АҚШ ва Исроил бошлаган урушда ташаббус ҳозирча Эрон тарафида. Сиёсий тузум Трамп кутганидек қисқа муддатда ағдарилмади. Аксинча, энди Эрон АҚШ ва Ғарбга иқтисодий, ҳарбий ва сиёсий босимга ўтди: уруш қанча чўзилса, Трампнинг аҳволи шунчалик таранглашади, Ғарб давлатларининг иқтисодий аҳволи шунча оғирлашади.

Иккинчидан, Эрон ҳозир музокара бошлашга рози бўлса, АҚШ босим қилишда давом этиши мумкин. Парадокс шундаки, урушда мағлуб бўлмаслик учун ҳар қанча оғир бўлмасин, Эрон босим қилишда ва урушишда давом этиши керак. Бу уруш ҳали-бери тўхтамаслиги ва эскалация кучайиб боришини англатади.

АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруш очганига ҳам ҳадемай бир ой тўлади. Лекин мана, бир ойдирки, уруш тўхташ томон эмас, аксинча, эскалация – кучайиб бориш томон кетмоқда. Бошида АҚШ ва Исроил Эрон давлати раҳбарларини йўқ қилиб, Эрондаги сиёсий тизим йиқилишига умид қилган эди. Бироқ ундай бўлмади. Натижада энди ҳолсизлантирувчи уруш бошланиб кетди.

Кейинги кунларда Трамп «биз Эрон билан жуда яхши музокаралар олиб боряпмиз», «Эрон билан келишувга яқинмиз», «музокаралар кетяпти», «Эрон урушни тўхтатишимизни, музокараларга ўтиришимизни сўраяпти» деган маънодаги кўплаб баёнотлар берди. Бироқ бунга жавобан Эрон расмийлари «бу гапларнинг бари ёлғон, биз АҚШ билан ҳеч қандай музокара олиб бормаяпмиз», «Эрон музокараларга бормайди, урушни давом эттирамиз», «Трамп ўзи билан музокара олиб бораётгандир, лекин Эрон билан эмас…» деган оҳангдаги қатьий жавобларни қайтарди.

Бу бир-бирига зид баёнотлар дунё ҳамжамиятини, экспертларни ҳам адаштирмоқда. Реал вазиятни тушуниш қийин бўляпти. Ҳақиқатда АҚШ ва Эрон ўртасида яширинча музокаралар кетмоқдами, кетаётган бўлса, томонларнинг шартлари ва келишув потенциали қандай, деган саволлар мавжуд.

Биринчидан, Трамп – ҳеч иккиланмасдан ёлғон гапира оладиган сиёсатчи, у ўзи хоҳлаган нарсани «реал вазият шундай» дея тақдим қила олади. Шунинг учун Трампнинг гапларига шубҳа билан қараш – одатий ҳол.

Иккинчидан, ҳақиқатан ҳам АҚШ ва Эрон ўртасида контактлар, алоқалар бўлиши аниқ. Чунки ҳатто урушаётган давлатлар ҳам бошқа давлатлар ёки шахслар орқали ўзаро мулоқотларни ушлаб туришга ҳаракат қилишади, қизил чизиқларни бир-бирига айтиб туришади.

Учинчидан, CNN телеканали манбаларига кўра, Эрон АҚШга ишонмаса-да, АҚШ тарафидан асосий музокарачи борасида ўз истагини билдирган. Эрон сўровига кўра, АҚШ тарафидан Стив Уиткофф ва Жаред Кушнер эмас, вице-президент Вэнс келиши керак. Лекин бу масалани фақат Трамп ҳал қилади.