Халқаро меҳнат ташкилоти ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида имзоланган “Ўзбекистон Республикасида муносиб меҳнат дастури”га биноан жорий йилнинг 7-19 август кунларида Сирдарё вилоятининг барча туман, шаҳарларида давлат органлари, Нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари ва фермерлар иштирокида семинарлар ўтказилиши белгиланган.
Ушбу семинарларда Халқаро меҳнат ташкилотининг эксперти Светлана Егорова иштирок этиши кутилмоқда. Семинарларнинг ўтказилишидан асосий мақсад, давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари ва фермерларга Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан қабул қилинган ва Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган конвенциялари, хусусан, “Зўрлаб ишлатиш ва мажбурий меҳнат тўғрисида”ги 29-сонли, “Мажбурий меҳнатни тугатиш тўғрисида”ги 105-сонли ва “Болалар меҳнатининг оғир шаклларини тақиқлаш ва йўқ қилишга доир шошилинч чоралар тўғрисида”ги 182-сонли конвенцияларнинг мазмун ва мақсади тушунтиришдан иборат.
"Айтиш керакки, худди шундай семинарлар, Касаба уюшмалари Федерациясининг ХМТ билан ҳамкорлиги ўтган йилларда ҳам юқори савияда ташкил этилган, уларнинг самараси ўлароқ, мамлакатимизда, шу жумладан, вилоятимизда мактаб ўқувчиларини оммавий ягана, чеканка ва пахта теримига жалб этилиши тўхтатилди. Биз бу борада тарғибот ишларини бу йил ҳам изчил олиб борамиз, - дейди Сирдарё вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси Камолиддин Оқбўтаев.
Касаба уюшмалари нафақат аъзоларининг ижтимоий ҳақ-ҳуқуқларини муҳофаза этиб келмоқда, балки улар орасида ҳуқуқий саводхонликни ошириш борасида кенг кўламли тарғибот ишлари ўтказмоқда. Бу борада касаба уюшмалари ҳуқуқ-тартибот органлари, шу билан бирга қатор нодавлат нотижорат ташкилотлари ва ОАВ билан мустаҳкам алоқани йўлга қўйган. Шу ўринда, айтиш керакки, фуқаролар билан мулоқотни йўлга қўйиш учун Интернет тармоғида республика ва ҳудудий касаба уюшмалари веб-сайтлари ишлаб турибди, худди шу ерда онлайн тарзда виртуал қабулхона ташкил этилиб, касаба уюшма раҳбариятига тўғридан тўғри мурожаат қилиш мумкин. Ҳар бир вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси қошидаги юридик маслаҳатхона ва “Ишонч” телефонлари орқали Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини ҳал этилиши фаолияти мониторинги олиб борилмоқда. Жумладан, 2017 йилнинг 1 ярим йиллигида бирлашма бўлимларига жами бўлиб 87 та мурожаатлар келиб тушган бўлиб, шулардан 7таси ёзма, 53 таси оғзаки, 21таси “Ишонч” телефонларига ҳамда 6 та электрон шаклда мурожаатлар қабул қилинган. Ёзма мурожаатларнинг мазмунига кўра ишга тиклаш масаласида 1 та, иш ҳақи, мукофот тўловлари, иш ва дам олиш вақти, жамоа шартномасининг бошқа шартлари юзасидан 3 та, моддий ёрдам ва сиҳатгохларга йўлланмалар сўраб 1та, меҳнат шартномаларини бекор қилиниши, ўзгартирилиши, интизомий жазо қўллаш тартибига оид 1та, ижтимоий меҳнат муносабатларига оид бошқа масалалар эса биттани ташкил этади. Ушбу мурожаатларнинг 3таси қаноатлантирилган, 3 тасига тушунтиришлар берилган, биттаси тегишлилиги бўйича. бошқа органларга юборилган.
















