Жамият | 17:03 / 05.07.2017
10144
5 дақиқада ўқилади

Самарқандда жорий йилда ажралиш учун ариза берган 1287 оиланинг 1104 таси яраштирилди

Ўзи хорижда туриб, ишончли вакили орқали хотини билан ажрашаётган йигитлар ҳақида эшитар экансиз, уларнинг оила ҳақидаги тасаввурлари бунчалик заиф бўлмаса, деб ёқа ушлайсиз. Сарпо-суруқлар туфайли келини-ю, набирасидан осонгина воз кечган қайнона тарбиялаган фарзанд қанчалик мўрт бўлишини ўйлаб куюнади, киши... Янги, муқим оиласидагилар ҳурматини жойига қўя олмаган келинчакнинг аюҳаннос солиб, судьялар билан тортишганини кўриб, ким ҳақу ким ноҳақ, муаммонинг илдизи қаерда ўзи, дея бош чангаллайсиз...

Самарқанд вилоят хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан оилавий ажралишлар сони ортган ҳудудларда ўтказилаётган семинарлар айнан шу муаммоларнинг илдизини ўрганиш, уларни бартараф этиш масалаларига бағишланмоқда, деб ёзади «Оила ва жамият» газетаси.

Биринчи семинар шу йилнинг ўзида 60 дан зиёд оилавий ажралишлар содир бўлган Булунғур туманида ўтди. Хусусан, ушбу тумандаги Дўстлик, Амир Темур маҳаллаларида бу ҳолатлар қарийб икки бараварга ортган. Семинар ишида вилоят ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси М.Ғафурова, фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди раиси М.Тожибоев, «Маҳалла» хайрия жамаот фонди вилоят бошқаруви раиси М.Бобоёров оиладаги муҳитга салбий таъсир кўрсатаётган омилларни шарҳлаб, унинг олдини олишда фаоллар олдида турган вазифалар ҳақида сўз юритди.

Тумандаги маҳаллаларнинг яраштириш комиссияси аъзолари, диний-маърифат ва маънавий ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар, фаоллар иштирок этган анжуманда салбий ҳолатларни яхшилаш бўйича таклифлар ўртага ташланди. Муаммолар ечимини топиш юзасидан баҳс-мунозаралар бўлди. Табиийки, аввало, туманда оилавий ажралишларнинг кескин ошиб кетиши сабаблари ўрганилди.

— Жорий йилда оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш ишлари ҳар бир оиладаги реал аҳволни чуқур билиш имконини берди, — дейди туман ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Ш.Пардаева. — Бунинг натижасида суд орқали ажрашмай, бир неча йиллаб алоҳида яшаётган оилалар мавжудлиги аниқланди. Оқибатда иккинчи марта уйланган йигитлар фарзандлари учун тегишли ҳужжатларни расмийлаштира олмаган. Бундай оилаларга ҳуқуқий ёрдам берилди: яъни, ажримлар қонунийлаштирилди. Натижада статистик маълумотларда ажралишлар сони шу йилнинг биринчи чорагида кескин ошгандек кўринди.

М.Ғафурова, вилоят ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси:

— Афсуски, аксарият ҳолларда оила пароканда бўлиб, тикланишининг сира иложи бўлмагандан кейингина хабардор бўламиз. Ваҳоланки, маҳалла маслаҳатчилари бу оиладаги муҳитдан хабардор, ўз вақтида тегишли идораларга мурожаат қилиб, масалани ижобий томонга ўзгартириш мумкин бўларди.

Ўтган вақт мобайнида хотин-қизлар қўмиталари томонидан шаҳар ва туманларда никоҳдан ажралиш ҳолатларининг келиб чиқиш сабаблари ўрганилиб, муаммоли оилаларга ҳуқуқий-психологик ёрдам кўрсатиш бўйича гуруҳлар ташкил этилди ва Ҳаракат дастури ишлаб чиқилди.

Натижада жорий йилда 1287 нафар фуқародан оилавий келишмовчиликлар юзасидан аризалар келиб тушган бўлса, 1216 оилада муҳокамалар ўтказилган. Шулардан 1104 тасида нотинчликларга барҳам берилди. Аммо баъзи туманларда бу масалада ижобий томонга ўзгариш йўқ. Семинар давомида уларни чуқурроқ ўрганиб, аниқ вазифалар белгиланади.

Оилавий низоларнинг олдини олиш учун ишни ўша хонадонда тўй бўлишдан олдин бошлаш керак. Отинойилар, эл ичида обрўли, намунали отахон-онахонлар билан биргаликда шу хонадонга бориб, ёшларнинг оилага қанчалик тайёрлигини ўрганиши, зарур бўлса, бу ҳақда ота-онага ҳам керакли тавсиялар бериш — бугун жойларда ташкил этилган «Қайноналар кенгаши»нинг асосий вазифаларидан биридир.

Худди шундай семинарлар вилоятдаги Иштихон, Каттақўрғон, Нарпай, Оқдарё, Тайлоқ, Ургут туманларида ҳам ўтказилди.

Кўпинча оила аъзолари, хусусан, эру хотин: «Оилавий ҳаётимизнинг бошқаларга дахли йўқ, истасак яшаймиз, истамасак ажрашамиз», деган фикрда бўлишади. Аммо ажрим содир бўлган оилада фарзандлар руҳияти ва тарбиясида содир бўладиган ўзгаришлар, баъзи оилаларда ажрашган аёлга нисбатан ноўрин муносабат, умуман, дарз кетган оилада юз берган кемтиклик ўз-ўзидан жамият ҳаётига салбий таъсир кўрсатади. Бундай вазиятда оилага дахлсиз ҳудуд, деб қараш бирор бир қоидага тўғри келмайди.

Гулрух Мўминова

Мавзуга оид