Жаҳон | 17:05 / 10.08.2017
9192
7 дақиқада ўқилади

«Бир макон, бир йўл»: Ўзаро манфаатли ҳамкорлик учун катта имконият

Бугунги глобаллашув жараёни давлатлараро ва минтақалараро ҳамкорликнинг янги шакл ҳамда самарали усулларидан унумли фойдаланиш зарурлигини кўрсатмоқда. Бунда, айниқса, Марказий Осиё мамлакатлари учун барқарор ривожланиш, жаҳон бозорларига чиқишнинг диверсификация қилинган йўлларини очиш, миллий иқтисодиётни модернизациялаш долзарб аҳамиятга эга.

Шу маънода айтганда, Хитой Халқ Республикасининг “Бир макон, бир йўл” ташаббуси минтақа ­давлатларининг узоқ муддатли иқтисодий манфаатларига қаратилгани билан муҳимдир.

Юртимиз азал-азалдан Буюк Ипак йўли чорраҳаси, жуда кўплаб савдо йўналишлари кесишган, маданиятлар алмашадиган маскан бўлган. Қадимий Хитой манбаларида Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарлари дунё цивилизациясига улкан ҳисса қўшган шаҳарлар сифатида қайд этилган. Шу боис ҳам Ўзбекистон Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин томонидан илгари сурилган “Буюк Ипак йўли иқтисодий йўналиши”ни ташкил этиш ташаббусини қўллаб-қувватлади. Бу “Бир макон, бир йўл” концепциясининг ажралмас қисмидир. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Пекин шаҳрида ўтган халқ­аро форумда ушбу лойиҳани янада такомиллаштириш ҳамда ривожлантириш юзасидан мамлакатимиз позициясини маълум қилди.

Шубҳасиз, юртимиз Марказий Осиё минтақасида транспорт, энергетика, савдо, инвестициялар ҳамда юқори технологиялар соҳаларида йирик лойиҳалар амалга оширилишидан манфаатдор. Бинобарин, минтақа табиий, ишлаб чиқариш ва инсон ресурсларига бой ҳудуд саналади. “Бир макон, бир йўл” ташаббуси иштирокчи мамлакатларга ўз салоҳиятини тўлақонли рўёбга чиқариш, бир-бирининг иқтисодиётини тўлдириш, савдо ҳамда инвестицияларни ­рағбатлантиришга замин ­яратади.

“Буюк Ипак йўли иқтисодий йўналиши”нинг улкан молиявий-иқтисодий салоҳиятини инобатга олган ҳолда, ҳамкорликда аниқ, энг аввало, инфратузилмани ривожлантириш ва янги саноат қувватларини ташкил қилишга қаратилган лойиҳаларни рўёбга чиқаришга  алоҳида урғу бериш лозим. Шу маънода айтганда, 2013 йили ташкил этилган ­“Жиззах” эркин иқтисодий зонаси имкониятларидан самарали фойдаланиш мамлакатимиз учун катта аҳамият касб этади. Ушбу ҳудудда хитойлик инвесторларга қулай шарт-шароит ва преференциялар яратилган. Бундай ҳамкорлик икки томонлама муносабатларни янада чуқурлаштиришга хизмат қилади, Ўзбекистон ва Хитой ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларга туртки беради. Шунингдек, учинчи мамлакатлар бозорига биргаликда чиқиш учун шароитлар яратади. “Жиззах” ЭИЗда тузилган “Пенг-шенг” саноат парки юқори технологияли ишлаб чиқариш субъектларини яратишга мўлжалланган бўлиб, у ерда юқори қўшимча қийматли рақобатдош маҳсулотлар ­ишлаб чиқарилади.

