Миграция сиёсати орқали ноқонуний мигрантлар сони камайиши, шунингдек, чет эл фуқаролари ўртасидаги жиноятлар даражаси пасайишига эришиш кўзда тутилган.
Россия президенти Владимир Путин Россия Федерацияси давлат миграция сиёсатининг 2026-2030 йилларга мўлжалланган янги концепциясини тасдиқлади. Ҳужжат ҳуқуқий ҳужжатлар сайтида жойлаштирилган. У 2019-2025 йиллар учун қабул қилинган аввалги концепциянинг ўрнини эгаллайди.
Ҳужжатда миграция сиёсатини ривожлантиришнинг мақсадлари, асосий вазифалари ва йўналишлари аниқ ифодаланган. Унда чет эл фуқароларининг кириши ва чиқишини тартибга солиш, уларнинг қонуний бўлиш шартлари, миграция ҳисоби, вақтинчалик бошпана бериш, шунингдек, Россия фуқаролигини олиш тартиб-таомиллари бўйича тўпланган тажриба акс эттирилган.
Янги таҳрирда мигрантларнинг маданий ва ижтимоий интеграциясига, миллий хавфсизликни мустаҳкамлашга ва «Россия жамиятига хос қадриятларни» сақлаб қолишга эътибор кучайтирилмоқда.
Концепциянинг асосий мақсади бир вақтнинг ўзида демография, меҳнат бозори, хавфсизлик ва ижтимоий-маданий барқарорлик муаммоларини ҳал қилишга қодир бўлган мувозанатли миграция сиёсатини шакллантиришдан иборат.
Ҳужжатнинг асосий элементи шундаки, Россияга кўчиб келган мигрантлар нафақат мослашади, балки Россиянинг «анъанавий қадриятларини баҳам кўради ва ҳурмат қилади», мамлакат ҳаётининг фаол иштирокчисига айланади ва доимий яшашга интилади.
Янги ҳужжат нимани назарда тутади?
Анъанавий қадриятларни баҳам кўрадиган мигрантлар улушининг ўсиши. Концепция Россия Федерациясига кўчиб келаётган чет элликлар орасида Россия жамиятининг маданий, тарихий ва маънавий кўрсатмаларини тан оладиган ва қабул қиладиган одамлар сонини кўпайтиришга қаратилган.
Мигрантлар болаларининг таълими. Мигрантларнинг фарзандлари мактабларга қатнаши ва таълим тизимидан четда қолмаслигига катта эътибор қаратилмоқда.
Мигрантларнинг ишламайдиган ва ўқимайдиган оила аъзолари учун чекловлар. Агар улар мослашиш дастурларига киритилмаган ёки ижтимоий фойдали тадбирларда иштирок этиш ташаббусини кўрсатмаган бўлса, на ишлаётган, на ўқиётган мигрантлар оила аъзоларининг Россияда қолишини чеклаш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилган.














