Ўзбекистон | 22:52 / 05.08.2020
48337
2 дақиқада ўқилади

«Кўп болали оила» тушунчасига аниқлик киритилмоқда. Тегишли қонун қабул қилинди

18 ёшга тўлмаган болалари сони 4 нафар ва ундан ортиқ бўлган оила кўп болали оила ҳисобланади. Бунда агар 4 нафар ва ундан ортиқ болаларидан бир нафари ёки ундан кўпроғи таълимнинг кундузги шаклида ўқиётган ҳамда 22 ёшга тўлмаган бўлса, бу оила ҳам кўп болали оилалар тоифасига киритилади.

5 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда палата сайтида маълум қилинди.

Йиғилишда кўп болали оилаларнинг ҳуқуқий мақомини аниқ белгилаш қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётида ушбу тушунчанинг бир хилда қўлланилишини таъминлаш мақсадида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилиб, қабул қилинди.

Таъкидланишича, «кўп болали оила» тушунчасига аниқ мезонлар белгиланмагани давлат томонидан берилаётган имтиёзлардан турлича фойдаланиш ҳолатларига сабаб бўлмоқда. Бу эса ўз навбатида амалиётда ҳуқуқ нормаларини қўллашда ижтимоий адолат принципларининг бузилишига олиб келмоқда.

Ҳозирда «кўп болали оила» тушунчаси 21та қонун ҳужжатида, 5та қонунда қўлланилиб, уларда бу тушунчаларга турли талқинлар берилган.

Эндиликда мазкур қонун билан Оила кодексига «кўп болали оила» тушунчаси ва унинг ҳуқуқий мақомини белгиловчи қўшимча киритилмоқда.

Унга кўра, 4 нафар ва ундан ортиқ 18 ёшга тўлмаган боласи бўлган оила кўп болали оила ҳисобланади.

Бунда агар 4 нафар ва ундан ортиқ болаларидан бир нафари ёки ундан кўпроғи таълимнинг кундузги шаклида ўқиётган ҳамда 22 ёшга тўлмаган бўлса, бу оила ҳам кўп болали оилалар тоифасига киритилади.

Изоҳланишича, мазкур қонун давлат ҳимоясига муҳтож кўп болали оилаларга ижтимоий адолат принципи асосида имтиёзлар берилишига, жумладан турар-жой, ер ажратиш, солиқ тўловлари ва бошқа бир қатор имтиёзлардан кенг фойдаланишга ҳуқуқий асос яратади.

Эслатиб ўтамиз, қонун лойиҳаси апрель ойида Адлия вазирлиги томонидан жамоатчилик муҳокамасига қўйилган эди.

Мавзуга оид