Фото: Facebook/GM-Uzbekistan

GM-Uzbekistan бош директори вазифасини бажарувчи Рустам Ражабов журналистлар ва блогерлар иштирокида Андижон вилоятига уюштирилган инфотурда хорижга экспорт қилинган автомашиналар турли нуқсонлари туфайли ички бозорга қайтариб келинаётгани ҳақиқатга тўғри келмаслигини таъкидлади.

Рустам Ражабов бундай ҳолат компания тарихида ҳеч қачон бўлмагани, бу турли ички ва ташқи келишув ҳамда қонунларга зид эканлигини қайд этди: 

— Бунинг техник томондан имконияти йўқ. Чунки заводимизда ишлаб чиқарилаётган ҳар бир автомобилга ўзига хос код берилади. Агар у Яқин Шарқ давлати учун ишлаб чиқарилаётган бўлса унда Яқин Шарқ давлатларига хос кодировка бўлади, унинг сертифкатланганлиги ва бошқа техник параметрлари ўша давлатларга хос бўлади. Айтайлик, кучайтирилган совуткич, иссиққа чидамлироқ пластик жиҳозлар. Компания маълум бир мамлакат учун мўлжалланган автомобилни бошқа ҳудудий бозорда сота олмайди. Оддий ҳол: аввало сертификати тўғри келмайди. Бу хатти-ҳаракат учун назорат қилувчи органлар бизни жаримага тортишлари мумкин, — деди компания раҳбари.

Совуқ ўлкаларга, масалан Россия Федерациясига жўнатилаётган автомобилларда ўриндиқни иситиш функцияси мавжуд. Ички бозорда бу функция унчалик машҳур эмас, чунки иқлимий шароитларга кўра, у истеъмолчиларга ортиқчалик қилади ва унинг учун қўшимча пул тўлашни исташмайди. Гарчи ўзимиз учун ҳам шундай автомобиллар ишлаб чиқариш имконияти компанияда мавжуд бўлса-да. (Дарвоқе, ҳозир харидор GM-Uzbekistan автомобилини ўзи истаганидек қўшимча жиҳозлар ва ранг билан буюртма қилиш имкониятига эга бўлган, бунда фақат автомобилнинг нархи ошади ва кутиш муддати 60 кундан 120 кунга чўзилади — таҳ.)

Ражабов экспорт ва ички автобозор учун ишлаб чиқарилаётган автомобилларнинг сифати мутлақо бир хил эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтди. Машиналар фақат қўшимча опциялари билангина фарқланади, — деди у.

— Ички бозорга машиналар Chevrolet бренди остида чиқарилиши, айтайлик, ўша Россияга эса Daewoo бренди остида сотилганини ҳамма билади. Лекин ички бозорда ҳам Daewoo брендига тегишли машиналар пайдо бўлиб қолгани ва ўша машиналарда Россияга хос опциялар борлиги халқ ўртасида ана шундай миш-мишлар урчишига сабаб бўлмоқда. Бунга сабаб нима? (Кун.уз мухбири Ш.Шокиржоновнинг саволи)