10:59 / 24.07.2017
12900

Ўзбекистонда молия бозорини ривожлантириш концепцияси лойиҳаси ишлаб чиқилди

Ўзбекистонда 2017-2021 йилларда молия бозорини ривожлантириш концепцияси лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ҳужжат норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг муҳокамаси порталида жойлаштирилган.

Ўзбекистон молия бозорини ривожлантириш концепцияси лойиҳаси Ўзбекистон Молия вазирлиги томонидан Корея фонд биржаси, БМТ Тараққиёт дастури, Халқаро молия корпорацияси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар Институти ҳамда бошқа тузилмалар билан ҳамкорликда ишлаб чиқилди.

Ҳужжат Ўзбекистон фонд ва суғурта бозорини қамраб олади ҳамда ушбу бозорларни янада ривожлантириш бўйича чора-тадбирларга эга.

Концепция амалга оширилиши натижасида маҳаллий фонд бозорининг ривожи янги босқичга чиқиши ва сармоявий фаолиятни ривожлантириш учун қўшимча манбалар ташкил этилиши кутилмоқда.

Концепция амалга ошириладиган бўлса, суғурта компаниялари активлари 3,7 баробарга, суғурта хизматлари ҳажми – 4,5 баробарга, сармоялар ҳажми – 3,5 баробарга ошади, бу эса ЯИМда суғурта хизматлари улушини икки баробарга ошириш имконини беради.

Ҳужжат молия бозори сегментларининг фаолият юритишида ахборот технологиялари кенг қўлланилиши учун янги имкониятлар ҳам очади.

Ҳужжат билан 2017-2021 йилларда молия бозорини янада ривожлантириш бўйича Комплекс дастурни тасдиқлаш таклиф этилмоқда.

Концепцияни амалга ошириш доирасида молия бозорининг норматив-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирларни қабул қилиш режалаштирилган.

Top