2017 йилнинг 20 август куни KUN.UZ сайтида «Агробанк» ҳақми ёки биолаборатория? Зарбдордаги чигал муаммони ким ҳал қилади?» сарлавҳали мақола эълон қилинганди.

Унда Жиззах вилояти Зарбдор туманидаги биолабораториянинг бир гуруҳ ходимлари номидан хат келгани ҳамда «Агробанк» фаолиятидан пахта имтиёзли кредитидан ажратилиши лозим бўлган мақсадли кредит маблағлари туфайли жиддий норозилик билдирилгани ҳақида сўз юритилади.

«Агробанк»нинг KUN.UZ’га билдиришича, қишлоқ хўжалик корхоналарига пахта ҳосили етиштиришни молиялаштириш учун имтиёзли кредитлар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2007 йил 14 апрелда 1675-сон билан рўйхатга олинган «Қишлоқ хўжалиги корхоналарининг давлат эҳтиёжлари учун харид қилинадиган пахта ва ғалла етиштириш харажатларини тижорат банклари томонидан кредитлаш тартиби тўғрисида»ги Низомга асосан ажратилади.

Фермер хўжаликларига имтиёзли кредитлар Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг давлат хариди ва қишлоқ хўжалигини техника билан жиҳозлашни мақсадли молиялаштириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан йўналтирилади. 

Маълум қилинишича, ҳосилни етиштириш учун агротехник харажатларнинг миқдори Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳамда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги томонидан тасдиқланадиган «Экинларни етиштириш харажатларининг ҳар бир турини молиялаштириш учун бериладиган кредитларнинг энг кўп миқдори юзасидан тавсия»ларга асосан ҳар йили алоҳида белгиланади. Мазкур тавсияга кўра, молиялаштириш пахта экилган майдонига нисбатан эмас, балки етиштириладиган ҳосил ҳажмига асосан амалга оширилади.

Банкнинг изоҳ беришича, шунга асосан, 2017 йилда пахта етиштирувчи қишлоқ хўжалиги корхоналарига ўсимликларга биологик усулда ишлов бериш учун ҳар бир тонна маҳсулот учун 7 896 сўм (2016 йилда ушбу меъёр 7 212 сўм бўлган) миқдорида маблағ тўланиши белгиланган. 

Яъни, фермер хўжалиги тайёрлов корхонаси билан тузилган шартномага асосан 10 тонна махсулот етиштираётган бўлса, у ғўзани биологик усулда ишлов бериш учун имтиёзли кредит маблағлари ҳисобидан жами 78 960 сўм сарфлаши мумкин. Мисол учун, фермер хўжалигига хусусий биолабораториялар томонидан 100 000 сўмлик хизмат кўрсатилган бўлса, ушбу фермер хўжалиги имтиёзли кредит маблағлари ҳисобидан биолаборатория ташкилотларига меъёрга асосан энг кўпи билан 78 960 сўм маблағ тўлай олади. Қолган қарздорликни эса фермер хўжалигининг бошқа даромадлари (якуний ҳисоб-китоб, устав ва бошқалар) ҳисобидан қоплайди.