Пойтахтдан Чинозга кетаверишда, катта йўлнинг чап томонида темир антенналарга кўзингиз тушган, албатта. Шу ерда Қуёшли деган қишлоқ бор. 2012-2013 йилларда Қуёшлига туташ жойда намунали уйлар қуриш бошланди. Қурилиш турли сабабларга кўра узоқ давом этди. Ҳозир Мафтункор деб ном олган ушбу аҳоли масканидаги уйларнинг 50 фоизида уй эгалари яшаса, қолганлари ё бўш турибди ёки ижарага берилган. Хўш, нега, деган савол туғилади. Сабаби кўп. Масалан, ҳовлиларга сув ўтказиш тизими тортилган, аммо келаётган сувни ичиб бўлмайди — шўр, қаттиқ, овқатни тахир қилади, томорқага қўйсанг, ерга туз сепилгандек оқариб, шўрлаб кетади. Транспорти борлар пойтахтдан сув ташиб ичишади, қолганлар эса пешонамдан кўрдим, дея шу сувга қаноат қилишади.

Коттеждагилар (қўшни қишлоқда яшовчилар намунали уйларда яшовчиларни шундай номлашган) ичимлик сувини яхшилаш учун аввал турли идораларга, кейин Виртуал қабулхонага ёзишди, туман ҳокими билан бўлган учрашувда айтишди. Озгина ҳаракат бошланди. Суратда кўриб турганингиздек, черепицадан қўлбола сув тозалайдиган “будка” ўрнатишди. Бочкадаги хлорни томчилатиб гўёки сувни зарарли моддалардан тозалашмоқчи бўлишди. Аммо бу усул ўзини оқламади, “қайсар” сув юмшаб, ичимлик сувига айланмади. Ҳа, айтгандай, мафтункорликлар сувни текширитириб кўришганда, у белгиланган меъёр талабларига жавоб бермаслиги аниқланди. Коттежлар учун сув етказиб берадиган артезиан қудуғи Қуёшлидаги кўп қаватли уйлардан чиқадиган оқава сувлар тўпланадиган, ўзбекчасига айтадиган бўлсак, ҳовуз яқинида қурилган. Мана, бир неча йилдирки, канализация қувури ёрилиб, атрофга бадбўй ҳид таратиб ётибди. Табиий, у ерга сизиб артезиан қудуғидаги сувга қўшилади. Хуллас, мутасаддиларнинг ваъдалари ваъдалигича қолди.

Иккинчи сабаб, транспорт тизимининг йўлга қўйилмагани. Пойтахтга қатнаб ўқийдиган, ишлайдиганлар кўп. Шаҳарга 15 дақиқалик йўлда жойлашган қишлоқнинг одамлари 500-700 метр яёв юриб, кейин транспортда пойтахтга боришга мажбур, қайтишда ҳам шу аҳвол.
Учинчи сабаб, уйларнинг жуда сифатсиз қурилгани. Фойдаланишга топширилганига ҳеч қанча вақт бўлмай, уйларнинг буёқлари кўчиб, йўлакчалар цемент кам қўшилганидан нураб кетаётир. Ҳатто, баъзи уйларнинг деворлари ёрилиб кетган. Мисол учун, 11-уйнинг эгаси Саидхўжа Пўлатхўжаевнинг айтишича, уйига кўчиб киришга чўчимоқда. Дарҳақиқат, 11-уйнинг кўча томонида, ичкарида сезиларли ёриқлар пайдо бўлган. 88 ва 91-уйларда аҳвол бундан-да баттар. Уй эгалари мутасаддиларга айтавериб, ҳафсалалари пир бўлган.






















