Ғайриқонуний қарор ёхуд суд устидан кимга шикоят қилиш керак?
Инсон беватан туғилмайди, аммо эл орасида «фалончи ватанли бўлди», деган ибора бор. Бу бежиз айтилмаган. Пешона тери билан уй-жой тиклаган ҳалол одамларга нисбатан қўлланилган. Афсуски, орамизда ўзига тегишли бўлмаган ер-жойни ғайриқонуний тарзда ўзлаштириб оладиган кимсалар ҳам учрайди.
Ана шундай ҳолларда одил ҳукм чиқариш қозилар зиммасидаги вазифа. Буёғи қонунчиларнинг иши. Мабодо, улар ҳам масалага ойдинлик кирита олмаса ёки ноҳақ тарафга ён босса, додингни кимга айтасан? Албатта, ҳақиқат ҳимоячилари бўлган журналистларга-да! Бу гал ҳам шундай бўлди.
Тошкент шаҳар, Олмазор тумани, Бобожонов кўчаси, 163-«а»-уйда рўйхатда турувчи фуқаро Исмат Қосимов ҳамкасбим, журналист Зулайҳо Мусурмоновадан фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг қонунга зид қарори юзасидан матбуотга материал тайёрлаб, ҳақиқатни юзага чиқаришни илтимос қилган экан.
«Мужмал иш, шу мақолани сиз ёзиб бера қолинг», — деди Зулайҳо опа менга юзланиб.
Аввалига иккиландим, аммо «мужмал иш» бўлгани учун эътиборимни тортди. Ҳужжатларни синчиклаб қарасам — ҳаммаси равшан. Маълумотларни батафсил келтиришга ҳаракат қиламан.
2007 йилда Шайхонтоҳур туманида яшовчи фуқароларнинг уйи бузилиши сабабли Олмазор (аввалги С.Раҳимов) тумани, Шифокор кўчасидан хусусий уй қуриш учун ер бўлаклари ажратилади. Бу хусусида туман ҳокимининг қарори мавжуд.
Шифокор кўчасидаги 21б-ер бўлаги фуқаро Ходжаев Фарҳод Собиржоновичга берилади. 2011 йилга келиб Фарҳод Ходжаев ўзига тегишли ҳудудни Исмат Қосимовга сотиб юборади. Исмат Қосимовнинг ерига қўшни ҳудуд, яъни 21б-ер бўлагининг тепа қисми ва 16б-ер бўлагининг ён томони — харитада кўрсатилишча, майдони 6 сотих бўлган 15б-ер бўлаги бўш қолдирилади. Мазкур ҳудуддан катта қувватдаги электр токи ўтганлиги учун, хавфсизлик нуқтаи назаридан ҳеч кимга берилмайди.
2016 йилда Исмат Қосимов мазкур ҳудудни якка тартибда турар жой қуриш учун ажратишларини сўраб, Бош вазирнинг виртуал қабулхонасига мурожаат қилганида, бунга жавобан Олмазор тумани ҳокимияти ушбу ер бўлагида уй-жой қуриб бўлмаслигини тасдиқловчи маълумот жўнатади.
Исмат Қосимов мазкур ҳудудга эга бўлиш мақсадида 2017 йил Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасига ариза ёзади ва мазкур аризага жавобан, 21б-уй ёнидаги 6 сотихли бўш ер майдони давлат томонидан ҳеч кимга берилмагани маълум бўлади.
Исмат Қосимовни ажаблантирган нарса шуки, у бир неча бор қонуний йўл билан мурожаат қилиб эга бўлолмаган ҳудуд ҳозирга қадар кўплаб шахслар томонидан ноқонуний тарзда бир неча бор ўраб олинади ва ўзбошимчалик билан қурилма кўтаришга уринишлар бўлади.
Худди шундай қонунга зид хатти-ҳаракат 2016 йилда фуқаро Рихсивай Мирсоатов томонидан ҳам содир этилади. Мазкур шахс ҳеч қандай рухсат берувчи ҳужжатларсиз, архитектура ва шаҳарсозлик нормаларига зид равишда 571.30 кв.м ер майдонини девор билан ўраб, 16.66 кв.м.ли учта қурилиши тугалланмаган хона, девор ва эшикдан иборат қурилма кўтаради. И.Қосимов эса дарҳол бу вазиятдан Олмазор туман ҳокимияти ва кадастрни хабардор қилади. Ҳокимият ва кадастрнинг бир неча маротаба огоҳлантиришига қарамай Р.Мирсоатов қурилишни ниҳоясига етказади. Ҳокимият органларини назар-писанд этмаган Р.Мирсоатов кимга ва нимага ишониб иш тутади, бу унинг ўзига аён.
