12:10 / 12.08.2017
18724

Халқаро Пресс-клуб Тет-а-тет лойиҳасини ишга туширди

Халқаро Пресс-клубнинг устувор вазифаларидан бири Ўзбекистонда юз бераётган янгиланиш ва ислоҳотлар юзасидан давлат органлари, жамоатчилик ҳамда ОАВ оммавий ахборот воситалари вакиллари ўртасида очиқ ва фаол мулоқот майдонини яратишдир.  

Шунингдек, Халқаро Пресс-клубнинг асосий мақсади - доимий фаолият юритувчи интерактив медиа майдонча сифатида миллий оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликда Ўзбекистонда содир бўлаётган муҳим ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва халқаро тадбирларни ёритиш ҳамда кенг жамоатчилик эътибори ва муҳокамасига  етказишдир. 

Маълумки, кенг форматли Халқаро Пресс-клуб  “Халқаро Пресс-клуб”, “Халқаро Пресс-клуб плюс”, “Пресс-coffee” ҳамда “Сайёр Пресс-клуб”лойиҳаларини қамраб олган.

ХПКнинг республика водий вилоятларига сафари давомида яна бир экслюзив лойиҳага старт берилди. “ТЕТ-А-ТЕТ” лойиҳаси “Сайёр Пресс-клуб” лойиҳасидан олдин жонли эфирда вилоят ҳокими билан юзма-юз мулоқот форматида ташкил этилди. 

Хусусан, 11 августда “ТЕТ-А-ТЕТ” лойиҳасининг илк меҳмони Наманган вилояти ҳокими Хайрулла Бозоров бўлди. 

Бугун 12 августда ушбу лойиҳа доирасида соат 12:00 да Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ХПК раиси Шерзодхон Қудратхўжаев саволларига жавоб беради. 

Уни “Ozbekiston 24” телеканалида жонли эфирда томоша қилиш мумкин. 

Эслатиб ўтамиз, Кун.uz таҳририяти ҳам жойларда ижтимоий-иқтисодий ҳолатни ўрганиш мақсадида 2017 йил бошидан бери вилоятларга сафар уюштирмоқда. Шу пайтга қадар, Андижон, Бухоро, Наманган, Қашқадарё вилоятлари ҳокимлари билан мулоқотлар ўтказилди. Бундан ташқари, Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазири, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги раҳбари билан видеосуҳбатлар ўтказилди.

Шу кунларда таҳририят вакиллари Фарғона вилоятида бўлиб, у ердаги вазиятни ўрганди. Унинг тафсилотлари тез кунларда эътиборингизга ҳавола этилади. 

Top