Бугун юртимизда олий таълим олиш истагида ёшлар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда. Ўз ўрнида ушбу талабдан келиб чиққан ҳолда давлат олий таълим муассасалари билан тенгма-тенг фаолият юритиб келаётган хусусий олий таълим муассасалари ва хорижий давлатлар университетларининг юртимиздаги филиаллари сони ҳам тобора кўпайиб бормоқда. Аниқроқ айтадиган бўлсак, ёшларга олий таълим бериш соҳасида ҳам кучли рақобат муҳити вужудга келмоқда. Рақобат муҳити эса таълим сифатининг ошишига,етишиб келаётган кадрларнинг ҳар томонлама етук ва билимли бўлишига замин яратади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармони эса соҳадаги мавжуд рақобат муҳитининг янада кучайишига олиб келиши турган гап. Чунки, мазкур концепцияда олий таълим билан қамровни кенгайтириш, олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини ошириш, таълим жараёнига рақамли технологиялар ва замонавий усулларни жорий этиш, юқори малакали мутахассислар тайёрлаш жараёнига кадрлар буюртмачиларини фаол жалб этиш каби масалалар билан бирга олий таълим муассасаларининг молиявий мустақиллиги ва барқарорлигини таъминлаш, моддий-техник таъминотини мустаҳкамлаш ҳам кўзда тутилган.
Ушбу концепцияда белгилаб берилган устувор вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида 2022 йилнинг июль ойигача Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири лавозимида ишлаган ҳамда Тошкент давлат аграр университети ректори бўлган Жамшид Ходжаев бошчилигида университетнинг нуфузини нафақат юртимизда, балки халқаро миқёсда ҳам янада ошириш, таълим сифатини янги босқичга олиб чиқиш, таълим жараёнига хорижий инновацион услубларни жорий этиш борасида қатор ишлар амалга оширилди ва бугунги кунда ҳам давом эттирилмоқда. Жумладан, университетнинг янги Маркетинг бўлими ташкил этилди. Раҳбар ва педагог ходимлар таркиби чуқур ўрганилиб, таҳлил қилинди. Ходимларнинг таълим соҳасига қўйилаётган замонавий талабларга ва лавозим бўйича малака талабларига мувофиқлигини аниқлаш, касбий маҳорати ва билимини, илмий йўналишдаги фаолиятини баҳолаш мақсадида аттестация ўтказилди. Аттестацияда университет ривожига муносиб ҳисса қўша оладиган, таълим сифатини оширишга қодир кучли ва малакали мутахассислар таркиби шакллантирилди.
Хориждан кадрларни ишга қабул қилиш бўйича Recruting компаниялар ва хорижий давлатлардаги элчихоналар билан ҳамкорликда Россия, Латвия, Литва, Польша давлатларидан проректорлар, факультет декани ва бўлим бошлиғи лавозимларига профессионал бошқарувчиларни жалб этиш ва уларни танлов орқали ишга олиш кўзда тутилган. Шунингдек, қарорларни қабул қилиш бўйича бошқарувни марказдан ўрта ва қуйи бўғинга тушириш ҳам режалаштирилмокда.
Талабаларнинг олган назарий билимларини амалиётда мустаҳкамлаш ва уларнинг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳақиқий иш жараёнини яқиндан ўрганишлари учун юртимиздаги агрокластерлар билан мутахассислик кафедраларнинг мустаҳкам ҳамкорлиги йўлга қўйилди. Жумладан, Сирдарё вилоятидаги “Indorama” пахта-тўқимачилик кластери билан Деҳқончилик ва мелиорация кафедраси, Тошкент вилоятидаги “TCT CLUSTER” МЧЖ хорижий корхонаси билан Ўсимликшунослик, Селекция, Балиқчилик, Ўсимликларни ҳимоя қилиш кафедралари, Фарғона вилоятидаги “POSCO International textile” пахта-тўқимачилик компанияси билан Ўсимликшунослик, Ўсимликларни ҳимоя қилиш, Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш кафедралари, БМТнинг қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги ташкилоти (FAO) билан Мева-сабзавотчилик, Механизация, Агрокимё ва Тупроқшунослик факультетлари, АҚШнинг халқаро тараққиёт агентлиги USAID билан Мева-сабзавотчилик, Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш факультетлари ўртасида яқин ҳамкорлик ўрнатилган.














