий клавиатура аппаратлилиги билан баҳслаша олмасди, лекин унда яна бир неча афзалликлар бор эди».
Муваффақиятсизликка яқин
Уч йил ичида лойиҳа бир неча бор боши берк кўчага кириб қолган. Гриньон шундай эслайди: «Бу қўрқинчли туш эди. Ҳалокат! Бир неча бор биз шунчаки ишлайдиган маҳсулот ярата олмаганмиз».
Натижада iPhone мутлақо янги қурилма сифатида намоён бўлган —процессоридан тортиб, операцион тизимига қадар. Киритиш усули ҳам янги бўлган, шу сабабли барча иловаларни ҳам нолдан бошлаб ясашган.
Гриньон шундай дейди: «Менга бу ишни уддалаганимиз ҳанузгача мўъжиза бўлиб туюлади. Чунки бир неча бор пайдо бўлган муаммони қандай ҳал қилишни билмай бошимизни чангаллаб қолганмиз, чунки ҳеч кимда керакли тажриба бўлмаган, Apple’да эса аҳмоқлар ишламасди».
Муаммолар фақат техник эмасди. iPhone 4 бардан топиб олинган машҳур воқеадан олдин, Фаделл Германияга учаётган самолёт бортида илк iPhone прототипини йўқотиб қўяди. У изланаётган қурилма аслида нима эканлигини айтмасдан, одамлардан ёрдам сўрайди:
«Қора, тўртбурчак нарса. Бир томони шишали, орқаси пластик. Ўйин қартаси колодасидан сал каттароқ. Илтимос, уни топишда ёрдам беринглар, менга жуда зарур».
Ниҳоят, телефон ўриндиқ ёстиқчалари орасидан топилади.
Сўнгра саҳнада тақдимот ўтказилади, унда ҳам вазият исталган дақиқада издан чиқиб кетиши мумкинлигидан, жамоа захирада бир нечта тайёр телефонларни қўлларида ушлаб туришган, бироқ ҳаммаси хамирдан қил суғургандек ўтади ва шу дақиқадан бошлаб iPhone ҳақида бутун дунё билиб олади.
Гриньон шундай дейди: «Бу менинг энг ёмон профессионал тажрибам бўлган, бир вақтнинг ўзида у энг яхшиси ва эҳтимол, мен эришган энг юксак натижа ҳам бўлса керак».