Остона мўъжизалари: янгиланган пойтахт таассуроти
Бу сафар Қозоғистонга тўртинчи марта келишим. Аввал уч марта Олмаота шаҳрида бўлгандим. Бу сафар ҳам Остонага Олмаота орқали учдим. Air Astana авиакомпанияси янги бўлса ҳам (2002) хизматни яхши йўлга қўйибди, дея ёзади журналист Давронбек Тожиалиев ўз блогида.
Олмаота аэропортида чекувчилар учун махсус зал очишибди. Лекин… Залга шу қадар оро беришибдики, ёзувини кўрмасангиз бир кириб чиққингиз келади: оппоқ нафис мебеллар, юмшоқ ўриндиқлар, модерн услубидаги дизайн, чекувчилар худди ресторанда ўтиргандек бир-бирлари билан чақчақлашиб, заҳар ютишмоқда. Чекишнинг зарарлиги ҳақида биронта ёзувни кўрмадим.
Менга деса бунақа хонани одам кирса ҳайиқадиган қилиш керак: қоп-қоронғи хона, чекиш оқибатида юзага келадиган касалликларнинг хунук тасвирлари, одам ўтиришга ҳам жирканадиган ўриндиқлар, “чексанг – ўласан!” ёзуви…
Чекувчиларга тегиб кетмасин. Бу ерда урғу чекиш акс тарғибига қаратилмоқда. Аслида бундай хоналар чекишни тақиқлаш мақсадида ташкил этилади. Бу ҳолатда эса айни тарғибот бўлиб қолган.
Остона — янги пойтахт
Остона халқаро аэропорти Нурсултон Назарбоев номида экан. Елбаси (элбоши, 2010 йилдан расмий титул) тириклигидаёқ Қозоғистонда университет, кутубхона, мактаблар, давлат идораси (Назарбоев маркази), парк, орден, чўққи, шунингдек, лола нави унинг номига қўйилган. Олмаота ва Чўлпонотада ҳайкаллари бор. Иордания, Туркия, Чеченистон ва Татаристонда Нурсултон Назарбоев кўчаси мавжуд.
Остона мени осмонўпар бинолари билан қарши олди. Бу йил ўтказилаётган “Expo 2017” халқаро кўргазмаси муносабати билан шаҳарда катта қурилиш ва ободонлаштириш ишлари бажарилибди. Шаҳар маркази томон борилиши билан бинолар баландлашиб кетаверади. 2016 йили Остонада МДҲ давлатлари орасида энг баланд — 88 қават, 388 метрли “Абу-Даби Плаза” мажмуаси қурилди.
Остона ёш шаҳарлардан бири (1835 йили асос солинган). Бунгача у Акмолинск, Целиноград, Акмола номлари билан аталган. 1998 йил 10 июндан Қозоғистон Республикаси пойтахти. Даштда жойлашган ушбу шаҳар 1 миллионлик аҳолиси билан Олмаота ва Чимкентдан кейинги ўринда туради.
Қозоғистон пойтахтининг жанубдан шимолга кўчирилиши миллий сиёсат билан боғлиқ бўлиб, шимолда ҳам қозоқ тили ва миллатиниинг ўрнини ошириш мақсад қилинган. Остона шаҳрида 1989 йили 281 минг аҳолининг 54 фоизини руслар, атиги 17 фоизини қозоқлар ташкил этган бўлса, 2016 йили руслар умумий аҳолининг 15,31 фоизини, қозоқлар 75,51 фоизни ташкил этди.
Остона худди Вашингтон каби маъмурий шаҳар. Бу ерда асосан ҳукумат бинолари, вазирликлар, ташкилотлар жойлашган. Шаҳар иқтисодиётининг асосини савдо, транспорт, алоқа ва қурилиш ташкил этади. Қозоғистон иқтисодиётининг савдо сектори бўйича Остона Олмаотадан кейин иккинчи ўринни эгаллайди. Мамлакатдаги энг катта қурилишлар ҳам шу ерда амалга оширилмоқда.
Остонанинг юраги
Остона шаҳрининг энг гўзал биноси, менимча Ҳазрати Султон жомеъ масжидидир. Шаҳар марказида жойлашган ушбу масжид Марказий Осиёдаги катталиги бўйича Туркманистондаги “Туркманбоши руҳияти” масжидидан сўнг иккинчи ўринда турадиган жомеъдир. Маҳаллий аҳоли вакилларининг айтишича, масжид қайсидир араб шайхининг ҳомийлигида қурилган. Аммо масжиднинг кириш қисмида масжиднинг Элбоши Нурсултон Назарбоев ташаббуси билан қурилгани ёзиб қўйилган. “Ҳазрати Султон” номини ҳам Элбоши таклиф қилган экан (Ҳазрати Султон – Аҳмад Яссавийнинг унвонларидан бири).
