Ўзбекистон | 16:50 / 22.08.2017
64388
9 дақиқада ўқилади

Банкдаги конвертация машмашаси: «Рўйхатда йўқлар»га хизмат йўқми?

Банк кўринишидаги илк фаолият қулдорлик жамиятида пайдо бўлган, у савдогарларнинг пул билан муносабатларини соддалаштириш ҳамда ҳисоб-китобни юритиш ишлари билан шуғулланган. Кейинчалик кўпая бошлаган шарқдаги саррофлар саёҳатга отланган кишиларнинг ақчасини маҳаллий пулга алмаштириб бериш, омонатларни сақлаш билан шуғуллана бошлайди. Бугунги кунда ривожланиб замонавий банклар худди шундай ва такомиллашган молиявий хизмат турларини ёки ундан ҳам ортиғини таклиф этмоқда. Мижозларнинг талабини қондирилади, маълум хизмат пули эвазига (текинга эмас!) таклиф этилган имкониятдан фойдаланиш мумкин.

Гарчи қулдорлик жамиятини яшаб ўтган, бугун кучли фуқаролик жамиятини қуриш йўлида бирлашиб, ривожланишга интилаётган бўлсак ҳам, «Агробанк»нинг Тошкент шаҳар филиалида оддий бир мижоз банк хизматидан фойдаланиш учун ялиниб, ёлвориб, илтимос билан ҳамма эшикни бир-бир очмоқда. Натижа эса...

Гап шундаки, Пекиндан 180 км масофада жойлашган Бэйдайҳе Халқаро иқтисодий муносабатлар ва бизнес университети талабаси, ўзбекистонлик Муҳаммадали Рамазонов ёзда ўқишдаги таътил муносабати билан Тошкентга, ўз уйига қайтиб келган. Муҳаммадали 2017/18 йилги ўқув мавсумида Хитойдаги таълимни давом эттириш учун 3000 АҚШ доллари миқдорида тўлов-контрактини тўлаши талаб этилади. У юқорида номи зикр этилган банк муассасаси билан аввалдан шартнома тузиб хизматидан фойдалангани учун келибоқ, ўқиши учун талаб этилган суммани сўм маблағларидан конвертация орқали АҚШ доллари кўринишида тўлаб беришларини илтимос қилади.

Аммо банк филиал раҳбари Асад Ашуров «Сенга Хитойда ўқиб нима бор? Жимгина Тошкентда ўқисанг бўлмасмиди?» дея унга қўпол муносабатда бўлади. Филиалда конверсион амалиётлар билан шуғулланувчи тегишли бўлим бошлиғи ўринбосари Шаҳзода Содиқова эса «пул йўқ, ресурс етишмаяпти, бизга мадад пули берилмаяпти» деб хизмат кўрсатмасликка важлар топа бошлайди.

Ноиложликда қолган Рамазонов KUN.UZ таҳририяти билан боғланди, унинг мақсади ўзи каби сарсон юрганлар учун бир ечим борлигини билиш эди. Журналист масалага ойдинлик киритиш мақсадида Муҳаммадалининг ўзи билан боғланди:

«Мен бир марта эмас, уч марта мурожаат қилдим. Негаки, мен «Агробанк»нинг ушбу филиали билан шартнома тузиб, пластик карточкасидан фойдаланаман. Аввалдан мижоз бўлганим учун ишим чўзилмайди, тезроқ ҳал бўлар, деб ўйлагандим. Ялиниб бормаган жойим қолмади, KDB, Infin, Капитал банкларига ҳам бордим. Баъзида банк эшигидан ҳам киритишмади, «ноябргача навбат бор, ҳозир қабул қилмаймиз» дейишди.

Лекин 25 августгача шу сўралган 3000 долларни тўламасам, Хитойда ўтказган умрим, саъй-ҳаракат ва тўлаган пулларим ҳавога совурилиб, талабалар сафидан чиқариламан. Агар имкониятим бўлганда, пулим бўлганда шунақа ялиниб юрармидим? «Қора бозор»да белгиланган курс бўйича АҚШ долларини сотиб олишга қурбим етмайди, ахир барча ҳужжатлар ва қонун асосида ялиниб бордим-ку? Президент Виртуал қабулхонасига шикоят аризаси билан мурожаат қилдим, банк мутасаддилари эса порталга шикоят қилганимдан сўнг, 300 доллар таклиф қилди. Бу эса етмайди», дейди у.

Ачинарли ҳолатга гувоҳ бўлиб турибмиз: 3 йил маҳаллий ОТМ кириш имтиҳонларида етарли балл тўплай олмай, илм излаб Чин юртида мусофирчиликда юрган талабага банклар хизмат кўрсатишдан бош тортган. Танганинг кейинги тарафи бор деганларидек, бизни бир савол қизиқтирди: наҳотки, «Агробанк»нинг Тошкент шаҳар филиалида беш кун валюта конвертацияси учун ресурс бўлмаган?

«Мен аниқ бир жавоб айта олмайман, ҳисоботларни қайта кўриб, кейин бир нима дея оламан» деб фикр билдирди «Агробанк» Республика бошқармаси валюта конвертацияга оид ишларни мувофиқлаштириб борувчи тегишли бўлим бошлиғи Қаҳрамон Казаков.

Қизиғи, бу мутасадди раҳбар ҳам, филиал бошқарувчиси Ашуров, бўлим бошлиғи ўринбосари Шаҳзода Содиқова ҳам ресурс учун мадад пули ажратилганини на рад этди, на тасдиқлади.

