Халқ таълими вазири билан очиқ суҳбат: янги вазирлик, 10-синф, пахта терими, коррупция ва йиғди-йиғдилар
KUN.UZ таҳририяти Ўзбекистон Халқ таълим вазири Улуғбек Иноятов билан очиқ мулоқот ўтказди. Унда вазирнинг Президент Шавкат Мирзиёев билан 16 август кунги учрашуви ҳақида сўз юритилди, шунингдек, соҳага оид сўнгги ўзгаришлар, 10-синф масаласи ва бошқа кўплаб долзарб масалалар кўтарилди. Вазирнинг таҳририят журналисти билан суҳбатда айтишича, Президент билан бўлиб ўтган учрашувда вазирликнинг янги ўқув йилига тайёргарлик ҳолати танқидий таҳлил қилинган, олдиндаги вазифалар белгилаб берилган.
Янги вазирлик ҳақида
Президент Шавкат Мирзиёев 16 август куни бўлиб ўтган учрашувда мактабгача таълим тизимини ислоҳ қилишдаги камчиликларни очиб, халқ таълими тизимидан мактабгача таълим тизимини алоҳида вазирлик сифатида ажратиб чиқиш кераклиги, яъни, Мактабгача таълим вазирлигини ташкил этиш кераклиги, республикадаги 5 мингта боғчаларни ривожлантириш лозимлиги масаласини қўйди. Халқ таълим вазирлиги – бу жуда кенг кўламга эга вазирлик. Тизимда 775 минг ходим фаолият юритади. Бу тизимни бошқаришнинг мушкуллигини барча кўз олдига келтира олса керак. Ана шу нуқтаи назардан президентимиз бу алоҳида вазирлик бўлиши керак, мактабгача таълим тизими учун алоҳида эътибор қаратишимиз лозим, деган масалани қўйдилар
Ўқитувчиларни меҳнатга жалб этиш
Ҳар бир инсон ўзининг уйини ўзи тозалаши, обод қилиши керак. Ҳар бир мактабда ишловчи ўқитувчи ва ўқувчи ўзининг мактабини обод қилиши керак. У ўзининг мактабини, ҳудудини, кўчасини тозаламаса, барча ер чиқинди бўлиб кетади-ку. Ўзи ўша ерда яшаб, ўша ерда нафас олади-ку. Мактабни обод қилиш жуда катта тарбиявий аҳамиятга эга. Биз ўқувчиларимизда меҳнат кўникмасини шакллантиришимиз керак. Бу бутун дунёда қилинадиган иш. Сўнгги 5-6 йилнинг ичида мактаблар пахта йиғим-теримига умуман жалб этилмаган. Халқаро ташкилотлар бор, улар бунинг барчасини кузатиб туришади. Жамоатчилик, ота-оналар бор. Улар фарзандини ўқишнинг ўрнига, пахта даласига чиқартириб қўймайди. Бу қатъиян ман этилган. Энди айрим ўқитувчиларимизнинг дарсдан кейин чиқиб, ўзи учун маблағ ишлаши – марҳамат. Уйи даланинг олдида бўлса, бунинг ёмон жиҳати йўқ. Ўзбекистоннинг бойлиги учун чиқиб, ўзининг яна пул ишлаб олиш имконияти бор. Лекин мажбуран ҳеч ким бу ишга жалб этилмайди. Ҳар бир инсон ўзининг ҳуқуқи, мажбурияти, бурчини тушуниши керак. Ўзининг ҳақ-ҳуқуқларини тушуниши лозим. Биз қайси замонда яшаяпмиз? Бор далага, деса, далага чопқиллаб чиқиб кетавермайди-ку. У олий маълумотли, зиёли ўқитувчи-ку. Ўзининг ҳақини талаб қила олади. Раҳбарлар ҳақида гапирадиган бўлсак, уларни тайинлаш бу фақат якка ҳокимликнинг вазифаси эмас. Туман раҳбари бу вазир ваколатида. Туман Халқ таълими бўлими раҳбари менинг буйруғим билан тайинланади, албатта, ҳокимликнинг тавсияси билан.
10-синф масаласи
Бу йилдан бошлаб мактабнинг 10-синфларида таълим яна давом эттирилади. Бу йил республика бўйлаб 9-синфларни 467 минг ўқувчи битириб чиққан бўлиб, улардан 352 минг нафари 10-синфларда ўқишни давом эттириш истагини билдирган. Фарзандларимиз бу 2 йиллик таълим касб ҳам олиши мумкин. Улар ҳафтада бир кун касб таълими билан шуғулланади. 50 дан ортиқ касблар бор, уларни ўқувчиларнинг ўзи танлаб олади. Биз 10-синф очилиши муносабати билан таҳлил қилиб чиққанмиз. Республикада ҳозир 9680 та мактаб бор, улардаги ўқув ўринлари сони 4 млн 900 минг ўринни ташкил этади. Таҳлилга кўра, республикада 1156 та мактабларда тўлдириш коэффициенти 1,5 атрофида, қолган мактабларда синфхоналар билан боғлиқ муаммо бўлмайди.