“Ҳазрати Султон” масжиди 2012 йили очилган. 11 гектар майдонни эгаллайди. Бир вақтнинг ўзида 14000 намозхонни бағрига сиғдира олади. 51 метр баландлик ва 28 метр диаметрдаги гумбази, 4 та 77 метрлик миноралари ва кичик гумбазлари мавжуд. Мажмуада никоҳ зали, Қуръони карим ва бошқа илмларни ўрганиш хоналари мавжуд.
Масжидга тунги соат бирда кирдим. Ярим кечаси ҳам очиқ ва намозхонлар борлиги қувонтирди.
“Ҳазрати Султон” жомеъ масжиди бош имоми, Қозоғистон мусулмонлари идораси раҳбарининг ўринбосари, муфтий Ораз Серикбай Сатибалдиули Тошкент шаҳридаги ҳофизи Қуръонлар тайёрлаш мадрасасида (1990-1992) ўқиган экан.
“Нур Астана” жомеъ масжиди 2012 йилга қадар Қозоғистоннинг энг катта масжиди саналарди. 2002-2005 йилларда қурилган ушбу муҳташам жомеъ ливанлик архитектор Чарльз Хазиф лойиҳаси асосида Қатар давлати кўмагида барпо этилган. Умумий майдони 3930 кв.метр. Масжидда бир вақтнинг ўзида 5000 киши ибодат қила олади. Масжид ёнида мадраса ҳам мавжуд.
“Нур Астана” жомеъ масжиди имоми, Остона шаҳар бош имоми Науризбай Таганули Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институтида ўқиган экан.
«Ўқиётган дунёда китобхон миллат»
26-27 июнь кунлари Қозоғистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Қозоғистон Республикаси Миллий академик кутубхонаси ва Қозоғистон маданият илмий-тадқиқот институти ташкил этган «Ўқиётган дунёда китобхон миллат» («Readning nation in the reading world» | «Оқу әлеміндегі оқырман ұлт» | «Читающая нация в читающем мире») халқаро симпозиумида қатнашдим.
Бутун дунёдан 400 нафар зиёлини жамлаган ушбу анжуманнинг биринчи кунида “Мутолаа ва тафаккур”, “Болалар ва ёшлар орасида китобхонликни тарғиб этиш”, “Биз нега ўқиймиз?”, “ХХ асргача бўлган туркий манбалар” каби мавзуларда қизиқарли маърузалар ва “Миллий ахборот сиёсати ва халқаро ҳамкорлик жараёнида миллий кутубхоналар”, “Кутубхоналар ва музейлар: уларнинг жамиятдаги роли”, “Болалар адабиёти ва замонавий таълим: тенденциялар ва истиқболлар”, “Жаҳон ахборот тармоғидаги манбалар интеграцияси”, “Туркий халқлар маданий алоқалари” мавзуларида муҳокамалар бўлиб ўтди.
«Ўқиётган дунёда китобхон миллат» халқаро симпозиуми доирасида “5-Туркий тилли ўлкалар миллий кутубхоналари раҳбарлари халқаро конференцияси” ҳам бўлиб ўтди. Ушбу конференцияда «Электрон кутубхона маълумотлар базасини сақлашнинг муҳим хусусиятлари» мавзусида маъруза қилдим ва Ziyouz электрон кутубхонаси ҳақида тақдимот ўтказдим.
Туркия, Қозоғистон, Озарбайжон, Қирғизистон, Татаристон, Бошқирдистон, Гагаузия, Саха Республикаси миллий кутубхоналари китобхонликни ривожлантириш бўйича ўзларида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот бердилар.
“Бир мамлакат — бир китоб”: ҳатто қамоқхоналарда ҳам ўқишмоқда
Қозоғистон Республикаси Миллий академик кутубхонаси директори ўринбосари Алия Кожабекованинг айтишича, Қозоғистонда 2007 йилдан бери “Бир мамлакат — бир китоб” акцияси муваффақиятли амалга оширилмоқда экан. Бунда бир йил давомида бутун мамлакат бўйича битта китоб тарғиб қилинади ва ҳамма ўша китобни ўқийди, муҳокама қилади. Абайдан бошланган лойиҳа орқали 11 йилдан бери қозоқ зиёлилари асарлари халққа танитиб борилмоқда. Ёзувчи-шоирлар, олимлар, жамоат арбобларидан иборат комиссия ҳар йили ўқиладиган муаллиф ва унинг китобини белгилаб беради. Дастлабки йили бу лойиҳада 70000 киши иштирок этган бўлса, сўнгги йилда 3 миллион киши қатнашибди.
