Ўзбекистон | 09:06 / 25.07.2017
10226
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Германия ўртасида баённома имзоланди

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси Азим Аҳмадхўжаев раҳбарлигидаги делегация молиявий ва техникавий ҳамкорлик юзасидан Ўзбекистон-Германия ҳукуматлараро музокараларининг навбатдаги йиғилишида қатнашиш учун ГФРда бўлди.

“Жаҳон” ахборот агентлигининг хабар беришича, Ўзбекистон делегацияси таркибидан Республика Соғлиқни сақлаш, Қишлоқ ва сув хўжалиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси мутахассислари ўрин олди. 

Музокараларда ГФР томонидан иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш федерал вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, шунингдек, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти, “KfW ” тараққиёт банки ҳамда Физика-технология федерал хизмати вакиллари иштирок этдилар.

Учрашувлар чоғида немис ҳамкорларга Ўзбекистонда давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берилди. 

Музокаралар якунига кўра соғлиқни сақлаш ва иқтисодиётни жадал ривожлантиришни амалга ошириш каби асосий йўналишларни қамраб олган баённома имзоланди. Молиявий ҳамкорлик йўналиши бўйича ГФР 2017-2018 йиллар давомида Ўзбекистон ҳукуматига 12,3 миллион евро ажратиши кўзда тутилган. Таъкидлаш жоизки, ҳозирги вақтда икки томонлама молиявий ва техникавий ҳамкорликнинг умумий ҳажми 341,44 миллион еврони ташкил этади.

Шунингдек, учрашувда томонлар Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Ўрта махсус ва касб-ҳунар таълим маркази ҳамда Германия халқаро ҳамкорлик жамияти ўртасида “Марказий Осиёда профессионал таълим” минтақавий дастурини амалга ошириш бўйича ўзаро англашув тўғрисидаги меморандум имзоланди. 

Мазкур ҳужжатда ўрта-махсус таълимни модернизация қилиш ва билим олиш даражасини умумэътироф қилинган андозалар даражасига кўтаришда Германия халқаро ҳамкорлик жамиятининг кўмаги кўзда тутилган. 

Мавзуга оид