Дарсликлардаги хатоликлар
Дарсликларда техник хатоликлар учраб туради. Бу жуда катта миқдордаги нашр ишларини амалга оширишда турли техник хатоликлар учрайди. Китоб яратилиш чоғида экспертлар гуруҳи томонидан кўриб чиқилади. Техник муҳаррир ва корректорлар томонидан таҳлил қилинади. Шундан сўнг чоп этилади, ундан кейин ҳам неча маротаба қайта нашр қилинади. Ҳар бир нашрда тўлдириб борилади. Техник хатолар бўлади, лекин бу нарсани бўрттириб, бу китоб ҳеч нарсага ярамайди, дегани эмас. Мана шу китоб билим манбаи, биз уни қадрлашимиз керак, унга янгиланишларни киритиб боришимиз керак. Бунинг учун ҳар йили ўқитувчилар, мутахассисларнинг фикрини олиб, қайта нашрда буларни қўшиб борамиз.
1-синф ва боғчаларга қабул қилишдаги коррупция ҳақида
Коррупция тушунчаси бу жамиятни емириш учун хизмат қилади. Энг ёмон иллат. Коррупциянинг катта-кичиги бўлмайди. Беш қўл баробар эмас, албатта, нафсини тия олмаган, тизимга доғ туширадиган раҳбарлар ҳам учраб туради. Пора эвазига боғчага ёки мактабга жойлаштириш... Фуқаро ўзининг қонуний ҳуқуқини талаб қилиши керак. Унинг боласининг мактабга қабул қилиниши қонунда белгилаб, кафолатлаб қўйилган. Ўзининг ҳудудидаги мактаб олишга мажбур. Энди, бошқа мактаблар, рус мактабларига олиб боришади. Ўзлари уйда ўзбек тилида гапиришади, болалари рус тилида битта сўзни ҳам эплаб гапира олмайди, лекин болаларини рус тилини ўргансин, деб рус мактабига олиб боришади. Бироқ бу болалар у ерда психологик жуда ҳам қийналишини ўйлашмайди. Бу билан болани қийнаймиз, уни таълимдан умуман совитиб юборамиз. Шунинг учун бола ўзининг она тилида ўқиши керак. Умуман, болани мактабга қабул қилиш учун ҳеч қандай комиссия йўқ. Бу нопок раҳбарлар орасида ўйлаб топилган жараён. Амалдаги қонундаги ҳужжатларга биноан, бола 6,5 ёшдан ошгандан сўнг фақат тиббий хулоса билан мактабга қабул қилинади. Агарда 6,5 ёшга тўлмаган бўлса, унинг ота-онаси билан мактаб психологи ёки тумандаги халқ таълими бўлимидаги психолог ёхуд поликлиника қошидаги руҳшунослар билан бола суҳбатлашади ҳамда унинг мактабга қанчалик тайёрлиги текширилади.
Мактаблардаги йиғди-йиғди
Биз ҳайъат йиғилишларини ўтказиб, шу ҳолатларни ўрганиб, таҳлил қиламиз. Ота-оналардан бу борада кўплаб мурожаатлар бўлади. Шулар таҳлил қилиниб, жойларга чиқиб ўрганилади. Яқинда Хоразм вилоятининг муҳокамасини қилдик. Ўқувчиларнинг ота-оналаридан қонунга хилоф равишда шундай пул йиғилганлиги учун Урганч шаҳридаги 12-мактаб директори эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Шундай ҳолатнинг келиб чиқишига сабабчи бўлган бир неча ўқитувчиларга нисбатан жазо чоралари қўлланилди. Бу бизнинг ҳайъат йиғилишимизда муҳокама қилинди. Бу республикадаги барча таълим тизими раҳбарлари иштирокида ўтказилади. Улар учун бу дарс бўлиши керак.
Чирчиқ педагогика институти борасида
Чирчиқ педагогика институтининг ташкил этилиши жараёни олий таълимга қабул қилиш жараёни тугаган пайтда эълон қилинди. Бунинг эълон қилиниши ҳам Тошкент вилоятининг эҳтиёжидан келиб чиқиб, президентимиз вилоят халқи билан учрашганларида ана шу қарорни қабул қилди. Тошкент вилоятида педагогларга бўлган эҳтиёж кундан кун ортиб бораётгани учун бу қарор қабул қилинди. Бу йилга 750 та квота белгилаб берилди. Кимлар бу қабул режасига тушади? Бу педагогика йўналиши бўлгани учун фақат педагогика ва турдош бўлган йўналишлардаги Тошкент вилоятида доимий рўйхатда турган, ОТМга кира олмаган, минимал баллдан юқори бўлган, туманлар кесимида Тошкент вилоятининг эҳтиёжидан келиб чиқилиб қабул қилинади. Биз бу эҳтиёжни Давлат тест марказига топширганмиз. ДТМ базадан биринчи галда эҳтиёждаги туманлардан уларни саралаб олади. Бу абитуриентга шахсан маълум қилинади.
Tas-X
Мавзуга оид
19:22 / 28.08.2024
“Пойтахтда 85 фоиз объектлар ногиронлиги бўлган шахсларнинг кириб-чиқиши учун қулай эмас” – Улуғбек Иноятов
11:19 / 09.07.2023
Ўзбекистон президентлигига номзодларнинг 3 нафари сайловда овоз берди
09:37 / 22.06.2023
Улуғбек Иноятов: “Энг кам истеъмол харажатлари белгиланиши қонун билан кафолатланиши керак”
22:30 / 20.06.2023