— Информацион қамров кучайган замонда бунга осонликча эришиб бўлмайди, — дейди Алия Кожабекова, — Мамлакатдаги ҳар бир кутубхона йил китобини тарғиб этишга ҳисса қўшмоқда. Турли конференция, тадбирлар, маърузалар, ток-шоулар, театр постановкалари, танловлар ташкил этамиз. Асарнинг электрон версиясини турли форматларда (матнли, овозли) тайёрлаймиз. Махсус мобиль илова ташкил этганмиз. Шаҳардаги барча автобус бекатларида илова QR-кодларини жойлаштирганмиз. Республика радиосида ҳар ҳафта 1 соат жонли эфирда китобхонликни тарғиб қиламиз. Йил китоби бўйича флешмоблар ўтказамиз. Дастлабки йиллари бу акция фақат кутубхоналар доирасида бўлган эди. Ҳозир унинг қамрови бутун мамлакатга ёйилди. Ҳатто қамоқхоналарда ҳам ўқишмоқда.
Ўзиборар кутубхона
Менга Россия Федерациясининг Саха Республикаси миллий кутубхонаси ташкил этган “адабий пикник” тажрибаси ҳам маъқул келди. Кутубхона директори ўринбосари Мария Андрееванинг айтишича, республиканинг кўп ҳудудларида интернет мавжуд эмаслиги сабабли кутубхоналарга эҳтиёж катта. “Адабий пикник” лойиҳаси орқали улар улус(туман)лардаги қишлоқларга кўчма кутубхоналарни олиб бориб, адабий тадбирлар ўтказишмоқда экан.
— Очиқ осмон остидаги китоб музейида ўқувчилар орасида энг яхши китобхон, энг яхши ёш шоир, ёзувчи ва таржимонлар танловларини, янги китоблар тақдимотини, асарлар муҳокамасини ўтказамиз. Яна республикамиз зиёлилари, давлат ва жамоат арбоблари томонидан ўқилиши шарт бўлган 100 та китоб рўйхати тузиб чиқилган. Ушбу китобларнинг барчаси электронлаштирилган ва кутубхонамиз сайтида тақдим этилган. Ҳозирда Саха Республикаси Россиядаги энг китобхон регионлар бешлигига киради, — дейди Мария Андреева.
Энг китобхон шаҳар бўлиш сари
Остонанинг диққатга сазовор жойлари ва деярли барча транспорт бекатларида «Astana – Bilimland» онлайн-лойиҳаси ижтимоий рекламасини кўриб қувондим. Бу лойиҳа «WikiBilim» фонди томонидан Астана шаҳри ҳокимияти кўмагида амалга оширилаётган бўлиб, қозоқ тилидаги барча адабий ва илмий адабиётларни электронлаштириб, халққа бепул тақдим этишни мақсад қилган.
Ҳозирда 10000 дан ортиқ китоб (1500 аудиокитоб, 400 аудиоэртак) рақамлаштирилиб, E-PUB форматда тайёрланибди. 150000 сўз ва бирикмалардан иборат қозоқ тили универсал луғати ҳам лойиҳага бириктирилган. Асар муаллифлари ва ҳуқуқ эгалари билан уни бепул ҳавола этиш бўйича келишувлар олиб борилмоқда экан.
Лойиҳа ташкилотчиларининг айтишича, «Astana – Bilimland» хизматидан фойдаланиш учун интернетга уланган мобил қурилма бўлса кифоя. Бекатлардаги баннерларда жойлашган QR-кодни фаоллаштириш орқали китобни телефонга сақлаб олиш мумкин. Шунингдек, мобиль иловани ўрнатиб, китобларни аудио форматда эшитиш ва интернет йўқ бўлган пайтда ҳам фойдаланиш мумкин.
* * *
Одатда, сафарга чиқарканман, албатта, ўша юртнинг матбуоти билан қизиқаман, аэропорт, самолёт ва меҳмонхоналарда газета ва журналларни ўқийман, ўрганаман. Қозоғистонда матбуот биздан кўра яхши ривожланган ва анча эркин. Аҳоли сони биздан деярли икки баравар кам бўлса-да, газеталар тиражи у қадар кам эмас. Энг катта сиёсий газета «Егемен Қазақстан» 200 000 нусхада чиқади. Бошқа сиёсий, ижтимоий газеталарнинг адади ҳам 100 000 га яқин.
Тошкентга қайтишда “Караван” газетасини ўқиб келдим. Газетанинг бош мақолаларидан бири Қозоғистонда ҳали рухсат этилмаган, қонун лойиҳаси кўриб чиқилаётган “хусусий детективлик фаолияти” тўғрисида бўлиб, газетага кўра, бу фаолият билан Олмаота ва Остонада аллақачон фаолият юритаётган бюролар мавжуд. Бюро вакилларининг айтишича, улар асосан ифлос ишлар (эр-хотин хиёнати, ўйнашлар муаммолари) билан шуғулланишади. Остоналик Форбес миллиардерларидан бирининг собиқ фоҳиша бўлган хотини ҳозирда ҳам хиёнат қилаётгани, бир-бирини хиёнатда ушлаб олаётган бойлар ҳақида очиқ-ойдин ёзилибди.
