Ўзбекистонда айни пайтда глобал-сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлар даври бошланди. Шунинг баробарида давлат ва жамият ҳаётининг жуда кўп тармоқларига янгича нуқтаи назар билан қарашга ўтилди. Айтиш керакки, мигрантларнинг мамлакат иқтисодиётига қўшаётган ҳиссаси салмоқлидир. Аммо жараён иқтисодий ўсиш билан чегараланиб қолмайди. Мигрант замонавий технологиялар билан ишлаб, ўз тажрибасини оширади, дунёқарашини кенгайтиради. Ҳозирги кунда ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигининг фаол иштирокида ушбу соҳадаги ҳуқуқий асослар такомиллаштирилмоқда.
Бугун мазкур агентлик ҳаётида қандай ўзгаришлар бўлмоқда? Аҳоли ўртасида агентликка бўлган муносабат нималар эвазига яхшиланмоқда? Кун.uz ижодий жамоаси Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигининг бошлиғи вазифасини бажарувчиси Хўжабаҳлил Асомов билан очиқ мулоқотда бўлди.

Хўжабаҳлил Асомов четга ишлаш учун кетмоқчи бўлган аҳолига янада қулайлик яратиш мақсадида агентлик томонидан олиб борилаётган ишлар ҳақида тўхталар экан, шундай деди: “Айни кунларда дунё тажрибасидан келиб чиққан ҳолда шундай жараёнлар кетяптики, яқин келажакда аниқ-аниқ давлатларга ишлаш учун одам юбориш билан хусусий компаниялар шуғулланишни бошлайди. Бу янгилик қонун йўли билан тасдиқланади ва мустаҳкамланади. Бундан ташқари, агентликнинг шу кунгача Ўзбекистоннинг бешта вилоятида филиали мавжуд бўлган бўлса, бугунга келиб улар бутун республика бўйлаб очилди. Улар бизнинг жойлардаги вакилларимиз бўлиб, фуқаролар ўзларини қизиқтирган барча саволлар билан филиалларимизга мурожаат қилишлари мумкин бўлади. Бундан ташқари, қайси бир давлат бизга вакант жўнатса, ушбу вакант ҳақида маълумот барча филиалларда бўлади”.
Жанубий Кореяга ишлаш учун кетиш вақтида олинган имтиҳонда юзага чиққан машмаша ҳақида изоҳ бера туриб, суҳбатдошимиз қуйидаги фикрларни билдириб ўтди: “Бу масала нафақат Ўзбекистонда, балки айрим чет эл давлатларида ҳам ўзига хос реакция келтириб чиқарди. Айтишим мумкинки, ўша жараёнга масъул барча раҳбар ва ходимлар лавозимидан озод этилди. Тест синовларини ташкил этишда келгусида янгича ёндашув қўлланилади. Яъни, чет давлатга ишлагани кетмоқчи бўлган фуқаро йил ўн икки ой, ҳафтанинг беш кунида тест топширишлари мумкин бўлади. Бундан ташқари, ушбу тестларга агентлик сайти орқали тайёргарлик кўриш имконияти тақдим этилади. Бу билан улар ўз билимларини ошириб боришади. Шу ўринда айтиб ўтишим лозимки, бу тизим тўлиқ ишга тушгач, аҳоли ўртасида қайта тест синовлари бўлиб ўтади. Аслида, айни кунларда сайтимизнинг ишламай турганига асосий сабаблардан бири ҳам ана шу. Мақсадимиз мукаммал ва тез ишловчи сайтимизни ишга туширишдир