Демак, пул бор бўлган ва кимларгадир хизмат кўрсатилган. Ана шундай тахмин билан KUN.UZ​ журналисти филиал бошлиғи Асад Ашуровга юзланди.

«Мен бу маълумотни тасдиқлай олмайман, чунки 16 августда (Муҳаммадалининг бир неча бор қилган мурожаат саналаридан бири) ўқишда эдим. Виртуал қабулхона орқали тушган шикоятни кўриб чиқдим, шанба куни эса ишда эдим. Мен Муҳаммадали Рамазоновга балансда бор – 300 АҚШ долларини таклиф қилдим. У эса рад этди», дейди Ашуров.

Журналистнинг «ноль балансда, ҳеч қандай мадад пули олмай, ресурс йўқ ҳолатда ишлаб келганингизни тасдиқлайсизми?» дея берган саволига Асад Ашуров бироз иккиланиб турди-да, кейин қатъий «ҳа, тасдиқлайман, пул йўқ эди», дея жавоб қайтарди.

Вазият сал ойдинлашгандек бўлди, мижозларга хизмат кўрсатиш учун банкда ресурс етишмаган, ахир эркин конвертацияга ўтиш жараёнининг нақ палласида турибмиз-ку?! Аммо филиал раҳбарининг биринчи ўринбосари Фарҳод Исмоилов ҳамма мантиқни бузиб юборди.

«16 августдан то 21 августга қадар мижозларга хизмат кўрсатганмиз, ресурс бор эди. Бошлиқ ўқишда бўлгани учун, бу вазифани мен олиб борганман ва айрим ҳужжатларга имзо чекдим. Шу қатори валюта конвертациясига оид амалиётларга ҳам», деб вазиятга изоҳ берган биринчи ўринбосар Фарҳод Исмоилов.

Куппа-кундузи банк ходимлари ва раҳбарларининг гапларидаги мазмун бир-бирига тўғри келмай қолганидан ҳайрон бўлаёздик. Табиий савол пайдо бўлади, нега у ҳолда Муҳаммадалига хизмат кўрсатилмай, унинг мурожаатлари инкор этилди?

«Сабаби, биз эртароқ мурожаат этган мижозларга хизмат кўрсатамиз. 16-21 август саналарида ҳам хизмат кўрсатилган ва бу мижозлар банкка анча олдин мурожаат қилганди», дейди Фарҳод Исмоилов.

Кечирасиз, KUN.UZ​'га бундай юзаки жавоблар кетмайди. Журналист мурожаатларнинг эрта-кечи, мижозларнинг навбати қандай тартибга солинишига қизиқди.

«Ўша хизмат кўрсатилган мижозлар менга шахсан учраган эди, кейин Шаҳзодага бир парча қоғозга исм-фамилия, алоқа номерларини ёзиб қўйишини тайинлаганман. Кейинроқ, ресурс пайдо бўлса, чақириб айтамиз, одатда мижозларнинг ўзи биз билан алоқада бўлиб туради», деб 4-5 қоғоз парчаларини кўрсатиб ўтди.

Қўйни ҳам ўз оёғидан осади, деганларидек, банк фаолиятида қонунда назарда тутилмаган, ички тартиб қоидаларида ҳам белгиланмаган «мижозлар» рўйхати бор экани аниқланди. Афсуски, бу рўйхатда Муҳаммадали Рамазонов йўқ эди. Бунга ҳам айтарли важ ўйлаб топилди.

«Менга учрамаганку?!», дея гапни қисқа қилди Фарҳод Исмоилов.

Журналист қўлга киритган маълумотга кўра, ўтган 3 ишчи куни давомида банкда мавжуд бўлмаган «ресурс» ҳолатидан саккиз мижоз банк хизмати, яъни валюта конвертациясига оид хизматдан фойдаланган. Шаҳзода Содиқова билан суҳбат чоғида ҳам 3 кишининг валюта конвертациясига оид иши «ҳал» бўлганига гувоҳ бўлиб қолдик. Ўзининг ресурси (бир чоракда 2000 АҚШ доллари миқдорида валюта конвертация хизматидан фойдаланиш чеклови назарда тутилмоқда) тугаб қолгани учун, акасининг паспорти билан келишни, ишни тезроқ ҳал қилиш учун шундай йўл тутиш кераклигини ўйлаб турган Содиқова, нега Муҳаммадали ҳужжатлар билан ялиниб кирганда ёрдам қўлини чўзмади? Бу савол очиқ қолди…

Банк филиалининг эшигидан чиқиш чоғида, Муҳаммадалига 1000 АҚШ доллари таклиф қилишаётгани, у бечора эса «ҳайдалиб кетаманку, ахир қарз сўрамаяпман, ўтказиб беринглар» дейиши қулоққа чалинди.

Бу республиканинг айрим банкларида учраб турган ягона ҳолат эмас. Ачинарлиси, бор ресурсни йўқ деб кўрсатиш, муҳтож инсонга хизмат кўрсатилмай, «рўйхат» асосида келган мижозга хизмат кўрсатиш ортида нима турибди? Банк-кредит соҳасида ютуқларга эришмоқчи бўлсак, балки унинг фаолиятига доир маълумотларни шаффофлаштириш керакми?

PS: Журналистик суриштирув ўтказилаётган пайт, Москва шаҳридаги нуфузли олий таълим муассасаларидан бирида ўқийдиган Абдуқодир исмли талаба билан танишиб қолдим. Унинг ҳам «дарди» шу тахлитда бўлиб, банклар ўртасида сарсон бўлиб юрганини гапириб қолди...

Алишер Рўзиохунов

Мавзуга оид