Шу йилнинг 16 июнь санасида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тошкентнинг Учтепа туманидаги 78-умумтаълим мактабини бориб кўрди. Унда мактаб ва коллежлар ўртасидаги боғлиқликни мустаҳкамлаш, хусусан, тажриба сифатида ушбу таълим масканида 11 йиллик таълимни қайта тиклаш, унинг қошида ўқув-касб корхонаси ташкил этиш зарурлигини таъкидлади. Жумладан, президент шундай деди: «Юқори синфларда болалар шахс бўлиб, жамоа бўлиб шаклланади. Айни ўша пайтда уларни ўзлари ўрганган муҳитдан ажратиб қўймаслик керак. Бу ёшларнинг руҳиятига, давоматига, охир-оқибат таълим-тарбиясига салбий таъсир қилиши мумкин. Шу боис таълим жараёнининг узлуксизлигини таъминлаш, ўқув дастурларини такомиллаштириш зарур...»

Бу таълим тизимидаги улкан қадамлардан бўлди дейиш мумкин. Бир қатор интернет сайтлари ҳамда Халқ таълими вазирлигидаги манбага асосланиб айтадиган бўлсак, пойтахт мактабларидаги битирувчиларнинг ота-оналари ўртасида сўровнома ўтказилди. Сўровномада ота-оналардан фарзандлар таълимни 10-11 синфлар негизида давом эттириши ёки коллеж-лицейларга йўл олиши бўйича фикрлари сўралди. Натижа эса ота-оналарнинг 70 фоизи 11 йиллик таълим қайта ташкил этилиши тарафдори эканини кўрсатди. Бу ҳолат юзасидан келгусида вилоятлар миқёсида ҳам кенг жамоатчилик фикри ўрганилади. Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг кўрсатма беришича, шу йил сентябридан Тошкент шаҳридаги ҳар бир тумандан 4тадан мактабда тажриба-синов тариқасида 10-11 синфлар очилиши кўзда тутилган.

Келинг, энди бу борада жуда кўпчилик юртдошларимиз қатори биз ҳам ўз таклиф ва мулоҳазаларимизни билдириб ўтсак:
11 ЙИЛЛИК ТАЪЛИМНИНГ АФЗАЛЛИКЛАРИ
Синфдошлар яна икки йил бирга. Аввало, тўққиз йиллик қадрдонлар бирданига тарқаб кетмайди. Улар яна икки йил бирга бўлишади, бахтли болалик ва ўқувчилик дамлари кўпга чўзилади деб бемалол айтиш мумкин. Синфдошлар бир-бирини янада яхшироқ билиб боришади...

Назорат осонлашиши. Кўпчилик таъкидлаганидек, ўқувчи-ёшларни назорат қилиш, таълим-тарбия бериш бирмунча осонлашади (аммо барибир муаммолар бўлиши табиий). Жумладан, маҳалла-кўй, мактаб ва ота-оналар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик ва жипслик янда мустаҳкам бўлади (албатта, баъзи истисноларни ҳисобга олмасак).

Фанлар камлиги. Мактабларда коллеж ёки лицейлардаги каби фанлар кўп эмас. Мактабларда фақат умумтаълим фанлари ўқитилади. Коллежларда эса бунга қўшимча равишда мутахассислик фанлари ҳам ўтилади. Фанлар камлиги ўқувчига дарсларни яхши ўзлаштириш имконини бериши мумкин (ўқувчининг салоҳиятидан келиб чиқиб).