19:28 / 17.07.2017
18609

Бэйл Роналду, Зидан, Мбаппе ва «Реал»дан кетиши мумкинлиги ҳақидаги саволларга жавоб қайтарди

Мадриддаги Marca нашри «Реал» футболчиси Бэйл билан суҳбатлашди. 

Биринчи навбатда у жамоадоши Криштиану Роналдунинг кетиши ҳақидаги хабарларга муносабатини билдирган:

«Мен бу ҳақда ҳеч нарса билмайман. У «Реал»дан кетадими ёки йўқ. Футболда ҳаммаси тез юз беради, Ромелу Лукаку «Манчестер Юнайтед»га ўтгани ҳақида эндигина билиб турибман. «Реал»га ўзгаришлар керак, деб ҳисобламайман. Биз совринлар ютмоқдамиз, шундай экан, ўзгаришлар нега керак?  Криштиану келажаги ҳақидаги саволни унинг ўзидан сўраганингиз маъқул».

Жароҳати ҳақида
«Ҳаммаси жойида! Ўтган мавсумда мен ўз имкониятларим даражасида ўйнай олмадим, жароҳатимдан тузала олмадим, оғриқ машғулотлар ўтказиш ва формамни тиклашимга халақит қиларди. Мен қаттиқ меҳнат қилдим ва ҳозир ҳолатим яхшиланди. Афсус, мен ўтган мавсумда жамоамга кўп ёрдам бера олмадим. Балки, мен аввал тўла соғайиб, кейин ўйинга қайтишим керак бўлгандир. Нима бўлганда ҳам, ҳозир барчаси ортда қолди, тўпиғим билан ҳаммаси жойида ва мен янги мавсумга тайёрман».

Чемпионлар лигаси финалини захира ўриндиғида бошлагани ҳақида
«Мен Чемпионлар лигаси финалида майдонга тушишни жуда истагандим. Ҳеч бўлмаса, захира ўриндиғида ўтиришни. 6 ҳафта давомида ҳар куни 12 соатдан шу мақсад йўлида ҳаракат қилдим. Мен Чемпионлар лигаси кубогини ўз оилам ва дўстларим қаршисида бошим узра баланд кўтаришни жуда истагандим».

Зидан ҳақида
«Ҳамма ўйнашни истайди. Аммо Зидан таркибни ротация қилиш орқали, куч тежашга ҳаракат қилади. Биз ўтган мавсумда ички чемпионатда ва Чемпионлар лигасида айнан ротация эвазига ғолиб чиқдик.

Биз бир неча кундан буён шу ердамиз. Бизда барчасини муҳокама қилиб олиш учун етарли вақт бор. Асосийси, яхши тайёргарлик. Кўрамиз, қолгани қандай кечаркан».

«Реал»дан кетиши ҳақида қандай ўйлайди?
«Йўқ албатта! Буларнинг барчаси шунчаки миш-миш. Бу гаплар менинг жароҳатим туфайли келиб чиққан. Мен ҳали юқори даражадаги футбол намойиш эта оламан, ҳали ўз максимумимга етганим йўқ. Менда «Реал»билан узоқ муддатли шартнома мавжуд ва мен бу клубда бахтиёрман. Олдинда бизни катта мавсум кутиб турибди ва бу мавсумда мен «Реал» учун кўплаб голлар урмоқчиман. Кейинги мавсум фаолиятимдаги энг яхшиси бўлишини истайман».

«МЮ» қизиқиши ҳақида
«Қизиқиш - шунчаки қизиқиш. Агар таклиф бўлса ҳам, мен буни кўриб чиқмайман. 

Қайтараман, менда «Реал» билан шартнома бор ва мен бу ерда бахтлиман. «Юнайтед»нинг қизиқишлари ҳақида ҳеч нарса эшитмадим. Албатта, барча британиялик футболчилар каби мен ҳамиша премьер-лига билан алоқадорман. Бу Испанияга келганида Дэвид Бекҳэм билан ҳам бўлганди. Бошқа ҳеч нарса.

Эҳтимол «МЮ» менга чиндан қизиқаётгандир, аммо менга ҳеч нарса маълум эмас. Шундай экан, бу ҳақда гапиришдан наф йўқ».

Мбаппенинг келиши мумкинлиги ҳақида
«Афсуски, мен унинг ўйинларини кўрмадим. Лекин биламан, у ажойиб футболчи. Агар «Реал» уни таклиф этса, жамоа янада кучаяди. У Мадридга келса, мен унга мослашиши учун қўлимдан келганча ёрдам бераман».

«Реал»га кейинги мавсумда қайси жамоалар асосий рақиблар бўлади?
«Одатдаги каби. Бир қанча инглиз жамоалари, «Бавария», «Барселона», «Ювентус», «ПСЖ»... Ҳамиша кучли рақиблар бўлади, барчаси ўзимизга боғлиқ. Совринларни қўлга киритиш учун ҳар бир учрашувга жиддий ёндашиш зарур».

Top