09:58 / 03.08.2017
18541

GM Uzbekistan “Сирдарёавтотеххизмат” ходими фирибгарлиги билан боғлиқ ҳолатга изоҳ берди

GM Uzbekistan компанияси Facebook’даги саҳифасида Иккинчи жаҳон уруши фахрийларига берилган сертификатдан фойдаланиш орқали автомобилларни сотишда фирибгарлик билан шуғулланган “Сирдарёавтотеххизмат” МЧЖ ходими Абдумурод Ҳақбердиевнинг қўлга олингани ҳақидаги хабарга изоҳ берди.

Ахборотда айтилишича  “GM Uzbekistan” АЖ коррупциянинг исталган кўринишини қатъий қоралайди ва бизнинг корхона фаолиятига алоқадор бўлган ва автомобилларнинг реализацияси жараёнида ноқонуний равишда бойишга ҳаракат қилувчи исталган мансабдор шахс ёки ташкилотга нисбатан муросасиз позицияси ҳақида маълум қилади”.

Бундан ташқари, қайд этилишича, компания томонидан коррупция ҳолатларининг олдини олиш бўйича қатор чора-тадбирлар кўрилган. Улар орасида савдонинг янги тизими, шартнома олиш учун мурожаатларни электрон рўйхатдан ўтказишни жорий этиш, автомобилларни тақсимлашда шаффофликни таъминлаш, шунингдек, GM Uzbekistan ва дилерлик корхоналарининг барча ходимлари ўртасида кенг тушунтириш ишларининг олиб борилиши бўйича тадбирлар бор.

“Бизнинг корхона ва барча дилерлик ташкилотларнинг ҳар бир ходими ноқонуний бойиш мақсадида коррупция ва фирибгарликнинг исталган кўринишига йўл қўймаслик бўйича ёзма мажбуриятни ўзига олган”, - дейилади компания ахборотида.

Бундай мажбуриятлар автомобилларни сотиш соҳасида фаолият кўрсатувчи ташкилотлар билан индивидуал дилерлик келишувларига киритилган. Ушбу ҳолатлар ноқонуний бойиш усулларидан фойдаланиш бўйича қандайдир фактлар аниқланса, турли жавобгарлик чоралари, хусусан, барча шартнома мажбуриятларини бекор қилишни назарда тутади.

Компания ахборотида қайд этилишича, Абдумурод Ҳақбердиев дилерлик ташкилотларининг барча ходимлари каби, 2017 йилнинг январида ёзма кўринишда бу мажбуриятни ўз бўйнига олган. “Бироқ шунга қарамай, ушбу шахс ноқонуний ҳаракатлари оқибатлари қанчалик жиддий экани ва жиноий хатти-ҳаракатлар учун жазо муқаррарлиги тамойилини охиригача англамаган кўринади”, - дейилади ахборотда.

Шу билан бирга, таъкидланишича, аниқ бир шахснинг ушбу ҳаракатлари алоҳида ҳолат бўлиб, “GM Uzbekistan” АЖ автомобилларининг реализацияси бутун тизимига экстраполяция қилинмаслиги лозим. 

“GM Uzbekistan” АЖ ушбу ҳодиса бўйича тўлиқ суриштирув ўтказишда ҳуқуқ-тартибот ва суд органларига ёрдам беришга тайёрлигини маълум қилган.

Top