Бу ҳолатдан фиғони фалакка ўрлаган И.Қосимов ноилож Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасига шикоят қилади. Мурожаатига жавобан жўнатилган маълумотда қайд этилишича, Олмазор туман ҳокимияти ноқонуний эгаллаб олинган ер майдонини бўшатиш ва қурилган қурилмани фуқаро Р.Мирсоатов ҳисобидан бузиш тўғрисида қарор қабул қилишни сўраб 2016 йилнинг 8 ноябрь куни фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судига даъво аризаси билан мурожаат этади.
Буни қарангки, Исмат Қосимов виртуал қабулхонага мурожаат қилмагунча бу иш жиддий кўриб чиқилмайди. Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Ер кодексида қайд этилганидек, ерлардан оқилона фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини амалга ошириш туманлар давлат ҳокимияти органларининг ер муносабатларини тартибга солиш соҳасидаги ваколатларига киради. Аслида ҳам фуқаро ҳокимият ваколатларини ёдга солиб туриши керак-ми?
Ниҳоят иш судга оширилгач, 2017 йил 27 январь куни фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманлараро суди судьяси С.С.Зулуновнинг раислигида даъвогар Тошкент шаҳар Олмазор туман ҳокимиятининг жавобгар Р.Мирсоатовга нисбатан ноқонуний қурилмани бузиш ва ер майдонини бўшатиш ҳақидаги даъво аризаси бўйича юритилган 1-479/17-сонли фуқаролик ишини кўриб чиқиб, қарор қабул қилади. Дарвоқе, жавобгар Р.Мирсоатов суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тартибда огоҳлантирилган бўлишига қарамай, ҳеч қандай узрли сабабларсиз суд залига келмайди. Шу боис суд ФПКнинг тегишли моддаси билан ишни кўриб чиқишни ва қарор қабул қилишни лозим топади.
Ажабланарлиси, судда учинчи шахс сифатида иштирок этиши шарт бўлган Тошкент шаҳар Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри хизмати Давлат унитар корхонаси кадастр вакили ҳамда Тошкент шаҳар архитектура ва қурилиш бош бошқармаси вакили суд мажлисига, вақти ва жойи ҳақида хабардор бўлишига қарамай сабабсиз келмайди. ФПКсининг тегишли моддасига асосан суд иши улар иштирокисиз кўрилади. Суд иш ҳужжатларига етарли баҳо бериб, қарор қабул қилади.
Суд қарорида жавобгар Р.Мирсоатовнинг қурилмани ўз ҳисобидан бузиб ташлаши ва ер майдони бўшатиши шарт экани қайд этилади. Шунингдек, Р.Мирсоатовдан давлат фойдасига 149.775 сўм бож ундирилиши назарда тутилади.
Табиийки, бу қарордан Р.Мирсоатов хурсанд бўлмайди. Нима қилса ҳам қурилмани ва ерни асраб қолиш учун ҳаракатга тушиб қолади. Бунинг учун бор имкониятини ишга солишга уринади. Аввало, суд қарори юзасидан Тошкент шаҳар прокуратурасига шикоят беради. Кейин эса «ҳақ»лигини исботловчи ҳужжатларни (улар асоссиз ва сохта бўлса-да) тўплай бошлайди.
Ерга эгалик қилишини асословчи ҳужжат сифатида 1993 йилда ишчи-хизматчиларга турар-жой қуриш учун ажратилган протокол ва шу асосидаги қарорни илова қилади. Мазкур қарорда ҳақиқатан ҳам қатор ишчи-хизматчи ва мутахассисларга Охунбобоев номли жамоа хўжалигидан 0.06 га ва 0.08 га дан томорқа ери ажратиш белгиланган. Улар орасида Р.Мирсоатовнинг исми-шарифи қайд этилган. Аммо протоколда ҳам, қарорда ҳам қайси ер бўлаги кимга тақдим этилгани ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. Қоидага кўра, умумий қарор қабул қилингач, кимга, қайси ер бўлаги текканлигини тасдиқловчи алоҳида қарор қабул қилиниш керак. Бу Р.Мирсоатов кўрсатган ҳужжат асосли эмаслигини исботловчи биринчи далил.
Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 35-моддасига кўра, юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкаларига бўлган ҳуқуқлари давлат рўйхатига олиниши керак. Ер участкаларига бўлган ҳуқуқлар давлат рўйхатига олингани тўғрисида рўйхатга олинган сана ва тартиб рақами кўрсатилган ҳолда гувоҳнома берилади. Р.Мирсоатовда бундай ҳужжат ҳам мавжуд эмас.