Мамлакатимизда иқтисодиётга илм-фанни интеграция қилиш, юқори инновацион технологияларни жалб этиш ҳамда ишлаб чиқариш қувватларини модернизация­лаш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Давлатимиз раҳбари қайд этганидек, “Иқтисодий йўналиш” линияси бўйича инте­грациялашган юқори технологиялар саноат паркларини ҳамда илмий-инновацион кластерларни қуриш, рақобатдош ва илм-фанга асосланган маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган замонавий корхоналар ташкил қилиш учун эркин ва махсус иқтисодий зоналар тузиш устувор бўлиши лозим. Шу муносабат билан “Бир макон, бир йўл” ташаббуси, жумладан, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки молиявий имкониятларини жалб қилиш муҳим аҳамият касб этади. Зеро, Ўзбекистон Хитойнинг мазкур молия муассасасини ташкил қилиш бўйича ташаббусини биринчилардан бўлиб қўллаб-қувватлаган эди. Мамлакатимиз ушбу банк таъсисчиларидан бири ҳисобланади. Пекинда ўтган “Бир макон, бир йўл” халқаро форумида Хитой тарафи “Буюк Ипак йўли иқтисодий йўналиши” барпо этилиши иштирокчилари бўлган ривожланаётган мамлакатлар учун қўшимча равишда маблағ ажратилишини билдирди.

Ташқи бозорларда харидоргир, юқори қўшимча ­қийматга эга рақобатдош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни таъминлайдиган минерал-хом ашё ва қишлоқ хўжалиги ресурсларини чуқур қайта ишлаш бўйича замонавий саноат субъектларини ташкил этишга хорижий ҳамда маҳаллий инвестицияларни жалб қилиш учун қулай шароит яратиш, шунингдек, Самарқанд, Бухоро, Фарғона ва Хоразм вилоятларининг ­ишлаб чиқариш ҳамда ресурс салоҳиятидан комплекс ва самарали фойдаланиш мақсадида 2017 йил январь ойида Президентимизнинг “Ургут”, “ўиждувон”, “Қўқон” ва “Ҳазорасп” эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш тўғрисидаги Фармони қабул қилинди. Эркин иқтисодий зоналар ҳудудида алоҳида солиқ, божхона ҳамда валюта тартиби амал қилади, яъни хорижлик, шу жумладан, хитойлик инвесторларнинг бизнесини ривожлантириши учун қулай ишбилармонлик муҳити яратилган.

“Буюк Ипак йўли иқтисодий йўналиши” ташаббуси амалга оширилиши бизнес доиралари ўртасида ҳамкорликнинг аниқ лойи­ҳалари муҳокамаси бўйича тўғридан-тўғри мулоқотсиз бўлмайди. Бу мамлакатларимиз бизнес тузилмаларининг илгари сурилаётган ташаббуслар, ло­йиҳалардан хабардорлигини ошириш, амалий ҳамкорликни чуқурлаштириш учун ҳам зарур. Икки давлат ишбилармонларининг Ўзбекистонда ва ­Хитойда ўтказилаётган ярмаркалар, кўргазмалардаги иштирокини кенгайтириш лозим.

Бугун юртимиз ташқи дунё учун тобора очиқ бўлиб бормоқда. Бу саъй-ҳаракатлар нафақат Марказий Осиё, балки бутун дунёда мамлакатимизнинг истиқболли ҳамда ишончли ҳамкор сифатидаги мавқеи юксалишига хизмат қилаяпти. Жумладан, Президентимизнинг Хитойга давлат ташрифи доирасида савдо-иқтисодий ва инвестициявий соҳаларда 23 мил­лиард долларлик 115 та битим имзолангани ҳам фикримизнинг яққол ­тасдиғидир.

Қолаверса, Ўзбекистон ­дунёда сўнгги ўн йилдан ортиқ муддат давомида барқарор ўсиш суръатларига эришиб келаётган саноқли давлатлардан биридир. Жаҳон банки экспертларининг фикрича, 2017/2018 йилларда Ўзбекистон иқтисодиётининг ўсиш суръати 7,4 фоиз даражасида сақланиб қолади. Табиийки, молиявий-иқтисодий барқарорлик чет эл инвестициясини жалб этиш, ишбилармонлар ва илмий доиралар билан ҳамкорлик алоқаларини фаоллаштириш учун қулай шароитлар ­яратишга хизмат қилади. Шу маънода айтганда, “Бир макон, бир йўл” концепцияси барча манфаатдор тарафлар ўртасида мустаҳкам муносабатлар учун ҳамкорлик майдони вазифасини ўтайди.

Аббос Бобохонов,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти етакчи илмий ходими.

Мавзуга оид