Ўзбекистон | 00:54 / 08.07.2017
92748
2 дақиқада ўқилади

Ислом Каримов номидаги давлат стипендияси миқдори маълум бўлди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 23 июндаги 417-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳамда айримларини кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги қарори билан Ўзбекистон ҳудудида давлат стипендиялари ва стипендиялар миқдори тасдиқланди. Бу ҳақда Норма.уз ёзмоқда.
 
Унга мувофиқ, Ислом Каримов номидаги давлат стипендиясини олувчи талабаларга  «Ислом Каримов давлат стипендиясининг соҳиби» гувоҳномаси топширилади.
 
Маълумки, Ислом Каримов номидаги давлат стипендияси Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 25 январдаги «Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов хотирасини абадийлаштириш тўғрисида»ги ПҚ-2744 қарори билан ташкил этилди. 

Ўзбекистон Президенти ва Беруний, Ибн Сино, Навоий ва Улуғбек стипендиялари учун жорий қилинган стипендияни тўлаш ва тайинлаш тартиби Имом ал Бухорий ва Ислом Каримов номидаги стипендиялар учун ҳам бирдек амал қилади. 

Бундан ташқари, талабаларга бериладиган стипендияларнинг бошланғич миқдори ҳам тасдиқланди. 

Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти стипендияси меъёрдаги стипендиянинг 3 баравари миқдорида;

Беруний, Ибн Сино, Навоий, Улуғбек, Имом ал Бухорий ва Ислом Каримов номидаги давлат стипендиялари миқдори меъёрдаги стипендиянинг 2 баравари миқдорида белгиланган. 

Президентнинг иш ҳақларини оширишга доир фармонлари қабул қилиниши муносабати билан Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлигининг талабалар меъёрий стипендиялар миқдорини ўзгартиришга оид махсус буйруғи қабул қилинади.