Ўзбекистон | 13:50 / 03.06.2020
9343
2 дақиқада ўқилади

Оила кодексига «кўп болали оила» тушунчаси ва унинг ҳуқуқий мақомини белгиловчи қўшимча киритилмоқда

Солиқ, Меҳнат кодекслари ҳамда “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Қонуннинг тегишли моддалари Оила кодексига киритилиши таклиф этилаётган қўшимчага мувофиқлаштирилмоқда.

Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Парламент сайтига кўра, кўп болали оилаларнинг ҳуқуқий мақомини аниқ белгилаш, қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётида ушбу тушунчанинг бир хилда қўлланилишини таъминлаш мақсадида лойиҳа билан Оила кодексига ҳам “кўп болали оила” тушунчаси ва унинг ҳуқуқий мақомини белгиловчи қўшимча киритилмоқда.

Унга кўра, ота-она ёки улардан бири билан бирга яшаётган тўрт ва ундан ортиқ ўн саккиз ёшга тўлмаган, шунингдек, кундузги таълим шаклида таълим олаётган йигирма икки ёшга тўлмаган болалари бўлган оилалар кўп болали оилалар ҳисобланиши белгиланмоқда.

Шу билан бирга, Солиқ, Меҳнат кодекслари ҳамда “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Қонуннинг тегишли моддалари Оила кодексига киритилиши таклиф этилаётган қўшимчага мувофиқлаштирилмоқда.

Депутатларнинг фикрича, мазкур ҳужжатнинг қабул қилиниши қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётидаги турли хил ёндашувлар бартараф этилишига хизмат қилади.

Қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.

Мавзуга оид