2026 йилги жаҳон чемпионатида плей-офф учрашувлари давом этмоқда. 30 июн куни кечқурун ва 1 июлга ўтар кечаси яна учта учрашув ўтказилди – Норвегия Кот-д'Ивуар тўсиғидан ўтди (2:1), Франция Швецияни тор-мор этди (3:0), Мексика эса Эквадорни (2:0) мағлуб этди.

Норвеглар эшкак эшишда давом этмоқда

Кот-д`Ивуар – Норвегия 1:2
Голлар: Нуса, 39 (0:1). Диалло, 74 (1:1). Ҳоланд, 86 (1:2)
Кот-д`Ивуар: Фофана, Коссуну, Агбаду, Конан (Гессан, 90+3), Дуэ, Сангаре, Кессе, Оулаи (Ваи, 60), Диоманде (Туре, 90+3), Пепе (Диаките, 87), Бонни (Диалло, 60)
Норвегия: Нюланн, Айер, Ҳеггем, Волфе, Педерсен (Эурснес, 83), Берге, Берг, Эдегор, Нуса (Бобб, 71), Сёрлот (Шелдеруп, 71), Ҳоланд
Огоҳлантириш: Нуса, 45

1/16 финалда Кот-д'Ивуар билан ўйнашдан олдин Норвегия гуруҳ босқичининг 3-турида Францияга йирик ҳисобда ютқазганди (1:4). Лекин скандинавларнинг бу муваффақиятсизлигига мураббий ўйинга тўлиқ иккинчи таркибни туширгани сабаб бўлди, у энди бу қарори тўғри бўлганини исботлаши талаб этиларди.

Қайсидир маънода бу қурбонлик ўзини оқлади – танаффус арафасида Антонио Нуса Мартин Эдегорнинг узатмасини голга айлантириб, Норвегияни ҳисобда олдинга олиб чиқди. Аммо иккинчи бўлим ўрталарида африкаликлар мувозанатни тиклашди – Амад Диалло ўнг қанотдан рейд уюштириб, ҳимоячилар ва дарвозабонни доғда қолдирди.

Ўйин сценарийси яна қўшимча бўлимлар ва пеналтилар серияси (плей-оффда аллақачон иккита ўйинда шундай бўлганди) ваъда қилаётганди. Аммо Эрлинг Ҳоланд ортиқча ярим соат ўйнашни истамади ва ўйин якунланишига оз вақт қолганида норвегларга ғалаба келтирувчи голни урди.

Унинг голи олдинги икки гол каби чиройли чиқмади, чунки у бўш дарвоза қаршисида тўпга шунчаки тегиниб қўйиши етарли бўлди, лекин айнан шу гол скандинавлар тарихда илк бор жаҳон чемпионати 1/8 финалида ўйнашини таъминлади, кейинги босқичда жамоани Бразилияга қарши ўйин кутмоқда.

«Мен ўзига хос бирдамликни ҳис қиляпман, бу одамга қаттиқ таъсир қилади. Биз бу саёҳатдан завқ оляпмиз», – дея хурсандчилигини журналистлар билан бўлишган Ҳоланд.