Замонавий маҳалла гузари қурилиши яна бир машмаша келтириб чиқарди
Замонавий маҳалла гузари. Бугун бу ҳақда кунора оммавий ахборот воситаларида, одамларнинг суҳбатларида кўп эшитяпмиз. Бу яхши, албатта. Аммо айни масала борасида маълум дилхираликлар ҳам кузатилмоқда.
Хусусан, Тошкент шаҳри, Яккасарой тумани, “Белариқ” маҳалла фуқаролар йиғини, Аския кўчаси, 28- ва 30-уйларда истиқомат қилувчи аҳоли бугун кўп қаватли уйлар орасида бунёд этилиши кутилаётган замонавий маҳалла гузари қурилишидан норози. Йўлланган мурожаатни ўрганиш учун баён этилган манзилга бордик. Мурожаат йўллаган аҳоли вакиллари билан учрашдик, вазиятни ўз кўзимиз билан кўрдик.
Фуқароларнинг сўзларига кўра, улар маҳалла гузари қурилиши мўлжалланган жойдаги болалар майдончаси, автотураргоҳ, кичик гулзорни ўз ҳисобларидан барпо этишган. Шунингдек, бу ерда икки уйда яшовчилар Наврўз байрами, турли хил туғилган кунлар ва бошқа тадбирларни ҳам ўтказишар экан.
- Жорий йилнинг март ойидан бошлаб қандайдир кишилар бу жойга маҳалла қўмитасидагилар билан келишди. Улар “Биз сизларнинг ҳовлингиз қандай намунали эканини” кўрсатмоқдамиз, дейишди. Биз нимадандир гумонга бориб жамоавий хат тайёрладик ва уни маҳалла қўмитасига юбордик. У ерда “Нега бу ерда кишилар юрибди?”, “Нима қилмоқчисизлар, тушунтириш беринг?”, деган саволлар бор эди. Жавоб олганимиз йўқ. Апрелда хатни юборгандик. 20 июль куни кечқурун эса қандайдир кишилар қозиқларни қоқишни бошлашаётганини кўрдик. Бундан ташқари, қандайдир видеосъёмка ҳам қилинди. Биз чиқиб “Нима гап?” деб сўраганимизда, “Боринглар бу ердан, халақит берманглар”, дейишди. Ҳеч бўлмаса ҳужжатларни кўрсатинглар, десак, уни ҳам, ўзлари билан бирга бўлган режани ҳам тақдим этишмади. Кечқурун ҳоким ўринбосари Ҳусниддин Зухуров келиб, эртага эрталаб соат 7.00да сизга барчасини тушунтириб бераман, деди. Эртаси куни, 21 июлда соат 7.00да маҳалла қўмитасига борсак, ҳеч ким йўқ. Кейин маҳалла раиси келиб, ҳоким ўринбосари кечроқ келишини айтди. Тушликка яқин ҳоким ўринбосари ва 30 га яқин оддий ишчилар келиб, қозиқ қоқишни бошлашди. Яъни, бизни бу ерда нима бўлаётгани ҳақида умуман огоҳлантиришмади. Болалар майдончасини ёпиб қўйишганидан сўнг табиийки фуқаролар чиқиб, ўзингизни таништиринг, деб сўрашни бошлашди, - дейди маҳалла фуқаролари.
Тасодифни қарангки, аҳоли билан суҳбатимиз устига бир неча кун аввал бизни ушбу туманнинг “Муҳандислар” маҳалласида амалга оширилган ободонлаштириш ишларини билан таништирган туман ҳокими ўринбосари Ҳусниддин Зуфаров келди. Суҳбатга қўшилган туман ҳокими ўринбосари аввал бизга вазиятни тушунтиргандай бўлди, кейин эса аҳоли билан баҳслашишга киришди. Сўнг нима учун келганини маълум қилди. Яъни 28-ва 30-уйлар орасида қурилган автомобиль тураргоҳларни бузиш учун ишчи ходимлар билан келган. Бу хабар аҳолининг янада норозилигига сабаб бўлди.
