Жамият | 19:35 / 18.08.2017
78650
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев: Ўқувчилар бир хил форма кийиши керак

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 16 август куни таълим тизимида олиб борилаётган ишлар юзасидан масъулларнинг ҳисоботларини тинглаш мақсадида ўтказилган мажлис вақтида мактаб ўқувчилари формасига эътибор қаратган.

Мажлисда Президент ўқувчиларнинг формаси масаласига ҳам тўхталиб ўтди. Шавкат Мирзиёевнинг фикрича, мактаб ва коллежларда ўқувчиларнинг бир хил формаси бўлмоғи лозим. Бу жамиятда маърифатли, адолатли ва тенг ҳуқуқли муҳит яратишга ёрдам беради.

«Менталитетимизни ҳисобга олган ҳолда, мактаблар ва коллежларда ўқувчилар учун умумий форма жорий қилиш керак. Масалан, Туркия ва Англияда ўқувчилар 100 фоиз формада. Бу албатта, биз улардан ўрганишимиз кераклигини англатмайди.

Барибир ота-оналар мактаб учун форма олади, лекин сифатсиз формани оляпти, пули кетяпти, тўғрими? Бу мени умуман қониқтирмайди.

Форма кийган боланинг маънавияти ўзгаради, маърифати ўзгаради. Масъулияти ва жавобгарлиги ҳам ўзгаради.

Иккинчидан, бизнинг жамиятдаги энг катта масала — бой билан камбағал орасидаги муносабат. Оддий оиланинг оддий кийинган боласи яхши кийинган боладан ғаши келади. Биз унга ёшликдан нафрат туғдирамиз, маърифат эмас — нафрат туғилади. Айнан мана шу нарсани йўқ қилишимиз керак.

Мактабдан кейин нима кийса кияверсин. Мактабда эса ҳаммани иложи борича бир хил кийинтиришимиз керак.

Агар биз буни уддалай олсак, адолатли, тенг ҳуқуқли жамият қурамиз», деган президент.

Мавзуга оид