Жамият | 07:55 / 15.07.2017
54053
2 дақиқада ўқилади

Лола Каримова-Тиллаева: “Улуғбек. Осмон тоқига қўйилган нарвон” халқаро кинофестивал ғолибига айланди

Италиянинг Искья оролида бўлиб ўтган халқаро кинофестивалда “Улуғбек. Осмон тоқига қўйилган нарвон” номли кинокартина “Энг яхши ҳужжатли фильм” номинациясида ғолиб бўлди. Бу ҳақида фильм продюсери Лола Каримова-Тиллаева ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди

Ушбу ҳужжатли фильм астрономия ва геометрия фанларининг тараққиётига улкан ҳисса қўшган буюк мутафаккир Мирзо Улуғбек ҳаёти ҳақида ҳикоя қилади. 

"Дунёнинг турли мамлакатларидаги, турли ёшдаги инсонлар фильмни томоша қилиб, Ватанимизнинг буюк ўғлони ҳақидаги ҳикоя билан танишгач, ҳайратланиб тасанно айтганларида қалбимни тўлдирадиган ҳисларни сўз билан ифодалаб бериш қийин.

Ижодий гуруҳимизни ушбу нуфузли мукофот билан чин қалбимдан муборакбод этаман. Фильмнинг яратилишида продюсерлар сифатида иштирок этиб, асрлар давомида инсонларни ҳайратга солиб келаётган ушбу тарихий воқеани дунё аҳлига ҳавола этиш умр йўлдошим билан менга насиб этгани биз учун катта шараф", деб ёзади Лола Каримова-Тиллаева. 

Соҳибқирон Амир Темурнинг невараси Мирзо Улуғбек дунё илм-фанида ўчмас из қолдирган. Самарқанд унинг ҳукмронлиги даврида астрономия соҳасида тадқиқотлар ўтказиладиган халқаро марказга айланган. Улуғбек бунёд эттирган муаззам расадхонада ўз даврининг пешқадам олиму фузалолари жам бўлган эди. Аллома тартиб берган астрономия жадвалида 1118 та юлдузнинг ҳолати ва жойлашуви муфассал баён этилган. У ҳисоблаб чиққан йил узунлиги натижалари эса замонавий ҳисоб-китоблардан атиги 25 сонияга фарқланади. Буюк олим, шунингдек, Ер сайёраси ўқининг оғиш бурчаги 23,52 градусни ташкил этишини аниқлади, ушбу илмий натижа ҳам ҳозирга қадар энг аниқ кўрсаткич дея эътироф этилади. 

Мавзуга оид