Иқтисодиёт | 13:21 / 08.07.2017
43497
5 дақиқада ўқилади

Банклардаги ликвидлик меъёрлари: валюта курсларини бир-бирига уч босқичда яқинлаштириш чорасими?

Фото: "Кун"

Марказий банк «Тижорат банкларининг ликвидлилигини бошқаришга қўйиладиган талаблар тўғрисида»ги Низомга (№2709, 13.08.2015 й) «Ўзбекистон Республикаси Марказий банки тўғрисида»ги Қонуннинг 52-моддасига асосан ўзгартириш ва қўшимчалар киритди, деб хабар беради Марказий банк расмий сайти.

Жумладан, мазкур низомнинг 43-банди «Банклар мажбуриятларининг ўз вақтида ва тўлиқ бажарилишини таъминлаш мақсадида лаҳзали ва жорий ликвидлилик меъёрларини бажаришлари лозим», деб ўзгартирилди ва тегишли бандлар киритилди.

Хусусан, «жорий ликвидлилик коэффициенти жорий активлар суммасини (тўлов муддати 30 кунгача бўлган банкнинг ликвидли активлари ва қўйилмалари, бундан муддати узайтирилган ёки қайтариш муддати ўтган кредитлар мустасно) жорий мажбуриятлар (талаб қилиб олингунча ва ижро этиш муддати 30 кунгача бўлган мажбуриятлар) суммасига нисбати орқали аниқланади ва 30 фоиздан кам бўлмаслиги лозим», дейилади ҳужжатда.

Ҳужжатда баён этилишича, «лаҳзали ликвидлилик коэффициенти банк кассасидаги нақд пул ва бошқа тўлов ҳужжатлари ҳамда банкнинг Ўзбекистон Республикаси Марказий банкидаги ҳисобварақларидаги маблағлари (бундан Марказий банкдаги мажбурий захира ҳисобварағи ва мажбурий захиралар депозитларидаги маблағлар мустасно) суммасини ушбу Низомга илова қилинган ҳисобварақларнинг қолдиқлари — талаб қилиб олингунча мажбуриятлар суммасига нисбати орқали аниқланади.

Лаҳзали ликвидлилик коэффициентини ҳисоблашда фақат Ўзбекистон Республикаси миллий валютасидаги маблағлар инобатга олинади.

Лаҳзали ликвидлилик коэффициенти 2017 йил 1 августдан бошлаб 10 фоиздан, 2017 йил 1 ноябрдан бошлаб 15 фоиздан, 2018 йил 1 январдан бошлаб 20 фоиздан кам бўлмаслиги лозим», — дейилади Марказий банк хабарида.

Иқтисодий таҳлилчи Александр Давлетов бу ўзгаришларни қуйидагича изоҳлади:

Ликвидликка қўшимча талаблар киритилиши нимани англатади?

Биринчидан, қайта молиялаш ставкасининг 14 фоизгача кўтарилиши тижорат банклари томонидан кредитлаш жараёнини камайтириб, ликвидликни оширишга етарли бўлмади. «Корсчёт» масаласи оғир муаммолигича қолмоқда. Чунки банклар мижозлари гарчи кредит фоиз ставкалари 4–5 фоизга ошганига ҳам қарамай кредит лойиҳаларидан воз кечаётганлари йўқ. Ҳатто тарихда кузатилмаган воқеликка гувоҳ бўлинди: ҳар доим тижорат банкларини кредит беришга мажбурлайдиган Марказий банк энди айрим турдаги кредитлар, хусусан, аҳолини тадбиркорга айлантириш, УЖМШ (ЖКХ)ларга, дастурлар доирасидаги имтиёзли лойиҳаларга кредит беришни тўхтатишни талаб қила бошлади.

Иккинчидан, тушуниб етилдики, оғзаки топшириқлар билан ликвидлик муаммосини ечиб бўлмайди ва илк марта банкчилигимиз тарихида лаҳзалик ликвидлик меъёри амалиётга киритилмоқда. Энди тижорат банклари «корсчёт» ва кассасида лимитланган миқдордаги маблағларни сақлашга ҳар куни, ҳар онда мажбур. Илгари ҳисобот ойи якунидагина тижорат банклари ликвидлик кўрсаткичини «чизиб қўярди».

Учинчидан, лаҳзалик ликвидлик кўрсаткичининг 1 августдан 10 фоиз этиб белгиланиши тижорат банклари учун жиддий огоҳлантириш. Чунки аксарият банклар, айниқса, давлат банклари бу талабни бажариши учун бугунданоқ кредитлашни тўхтатиши ёки «токсик» активларини сотишни бошлашлари лозим бўлади. Шу сабабдан тижорий кредит фоиз ставкаларини ҳам, депозитлар, айниқса аҳоли омонатлари фоиз ставкалари янада ошишини кутиш мумкин.

Тўртинчидан, пул массасининг қисқариши ортидан кредит бозори ҳам торая боради. Бу пировардида валюта курсларига ҳам ўз таъсирини ўтказади, қора бозор, кечагина очилган муқобил бозор валюта курси энди бир маромда қолади, бу курсларнинг ўсиши ҳақида энди гап бўлиши мумкин эмас. Лаҳзалик ликвидлик кўрсаткичининг 1 ноябрдан 15 фоизга, 2018 йил 1 январдан 20 фоиз этиб белгиланиши мазкур саналарга бориб, қора бозор, муқобил бозор курслари пасайиши режаланганини англатади. Чунки лаҳзалик ликвидлик коэффициентининг 20 фоиз этиб белгиланиши бу фавқулодда кам учрайдиган талаб, бу тижорат банклари барча мавжуд маблағларини кассаси ва корсчётида «босиб ўтиради» дегани.

Ниҳоят, бешинчидан, лаҳзалик ликвидлик коэффициентининг 1 августдан 10 фоиз, 1 ноябрдан 15 фоиз, 2018 йил 1 январдан 20 фоиз этиб белгиланиши расмий, қора бозор ва муқобил бозор курсларини бирхиллаштириш учун ҳам тахминан шундай режа график тузилганини англатади. Яъни валюта курслари 3 босқичда бир-бирига ўзаро яқинлаштирилади.

Мавзуга оид