Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 30 июнь куни бўлиб ўтган “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг IV қурултойида ташкилот фаолиятидаги камчиликларга тўхталиб ўтди.
"Маълумотларга кўра, ҳозирги вақтда “Камолот”нинг 4 миллионга яқин аъзоси бор. Бу мамлакатимиздаги 10 миллиондан зиёд йигит-қизларнинг 40 фоизини ташкил этади.
Бир қарашда, 4 миллион – салмоқли рақам бўлиб кўринади. Лекин холисона айтганда, ташкилотга аъзолик кўп ҳолларда фақат қоғозда мавжуд, амалда эса аксарият аъзолар “Камолот” тўғрисида аниқ тасаввурга эга эмас, унинг мақсад ва вазифаларини билмайди, ўз етакчиларини танимайди, Ҳаракат фаолиятида иштирок этмайди.
Натижада юртимиздаги минглаб ёшлар, айниқса, қишлоқ жойларда нафақат “Камолот”нинг, айни вақтда давлат ва жамиятнинг эътиборидан четда қолмоқда. Улар билан ҳеч ким деярли шуғулланмаяпти, улар ўз ҳолига ташлаб қўйилган, десак, аччиқ ҳақиқатни тан олган бўламиз.
Бунинг оқибатида уюшмаган, яъни, ишламайдиган, ўқимайдиган, тайин бир машғулотга эга бўлмаган, салбий таъсирларга берилувчи ёшлар сони ортиб бормоқда.
Ёшлар ўртасида жиноят содир этиш, диний экстремистик оқимларга, террорчи гуруҳларга қўшилиб қолиш ҳолатлари кўпайиб бораётгани кузатилмоқда.
2016 йилда ёшлар иштирокида 1 миллион 740 мингга яқин ҳуқуқбузарлик, 23 минг 440 та жиноят содир этилгани, ёш оилалар ўртасида 8 мингдан ортиқ ажралиш ҳолати қайд этилгани барчамизни жиддий ташвишга солиши керак.
Албатта, бу борада ҳамма айбни фақат “Камолот”га юклаб қўйиш адолатдан эмас. Бу масалада маҳаллий ҳокимликлар, ички ишлар бўлимлари, прокуратура, суд, маҳалла идораларининг ҳам айби бор.
Айни вақтда бу масалада ёшлар билан доимо ҳамнафас, ҳамфикр бўлиб яшаши, ишлаши керак бўлган “Камолот” ва унинг жойлардаги бўлинмаларининг масъулияти кўпроқ, десак, тўғри бўлади.
“Камолот” фаолиятидаги бундай камчиликларнинг албатта объектив ва субъектив сабаблари бор.
Объектив сабаблар шундан иборатки, биз ўз вақтида “Камолот”ни жамоат ташкилоти сифатида тузиб, лекин ундан катта бир вазирлик вазифасини талаб қила бошладик. Унга жуда кенг, улкан вазифаларни топширдиг-у, аммо уларни бажариш учун зарур ҳуқуқий ва амалий ваколатлар, тегишли имконият ва имтиёзлар яратиб бериш ҳақида, афсуски, етарлича бош қотирмадик.
Оқибатда “Камолот” ёшлар ҳаёти билан боғлиқ ҳамма нарсага жавоб берадиган ва айни пайтда ҳеч нарсага жавоб бермайдиган, мўрт ва заиф бир тузилмага айланиб қолганини бугун қанчалик оғир бўлмасин, эътироф этишимиз керак.















