Ўзбекистон | 20:25 / 13.07.2017
25736
3 дақиқада ўқилади

«Маҳалла ифтихори» кўкрак нишони таъсис этилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 13 июлдаги «Маҳалла ифтихори» кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисидаги қарори эълон қилинди.

«Жамиятимизда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ўрни ва ролини кучайтириш, жойларда маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, ёш авлодни она Ватанга муҳаббат ва истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, кенг қамровли профилактика тадбирлари ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш, маҳалла фуқаролар йиғинларининг моддий-техника базасини ривожлантириш ишларига муносиб ҳисса қўшиб келаётган фаол, ташаббускор фуқаролар ва жамоатчилик тузилмалари вакилларини тақдирлаш мақсадида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 3 февралдаги «Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-4944-сонли Фармонига асосан «Маҳалла ифтихори» кўкрак нишони таъсис этилсин», дейилган ЎзА томонидан келтирилган қарор матнида.

Кўкрак нишони билан Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахслар ҳам тақдирланиши мумкин. 

Кўкрак нишони билан тақдирлашга оид таклифлар маҳалла фуқаролар йиғинлари томонидан (фуқаролар вакилларининг йиғилишлари қарорлари асосида) Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман (шаҳар) кенгашларига берилади. 

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман (шаҳар) кенгашларининг кўкрак нишони билан тақдирлашга оид таклифлари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий кенгашлари томонидан кўриб чиқилиб, ҳар йилнинг 1 май санасига қадар Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгашига (кейинги ўринларда – Республика кенгаши) тақдим этилади. 

Кўкрак нишони билан тақдирлашга оид таклифларни кўриб чиқиш тартиби Республика кенгаши томонидан белгиланади. 

Кўкрак нишони билан тақдирланган шахслар энг кам ойлик иш ҳақининг тўрт баравари миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти оладилар. 

Бир йўла тўланадиган пул мукофотлари Ўзбекистон «Маҳалла» хайрия жамоат фонди маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. 

Кўкрак нишони, унинг гувоҳномаси ва пул мукофоти Мустақиллик куни байрами арафасида Республика кенгаши раиси (ёки унинг топшириғига биноан бошқа масъул шахслар) томонидан тантанали вазиятда топширилади. 

Кўкрак нишони билан тақдирланган шахсларнинг маҳалла тизими ривожига қўшган муносиб ҳиссаси ва ибратли фаолиятини кенг тарғиб қилиш мақсадида маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳамда туман (шаҳар) марказларидаги «Маҳалла маркази» мажмуалари биноларига ўрнатиладиган «Маҳалламиз ифтихорлари» ахборот пешлавҳасининг намунавий шакли Республика кенгаши томонидан ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.

Кўкрак нишони билан тақдирланган шахслар Ўзбекистон «Маҳалла» хайрия жамоат фонди ҳисобидан мамлакатимиз санаторийларида даволанишлари учун бир маротабалик бепул йўлланма олиш ҳуқуқига эга бўладилар. 

Кўкрак нишони такроран берилмайди.

Мавзуга оид