Ҳаётни мураккаблаштирувчи 10 хато
Бахтли бўлиш учун қайси одатлардан воз кечиш керак? "Лайфхакер" шунга доир тавсиялари билан бўлишди.
1. Бошқаларни ёмон ният қилишда гумон қилиш
Баъзан одамлар арзимаган нарсалардан хафа бўлишади: масалан, дўсти йўлланган хабарга жавоб бермаса ёки ҳамкасби тушликка чақирмаса. Агар шундай нарсалардан хафа бўлсангиз, сиз атрофдагиларни ёмон ният қилишда гумон қилган бўласиз ва улар сизни атайин хафа қилмоқчи бўлган, деб ўйлайсиз.
Бахтли одамлар бундай майда нарсаларга эътибор беришмайди. Ҳойнаҳой, дўстингиз сизни хафа қилмоқчи бўлмаган, шунчаки имкони бўлмагани учун тез жавоб бера олмаган; ҳамкасбингиз эса тушликка бошқа пайт чиқмоқчи бўлгандир. Атрофдагиларга гумон билан қарайверманг ва ҳар нарсани кўнгилга яқин олаверманг.
2. Фақат ўзингиз билан чекланиб қолманг
Ҳаётни мураккаблаштиришнинг тўғри йўли - ўзингизни худди дунё фақат сизнинг атрофингизда айланадигандек тутиш. Қандай режалар тузманг, улар доим бошқаларга ҳам боғлиқ бўлади. Режа тузаётганингизда бошқаларнинг истак ва имкониятларини ҳам инобатга олинг. Шунда кимдир сизнинг мукаммал режангизни бузгани учун хафа бўлиб ўтирмайсиз.
3. Экстремал пессимизм
Ҳар сафар у ёки бу вазият қандай ҳал бўлиши мумкинлиги ҳақида ўйлаганда ортиқча пессимистик прогнозлар қилманг. Масалан, агар томоғингиз оғриётган бўлса, бу саратонга йўлиқдингиз дегани эмас.
Экстремал фикрларни илдизи билан йўқотинг. Улар сизни янада кўпроқ асабийлашишга мажбур қилади, натижада ҳаётингизни яхши назорат қила олмай қоласиз.
4. Нореал нарсаларни кутманг
Ўзингиз ва атрофдагиларнинг хатти-ҳаракатлари ҳамда имкониятларига тўғри баҳо беринг. Масалан, сизнинг турмуш ўртоғингиз биринчи учрашувда қандай кийимда бўлганингизни ёдида сақлаб қолиши шарт деб ўйламанг, ё бўлмаса, мураккаб имтиҳонга бир соатда тайёрланиш мумкинлиги ҳам ҳақиқатдан йироқ.
Кутган нарсамиз амалга ошмай қолса, хафа бўламиз. Ўзингиз ва бошқалардан имконият доирасидан ортиғини кутмай яшасангиз, бахтли ҳаёт кечирасиз.
5. Илоҳий белгини кутиш
Бирор ишга қўл уриш учун юқоридан белги кутиб ўтиришга ҳожат йўқ, зеро илоҳий белги умуман келмаслиги ҳам мумкин. Агар чин дилдан ниманидир хоҳласангиз, уни амалга оширишга киришинг, шунда бой берилган имкониятлар учун афсусланмайсиз.
6. Таваккалсиз яшаш
Бой берилган имкониятлардан афсусланиб яшаш учун яна бир тўғри йўл - таваккалдан воз кечиш.
Албатта, ҳаёт ва соғлиқни хавф остига қўйиш керак эмас, лекин гап бу қадар муҳим нарсалар ҳақида бормаган пайт барча имкониятлардан фойдаланинг, ҳатто у муваффақиятсизлик билан тугаса ҳам.
7. Бошқалар билан таққослаш
Ўзингизни атрофдагилар билан таққосламанг. Акс ҳолда улар сизга ақллироқ, чиройлироқ, бойроқ ва бахтлироқ туюлиши мумкин.
Таққослашни бас қилинг. Сиз, ҳойнаҳой, уларнинг ҳаётий тафсилотларини билмасангиз керак, шунинг учун бундай қилмаган маъқул. Яхшиси, диққатингизни ўзингиз ва ўз ишларингизга қаратинг.
8. Вақтингизни беҳуда сарфламанг
Ўзингизга ёқмаган ёки сизга салбий муносабатда бўлган инсонларга вақтингизни сарфламанг. Вақт — энг қадрли ресурслардан бири. Агар маълум бир инсон билан мулоқот қилишни ёқтирмасангиз, ундан кўра муҳимроқ бўлган ишлар билан шуғулланинг ёки ўзингиз учун қадрли бўлган инсонлар билан учрашинг.
9. Ҳаддан ташқари боғланиб қолиш
Одамлар билан бир қаторда предметлар ва имкониятларни ҳам қўйиб юборишни ўрганиш муҳим. Нимадир тугагани учун ҳадеб афсусланиш керак эмас. Бунинг ўрнига янгиларини қуришни бошланг.
10. Жавоб қайтармаслик
Бахтли бўлиш учун нафақат олиш, балки бериш ҳам муҳим. Бошқалар билан бўлишинг, илтифот кўрсатинг, яқинларингиз ҳақида қайғуринг. Шунда ўзингиз ва атрофингиздаги одамларга бироз бўлса-да, бахт улашган бўласиз.