Жамият | 22:44 / 01.08.2017
93536
5 дақиқада ўқилади

Тошкент бозорларида гўшт нархи қанча?

Сўнгги кунларда қатор ОАВ муҳокамасида бўлиб келаётган мавзулардан бири бу озиқ овқат маҳсулотлари, айниқса сабзавот ва гўшт маҳсулотлари нархи сезиларли кўтарилиб, қимматлашгани ҳақида бўлмоқда, десак муболаға бўлмайди. Айниқса, гўшт нархининг кўтарилгани турли фикрларни келтириб чиқармоқда. Хусусан, айримлар гўшт қимматлашувида қассобларни айблаётган бўлса, кимлардир чорвадорлар ва қорамол етиштирувчиларни танқид қилмоқда. Бошқалар ем-хашак нархи кўтарилганини важ қилишаяпти, яна кимлардир гўшт экспорт қилишга рухсат берилганини сабаб сифатида кўрсатишмоқда.

Кун.uz таҳририяти ушбу масалани Тошкент шаҳри бозорлари ва кушхоналари мисолида ўрганиб чиқишга қарор қилди. 

Ўрганишлар Тошкентнинг Миробод, Чорсу ва Фарход бозорлари гўшт бозорларида олиб борилди. Бундан ташқари гўшт савдоси билан шуғулланувчи дўконлар ва супермаркетлар (Корзинка, Касбино) гўшт расталаридаги нарх-наво ўрганиб чиқилди.

Ўрганишлар давомида Учтепа ва Шайхонтоҳур туманларидаги кушхоналарда ҳам бўлинди. Бу ерда қўй гўштининг бир килограмми 30000-31500 сўмдан тортилаётгани аниқланди. 

Мол гўшти эса, бир килограмми 32000-32500 сўмдан сотилмоқда. Бунда, алоҳида таъкидлаш жоизки, кушхонада сотилаётган гўшт мол ёки қўй сўйилганидан сўнг 4 қисмининг вазни ҳисобга олинади. 

Шуни алоҳида уқдиришни истардикки, бозорларда “Ўзбекозиқовқатзахира” ташкилоти томонидан ташкил этилган савдо расталарида арзон нархларда гўштлар таклиф этилмоқда. Уларнинг 1 килограмми 20 минг -24 мингдан сотилмоқда. Аммо, уларнинг сифатига харидорнинг саволлари бўлиши аниқ. Масалан, музлатилиб, қадоқланган гўшт килоси 21 минг сўмдан сотилаётган бўлса-да, унинг сифати ҳаминқадар экани кўриниб турибди. Яна сотувчиларнинг айтишларича, бу гўштлар ҳарбийлар учун бир неча йиллар мобайнида музхоналарда сақланиб келинган захирадаги гўштлардан қадоқланган. Бизнинг ушбу гўштларнинг неча йиллик эканига доир саволимизга сотувчи аниқ жавоб бера олмади.

Қассоблар билан олиб борилган мулоқотда уларнинг айтишларича, гўшт нархининг қимматлашувида уларнинг айби йўқ. Чунки, гўштни лаҳм ва суяклига ажратмасдан, кўтарасига кушхоналардан олишади. Шунинг учун ҳам сўнгги вақтларда улар лаҳм гўшт сотишни маъқул кўришмаяпти. Мижоз лаҳм гўштни сўраган тақдирда ҳам бир кило гўштга керакли суяк қўйилиб, сўнгра нарх чиқарилгач, суяк олиб ташланади, аммо нарх ўзгартирилмайди. 

Шунингдек, Фарход бозорида Бухоро вилояти Олот туманидан келтирилгани қайд этилган гўштларнинг сифатини эса, гарчи уларда ветеринария назоратининг рухсати ва муҳри бўлса ҳам ташқи кўриниши мижозни қочиради.

Харидорлар билан суҳбатлашилганда, улар арзон гўштни харид қилишса бир килограмм гўштга меъёрдагидан кўп суяк берилишини таъкидлашди. Айрим қассобларнинг айтишларича, бугунги кунда кушхоналарнинг ўзида ҳам бўрдоқи қорамол ва қўй сони камайган, яъни тирик қорамол танқислиги кузатилмоқда. Авваллари бир кунда 4-5 та “КамаЗ” автомобилида (ҳар бирида 15 тадан) қорамол сўйиб қассобларга сотилган бўлса, шу кеча-кундузда бир кунда 1 та юк машинасида олиб келтирилган 15 тача қорамолни харид қилиш учун 70-80 қассоб навбат кутади. Уларга, балки экспортга рухсат берилгани шундай танқисликни келтириб чиқаргандир, деган савол билан мурожаат қилганимизда, бу нарсанинг таъсир кўрсатишига шубҳа билдиришди. Қассобларнинг аксарияти масаланинг ечимини кам қорамолни таклиф этаётган кушхоналардан қидириш керак, деган фикрларни билдиришди.

Шундан сўнг, кушхоналар фаолияти ўрганилди. Уларнинг вакилларидан гўшт танқислиги хусусида фикрлар сўралди. Улар 3-4 ой аввал кунига 3-4 та йирик юк машинасида келтирилган қорамоллар сўйилиб сотилгани, бугунги кунда бу рақам 1 та юк машинасини ташкил этаётганини тасдиқлашди. Кушхона вакилларининг айтишларича, жойларда чорвадорлар қорамол ва қўйларни сўқимга боқишни камайтиришган. Кушхонага бўрдоқи мол олиб келган деҳқон билан суҳбатда у айни вақтда бўрдоқи боқиш иқтисодий жиҳатдан ўзини оқламаётганини таъкидлади. 

У ўз мисолида масалани очиқлади. Шундай қилиб, чорвадорнинг айтишича, у кушхонага вилоятдан 5 та қорамол келтирган. 5 та қорамол таннархи сўйиб сотилганидан сўнг, 25 млн 776 минг сўмни ташкил этган. Бундан 1 млн сўм (транспорт харажати) чиқариб ташланади. Қолган 24 млн 776 минг сўмдан қорамолларнинг бозордан олинган нархи ва ем-хашак учун харажатлар чиқариб ташланса, 4-6 ойда 2 млн сўм даромад кўрмоқда. 

“Шунга кўра, - деди чорвадор, - кўпчилик мен билган кишилар ҳам бўрдоқи боқишни камайтиришди ва далага чиқиб, деҳқончилик қилишни маъқул кўришмоқда”.  

Қолаверса, унинг сўзларига кўра, ем-хашак кўтарилгани ҳам бунга салбий таъсир кўрсатаяпти. 

 

Мавзуга оид