Суриштирувлар натижасида Р.Мирсоатов кўрсатган 1993 йилги қарорда ер тузувчи муҳандис сифатида ерларни тақсимлаш зиммасига юкланган Пулатов Кабилжан Олмазор туман ҳокимига берган тушунтириш хатида қуйидагиларни қайд этади: «Ушбу ер майдонини ҳеч кимга ўлчаб бермаганман, ўлчаб беришга ҳақим ҳам бўлмаган. Чунки бу ерлар Охунбобоев жамоа хўжалигига тегишли бўлмай, бу ҳудудда Республика руҳий касалликлар шифохонаси бўлган».
Учинчидан, Р.Мирсоатов 2016 йилда «Гулзор» МФЙдан 1995 йилдан буён мазкур ҳудудда яшаб, солиқларни тўлаб келаётгани ҳақида сохта далолатнома олади. Давлатнинг таянчи, фуқароларнинг бирдамлиги бўлган маҳалланинг бундай кўр-кўрона ҳаракатига қандай баҳо бериш ўз ихтиёрингизда! Ваҳоланки, ўша МФЙ ишнинг чигаллигини сезиб берган далолатномасининг сохта эканини, ўз тили билан айтганда, адашиб берганлиги қайд этилган бошқа бир маълумотнома ҳам тақдим этади.
Хуллас, Р.Мирсоатов суд қарори юзасидан Тошкент шаҳар прокуратураси орқали фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар судига норозилик билдиради.
Аммо даъвогар Олмазор тумани ҳокимияти ҳуқуқшуносининг маълумотига кўра, жорий йилнинг 7 июль куни фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди 3 ой давомида ишни қайта кўриб чиқиб, Р.Мирсоатовнинг қўлидаги 1993 йилдаги (юқорида 15б-ер бўлагига эгалик қилишга асос бўлолмаслиги исботланган) қарор асосида фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судининг 27.01.2017 йилги қарорини бекор қилади. Яъни, қурилма бузилиши ва ер бўшатилиши тўғрисидаги қарор ўз кучини йўқотади. Балки судда биз билмаган асос бўлишга арзигўлик бошқа бир далил бордир. Аммо буниси бизга қоронғи!
Биздаги маълумотлар иш Р.Мирсоатовнинг фойдасига ҳал этилса, адолатсизлик бўлишини кўрсатмоқда.
Нега энди 2007 йилдаги қарорда бўш ер, деб қайд этилади-ю, 1993 йилда қабул қилинган қарор асосида у ерга эгалик қилинади. Ваҳоланки, мазкур ҳудудни Р.Мирсоатовга тегишли эканини тасдиқловчи бирорта ҳужжат мавжуд эмас.
Нега у ҳокимият органларининг бир неча бор огоҳлантиришларига қарамай, ноқонуний қурилма кўтаради, агар ҳақ бўлганда тегишли ҳужжатлар асосида иш кўрмасмиди?
Яна бир ҳақли савол, нима учун у огоҳлантирилган бўлишига қарамай, узрли сабабларсиз суд мажлисига келмайди?
Нега судга сохта далолатнома тақдим этади. Бу суд ишини чигаллаштириб, уни жавобгарликка тортилишига асос бўлмайдими?
Биздаги далиллар прокурорда ёхуд судда мавжуд эмасми? Мавжуд бўлса, нега бундай қарор қабул қилинди? Ахир прокуратуранинг вазифаси қонунларнинг аниқ ва бир хилда бажарилиши юзасидан назоратни амалга ошириш эди-ку, суднинг зиммасига эса одил судловни амалга ошириш вазифаси юклатилган. Ёки юқорида қайд этилган органларнинг Р.Мирсоатовдан тили қисиғлик жойи борми? Ҳай, ҳай, ҳай, тил бесуяк, нималар демайди...
Хуллас, саволлар талай, балки мақоламиз оммавий ахборот воситаларида чоп этилса, асосли жавоб берувчи бирор инсон топилар! Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 27 июнь матбуот ва ОАВ ходимлари куни муносабати билан биз журналистларга йўллаган табригида, «журналистлар менинг ёрдамичиларим, ҳақиқат ҳимоячилари», деган сўзларига таяниб шу мақолани ёзишни виждон иши, деб билдим. Ахир кимдир ҳақ сўзни айтиши керак-ку?!
Хайрулла Касимов,
журналист.
Мавзуга оид
19:12 / 31.10.2024
“Халқимизнинг соддалиги сабаб бўлмоқда”— Тошкент шаҳар суди раиси Panorama Airways ишига тўхталди
14:10 / 31.10.2024
Судгача санация қилиш жараёнида давлат томонидан ёрдам кўрсатилади
18:06 / 17.10.2024
Қашқадарёда судя ёрдамчиси ўзини ишдан бўшатган суд раиси устидан шу судга даъво киритди
11:08 / 17.10.2024