Юнусобод компьютер технологиялари касб-ҳунар коллежи 11 йиллик мактабга айлантирилиши мумкин
Давлат раҳбари Юнусобод туманидаги Исломобод маҳалласида бўлди, деб хабар бермоқда ЎзА.
Маҳалла ҳудудидаги Юнусобод компьютер технологиялари касб-ҳунар коллежида 11 йиллик мактаб таълимини ташкил этиш лойиҳаси тақдимоти ўтказилди. Унда маҳалла фаоллари, ота-оналар иштирок этди.
Юртимиздан дунё илм-фани тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган буюк мутафаккирлар етишиб чиққан. Ёшларимизни уларга муносиб маърифатли, илмли қилиб тарбиялашимиз лозим, деди Президент. Бунда мактаб тарбияси алоҳида ўрин тутади. Мактабда ўқувчи маълум муҳитда шаклланади. Ўқитувчи ва ота-онасининг доимий назоратида бўлади. Мактабдан сўнг коллеж ёки лицейда – бошқа муҳит. Шунинг учун ота-оналар, кенг жамоатчилик фикри, таклифи асосида 11 йиллик мактаб таълими қайта йўлга қўйилмоқда.
11 йиллик мактабларда ўқув дастурларини пухта ишлаб чиқиш, уларни сифатли адабиётлар билан таъминлаш зарурлиги таъкидланди. Ўқувчилар мактаб қошида ёки яқин атрофдаги касб-ҳунар коллежида ташкил этиладиган ўқув ишлаб-чиқариш мажмуаларида ҳафтасига бир марта турли мутахассисликларни ўрганиш имкониятига эга бўлади.
Мактабда ўқишни давом эттириш ёки касб-ҳунар коллежига ўтиш ўқувчининг ихтиёрида. Ўзи танласин, муҳими, уларни тарбияли, ота-онасини ҳурмат қиладиган, ватанпарвар қилиб вояга етказишимиз керак, деди Шавкат Мирзиёев.
Исломобод маҳалласида 3 минг 165 аҳоли истиқомат қилади. Лекин маҳалла ҳудудида мактаб йўқ. Ёшлар бошқа маҳаллалардаги мактабларга қатнашга мажбур. Учрашувда маҳалла фаоллари, ота-оналар ҳудуддаги Юнусобод компьютер технологиялари касб-ҳунар коллежини 11 йиллик мактабга айлантириш таклифини билдирди. Президент ушбу таклифни кўриб чиқиш учун мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди.
Давлатимиз раҳбарига 11 йиллик мактаб таълими, Мудофаа вазирлиги ҳузурида "Темурбеклар мактаби"ни ташкил этиш бўйича ишлаб чиқилган таклифлар ҳақида ҳам маълумот берилди.
Президент шу ерда Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг бир гуруҳ фаоллари билан учрашди. Унда истеъдодли ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уй-жой билан таъминлаш, пойтахтимизда ёш композиторлар уйини ташкил этиш ва бошқа масалалар ҳақида сўз борди.
Мавзуга оид
13:40 / 20.08.2024
Тошкентда қалбаки АҚШ долларини сотаётган шахслар қўлга олинди
13:02 / 23.07.2024
Юнусобод туманида янги қурилаётган бинода ёнғин содир бўлди
21:47 / 03.07.2024
Юнусободда сув қувуридаги авария оқибатлари бартараф этилмоқда
14:04 / 03.07.2024