* * *
Менимча, Тошкент халқаро аэропорти йўловчиларни энг кўп текширадиган ҳаво бандаргоҳи бўлса керак:
1. Аэропорт ташқарисида фуқаро кийимидаги ходим паспорт ва билетни текширди.
2. Шу ердаги метал детектордан ўтишда милиция ходими паспорт ва багажни текширди.
3. Аэропорт залига киришда милиция ходими паспорт ва билетни текширди.
4. Ичкарига киришда аэропорт ходими билетни ва багажни рентгендан ўтказиб текширди.
5. Авиакомпания ходими учиш талонини олишда паспортни текширди.
6. Божхона ходими багажни рентгендан ўтказиб, паспорт, учиш талонини текшириб, декларацияни олиб қолди.
7. Хавфсизлик ходими чегара ойнасига ўтиш олдидан паспорт ва учиш талонини текширди.
8. Чегара нозири паспорт ва учиш талонига узоқ термулиб, муҳр босиб берди.
9. Хавфсизлик ходими сўнгги хавфсизлик назоратидан аввал паспорт ва учиш талонини текширди.
10. Хавфсизлик нозири паспортни алоҳида рўйхатга солиштириб, текшириб, муҳр урди.
11. Хавфсизлик ходимлари багажни рентгендан ўтказиб, ўзимни пайпастлаб текширишди.
12. Самолётга чиқишдан аввал авиакомпания ходими учиш талонини текширди.
Ҳаммасидан осон ўтиб олдим. Ортиқча савол бериб, бошимни қотиришмади. Хайриятки, алоҳида багаж ва шахсий текширувга чақиришмади (ушбу икки текширув божхона назоратидан сўнг йўловчи хавфсизлик ходимлари шубҳасига сабаб бўлганда қўлланилади). Акс ҳолда текширувлар сони яна 2-3 тага ортарди. Аэропорт залида ҳам милиция ходимлари баъзи аёлларнинг паспортини текшираётганига гувоҳ бўлдим.
Менимча, бу текширувлар жудаям кўп. Дунёдаги энг катта ҳаво бандаргоҳларидан Кеннеди аэропортида (Нью-Йорк), Отатурк аэропортида (Истанбул) ва бошқа кўплаб аэропортларда бўлганман. Мана шундай текширувлар рўйхати 5-6 тадан ошмайди. Остона аэропортида қуйидагича текширишди:
1. Аэропортга киришда багаж рентген текширувидан ўтди.
2. Учиш талонини олишда паспорт текширилади. Мен электрон регистрация қилганим учун тўғридан-тўғри чегара постига йўл олдим.
3. Чегара хизматига кириш олдидан паспорт ва билет текширилди.
4. Чегара хизматида паспорт, миграцион карта ва учиш талони текширилиб, муҳр босилди.
5. Хавфсизлик хизматида багаж, паспорт ва учиш талони текширилди.
6. Учоққа миниш олдидан паспорт ва учиш талони текширилди.
Қойил! Тошкент халқаро аэропортидан 8 минутда чиқдим. Божхоначи китобларингиз қанақа деб текширмаганда 5 минутда чиқардим. Бунга сабаб:
– Остонада учиш талонини интернет орқали рўйхатдан ўтказиб, самолётнинг олд тарафидан ўзимга қулай жойни олдим.
– Багажга топширмадим. Қўл юки олдим холос.
– Самолёт олд тарафида эканлигим учун тез чиқдим.
– Чегарачи нимага бордингиз, қачон деб савол бермади. Ўтган йили Туркиядан қайтганимдек паспортни алоҳида хонага олиб кириб текширмади.
– Паспорт назорати тартибга тушибди. Алоҳида ходим навбатни назорат қиляпти. Барча 8 та йўлак ишлаяпти.
Барчага хайрли парвозлар!
Тошкент – Олмаота – Остона – Тошкент
25-27 июнь, 2017 йил
Мавзуга оид
16:31 / 14.11.2024
Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида биринчи темирйўл саёҳат дастури бошланади
15:25 / 14.11.2024
Қозоғистонда Каспий денгизи соҳилидан мингдан ортиқ ўлик тюленлар топилди
21:23 / 13.11.2024
Дунёдаги зарарли чиқиндиларнинг бор-йўғи 1 фоизи Марказий Осиё мамлакатларига тўғри келади – Тўқаев
15:30 / 13.11.2024