- Буларнинг бари расмий. Ҳожатхоналарни кўрдингизми? Ичкарига ҳожатхоналар қуриб олишган, бу эса ноқонуний қурилмалар ҳисобланади. Бу гаражлар эса бузилаяпти, - деди ҳоким ўринбосари.
Унинг маҳаллий аҳоли вакилларига айтишича, уларнинг барча хатига жавоб берилган. Шунингдек, ҳоким ўринбосарининг сўзларига кўра, фуқароларнинг гаражлар ва ноқонуний қурилмаларга ҳеч қандай ҳужжатлари йўқ экан. Аҳоли вакилларининг айтишича, бу автотураргоҳ уй-жой мулкдорлари ширкатига расмийлаштирилган.
- Ҳудуднинг катталигини қаранг. Шундан олтидан бирига тушаётган бино, бу ер давлатнинг ери, барибир фармонни бажаришимиз керак-да. Булар тўсқинлик қилмоқда. Неча маротаба тушунтириш ишларини олиб бормоқдамиз, туман прокурори, ички ишлар, солиқдан келмоқда. Мутасадди ташкилотлардан ҳеч ким қолмади. Менинг бошчилигимда келинмоқда. Мен қурилиш бўйича ўринбосарман. Лекин, бу ерда буларнинг айрим ноқонуний ҳаракатлари ҳам бўлаяпти, масалан, ишчиларга куч ишлатмоқда, асабига тегмоқда. Менда ҳам қурилиш бўйича муддатим бор, байрамгача, байрамдан кейин. Ўзимизга тегишли қурилишнинг боришига доир жадвал бор”, - дейди ҳоким ўринбосари.
Узоқ давом этган тортишувлардан наф йўқ. Аҳоли томонидан қурилган автортураргоҳ бузилди. 28- ва 30-уй аҳолиси айни кунда мазкур норозилик аризаси билан Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва прокуратура органига муроажжат қилган.
Энди бир ўйлаб кўрайлик, ушбу кўп қаватли уйлар орасига “Замонавий маҳалла гузари”га эҳтиёж борми? “Белариқ” маҳалла фуқаролар йиғинининг ҳозирги идораси ҳолати қандай? Нега айнан замонавий маҳалла гузари лойиҳасини ушбу жойда қуриш керак? Туман ҳоким ўринбосари нима учун ҳужжатлаштирилган автотураргоҳни ноқонуний, деб ҳисоблаяпти? Туман ҳокими ўринбосарининг халқ билан мулоқоти қандай бўлиши керак? Нима учун аҳоли норозилигига сабаб бўлган ушбу лойиҳани ўрганиш учун туман ҳокими томонидан махсус комиссия тузилмади?
Саволлар талайгина. Жавоб эса йўқ. Яккасарой тумани ҳокими Сарвар Маҳаметов қўнғироқларимизга жавоб бермади. Бу биринчи марта содир бўлмаяпти. Саволларга керакли жавоб ололмаганимиздан сўнг, бизда мазкур қурилишдан кимларнингдир шахсий манфаати борми, деган савол туғилди. Балки ундай эмасдир?! Яхшиси, бу саволларга аниқ жавобни Яккасарой тумани ҳокимининг ўзидан кутамиз!
Мавзуга оид
09:10 / 15.11.2024
Тошкентда дорилар савдоси билан шуғулланиб келган шахслар ушланди
18:38 / 13.11.2024
“Шароитидан ҳам, ўқитувчиларидан ҳам қўрқиб кетдим” — Тошкентдаги ўқув марказидан одамлар норози
15:05 / 12.11.2024
Тошкент ҳавосини ифлослантириши мумкин бўлган барча объектлар назоратга олинди — ҳокимлик
22:45 / 10.11.2024