Ўзбекистон | 20:40 / 04.07.2017
167794
7 дақиқада ўқилади

«Мен бой эмасман» — Анвар қори ўзига қилинган ҳужумлар ҳақида

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Анвар қори Турсунов Халқаро пресс-клубнинг Мажбурий ижро бюроси фаолиятига бағишланган анжуманида иштирок этгач, ижтимоий тармоқларда муҳокама мавзусига айланди. Ижтимоий тармоқдаги гуруҳларда қорининг қўлидаги соатига эътибор қаратилган, у нархи 20 минг доллардан ортиқ бўлган Ulysse Nardin русумли соат таққани айтилганди.

«Кун.uz» сайти ушбу вазият юзасидан муносабатини сўраб, Анвар қори билан суҳбат уюштирди.

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўзи ҳақида тарқалган гап-сўзлардан хабардор эканини, бу ҳақда ўқиганини айтди.

«Аввало бир нарсани яхши тушунишимиз керак. Ислом динида бой бўлиш яхшилиги айтилади. Бойлик ҳалол бўлса, Аллоҳ хоҳлаган бандасига беради. Фақат ҳалол бўлиш керак, покиза бўлиш керак. Бой бўлиш яхши.

Имом Аъзам жуда бадавлат бўлган, энг қиммат кийимларни кийган. Жуда ўзларига қараб юрганлар. Чунки, пайғамбаримиз айтган: «Аллоҳ гўзалдир, гўзалликни яхши кўради». Имомлар, зиёлилар чиройли кийимларни кийишган. Бир нарсани айтиш керак, бойлик қораланмайди. Бой одам ёмон одам дегани эмас.

Яна бир нарсани айтаман - мен бой эмасман. Буни кўпчилик билади. Беш фарзандим бор, набираларим бор, ўзгадан қарзим йўқ, ўзимга тўқ яшайман», дея гап бошлаган имом.

У ўзи ҳақида гумон қилиб, гап-сўз қилганлар, аввал маълумотни текшириб, кейин эълон қилиши керак бўлгани, ўзидан сўраш керак бўлганини таъкидлаган.

«Кеча ҳам айтдим, яна қайтараман. Худди мана шу хонада, Ҳайитдан икки кун олдин соатимни бураётган эдим, бурайдиган жойи «чиқ» этиб чиқиб, бузилиб қолди. Бу ерда бир яхши укамиз турган эди, «Қори ака, менга беринг, тузатиб оламан, табаррук», деб сўради. У кейинги куни бошқа янги соат олиб келиб «Сизга ҳайитлик», деб берди. Бизнинг ишимизда соат жуда керак. Ёшим 59да, кўзлари каттагина экан, деб тақиб олдим.

Кейинги кунларда шу гап-сўзлар чиқди. Мен ўша йигит билан гаплашдим, соат неча пул туришини сўрадим. «Мен буни Амирликка борганимда 200 ёки 250 долларга олганман. Соатларим кўп, биттасини сизга ҳадя қилиб олиб келгандим. Бу унақа қиммат нарсамас», деб, изоҳини берди.

Мен хафа бўлдим, улар эса мендан сўрамасдан, суриштирмасдан, шундай гапларни ёзишди. Улар имомлар шундай қиммат соат тақади демоқда. Биринчидан, бу туҳмат. Иккинчидан, мен олтин соат тақмайман. Пайғамбар (с.а.в.) эркакларга олтин соат тақишни тақиқлаган. Бу оддий соат, янги бўлгани учун, ялтираб тургани учун қимматбаҳо кўринган. 

Уларнинг мақсади бошқа. Улар Ўзбекистондаги имомларни қора қилиб кўрсатиб, «Мана, улар бойликка берилган», деб ҳурматсиз қилишмоқчи. Бу орқали одамларни бизнинг гапимизга юрмайдиган, ўзларининг оқимларига чақириш учун қилинган иш. Менга кўпчилик айтди, бу ерда фитна борлигини. Бошқа иложини қила олишмасдан, шундай иш тутишган. Бундан аввал ҳам шунга уринишганди. Ўшанда, 5-6 йил олдин «Шаҳарнинг бош имоми ҳамиша оқ чопонда чиқади. Ҳар куни янги кийим киядими?», дейишганди. Йўқ, бир нечта бор, менинг келинларим бор, ҳар куни ювиб, дазмоллаб беришади. Шуниям гапириш мумкинми? Чопонни, соатни, дўппини. Бу жудаям майдаликку? Тирноқ остидан кир қидириш.

