Жамият | 23:56 / 30.06.2017
8588
4 дақиқада ўқилади

Россиялик олимлар илк марта кибернетик тўрпардани инсон кўзига кўчириб ўтказишди

Фото: Second Sight

Бугун Россия федерал тиббиёт ва биология агентлигининг оториноларингология илмий-клиник маркази олимлари ва тиббиётчилари Россия тарихида илк марта туғма тўлиқ кўр инсоннинг кўзига кибернетик тўрпардани кўчириб ўтказиш борасидаги жарроҳлик амалётини  ўтказишди, бу энди беморга бир ойдан кейин ёруғ дунёни кўриш имкониятини беради, деб хабар бермоқда РИА Новости мухбири воқеа жойидан.

«Бу операция биринчиси бўлди, яқин орада яна битта ана шундай ўтказишни амалга оширамиз. Биз ҳозир иккинчи имплантация учун бемор танламоқдамиз ва бу кўп босқичли, мураккаб танлов жараёни бўлиб, камида бир ой вақтни талаб қилади», — деди ушбу операциялар ўтказилишини қўллаб-қувватловчи «Санъат, фан ва спорт» жамғармаси вакили Игорь Тихомиров.

Ушбу операция сўнгги йилларда олимлар томонидан яратилган Argus II «бионик кўзи» — кибернетик кўришнинг энг замонавий ва истиқболли тизимларидан биридан фойдаланилди. У ўтган ўн йилликнинг яримларида Second Sight компаниясида яратилган бўлиб, илк марта оммага 2009 йилда намойиш этилганди. Ўшанда кўзлари ожиз кўнгилли британияликлардан бири уни кўзларига ўрнатиб, кўриш қаобилиятига қисман эга бўлган эди.

У уч таркибий қисмдан — олтмиштача электроддан иборат кибер тўрпарда, камералар интеграция қилинган махсус қуёш кўзойнаклари ва сигналларни мия учун тушунарли кўринишга келтириб берувчи махсус чўнтак компьютеридан ташкил топган. Жорий ҳолатда Argus II кўзи ожиз кишиларга оқ ва қора чизиқларни, йирик ҳарфлар ва сўзларни фарқлай олиш имкониятини беради. Second Sight’нинг жорий ҳисоб-китобларига кўра, битта шундай тизим 140 минг долларга тенг.

2012 йилда Second Sight мутахассислари ва Филадельфиядаги Томас Жефферсон университетидан Аллена Ҳо раҳбарлигидаги бир қатор мустақил офтальмологлар ва нейрофизиологлар Argus II’нинг кенг миқёсли клиник синовларини ўтказишган ва унда АҚШ ва Европадан 30 нафар кўнгилли иштирок этган. Бу синовлар 2015 йилда муваффақиятли якунланган ва айни дамда Argus II’дан клиник амалиётда кенг фойдаланилмоқда. 

Россиялик врачлар бугун бундай кибернетик тўрпардани иплантация қилиш устида илк марта операция олиб боришди ва уни челябинсклик 59 ёшли, кўриш қобилиятини тўлиқ йўқотган беморнинг асаб тизимига улашди.

Тихомировнинг айтишича, ушбу операция Second Sight мутахассислари иштирокида ўтказилган, жумладан, Массачусетс университетидан Argus II’ни кўчириб ўтказиш бўйича илк операцияни амалга оширган жарроҳ ҳам таклиф этилган. Операция 4,5 соат давом этади ва 8 нафар врач — икки жарроҳ, офтальмолог, анестезиолог, икки ҳамшира, захира жарроҳи ва бир инженерни талаб этади. Операцияга профессор Христо Периклович Тахчиди раҳбарлик қилган.

Олимларнинг қайд этишича, операциядан сўнг беморнинг кўриш қобилияти дарҳол тикланмайди — кейинги ҳафталар мобайнида врачлар кўзнинг тузалишини назорат қилишади ва тўрпарда қандай битиб кетишини назорат қилишади. Агар бу жараёнлар муваффақиятли якунланса, беморнинг «киберкўзи» икки-уч ҳафтадан сўнг ишга туширилади. 

Операциянинг муваффақиятли якунланиши ортидан тўрпарда дардига чалиниб кўриш қобилиятини йўқотган 50 минг россияликда кўриш қобилия тикланиши борасида умид уйғотибгина қолмасдан, Argus II ва у каби имплантларни ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириб, таннархини арзонлаштиришга олиб келади. 

Мавзуга оид