Биз ёшларни тўғри йўлга бошлаётганимиз уларга ёқмайди. Мана шунинг учун, қандай қилиб бўлса ҳам бизни ёмонотлиқ қилишга уринишади. 2009 йилда менга террорчилар суиқасд ҳам қилишганди. Мени йўқотиб, мақсадларига эришмоқчи бўлишганди. Чунки, уларнинг оқимлари хатолигини айтиб беряпмиз ва уларга халақит қиляпмиз.

Ундайларга ғийбатчи, фосиқ дейилади. Чунки, улар кўрсатган суратдаги соат бошқа, қўлимдаги соат бутунлай бошқа.

Мен унақа нарсаларни билмайман, қизиқмайман. Фахрланадиганим китобларим, мен шуни бойлик деб биламан. Машиналарниям фарқига бормайман, ўзим машина ҳайдамаганман, ўғлим битта машина олиб берган, эски Captiva. Отам қурган уйда тураман, 3,5 сотихлик ҳовлида, ота-онам билан. Борганлар ҳайрон бўлишади, мени саройда туради деб ўйлашса керак.

Бунақа бачкана ишлар, имомларнинг ортидан бунақа қилишлар - ғараз, ёмон ғараз. Енгимни ичига қараб, у ердан соатни топиб, компьютерда ўхшатишибди. Булар ҳаммаси шайтоний васваса деб биламан. Мусулмонликни даъво қилишса, тавба қилишсин», деган Анвар қори.

Суҳбатдош Ўзбекистондаги имомлар қувватли бўлгани, ёшларни тўғри йўлга бошлашаётгани учун чидай олмасдан шундай хуружлар қилинаётганига урғу қаратади. У ижтимоий тармоқда ўзини ҳимоя қилганларга миннатдорчилик билдирган.

«Мен ўзим интернетга кирмайман, ўғлим ўқиб берди. Ёшларимиздан жуда миннатдорман, жавоблар қайтаришган.

Имомлар бой бўлса, бу жуда яхши, одамларга ёрдам қилишади. Бодомзор масжиди имоми Ҳайит байрамида 200га яқин ногиронга аравачалар тарқатди. Бундан ташқари ногиронларга, кам таъминланган оилаларга ёрдамлар бериб келинади. Буларни билмасдан туҳмат гаплар қилишмоқда. Бундай гапларни исботлаб бериш керак. Исботсиз гапларни тарқатиш - гуноҳ. Гуноҳ нималигини билган одам бундай қилмайди. Демак, улар гуноҳни тушунмайдиган, фосиқ, чеккаларга бекиниб олган, ватанимиз тараққиётига қарши кишилар тарқатишмоқда», дейди имом.

У бундай гап-сўзларга эътибор беришни истамагани, аммо фитнанинг олдини олиш учун жавоб қайтараётганини айтиб ўтган.

«Имомларимизнинг яхши ишларини ёритиш ўрнига, қайси имом қандай уйда яшаши, қанақа соат тақишини ёзишади. Бу қандай бачкана ишлар?

Нимадан фойдаланиш ҳар кимнинг шахсий иши, шахсий ҳуқуқи. Уларга жавоб бермасликкаям ҳуқуқим бор. Фитна бўлмаслиги учун гапиряпман. Ҳаром йўлга юрмайман, ҳаром даромад қилмайман, алҳамдилуллоҳ. Тилим қисиқ жойим йўқ.

Уламолар бой бўлишга ҳаққи бор, ўзига тўқ бўлишга ҳаққи бор. Темирдан бўлган соат ҳақида текширмасдан шундай дейишга нима ҳаққи бор уларнинг.

Агар бу шундай бўлганида ҳам (қимматбаҳо соат бўлганида ҳам), айблашга ҳаққи йўқ. Ҳаромдан топилмаган бўлса, буюрсин.

Мен зийнатларга қизиқадиган одам эмасман. Оддий яшайман», дея таъкидлаган Анвар қори Турсунов.

Мавзуга оид