«Korzinka.uz» супермаркетлар тармоғи асосчиси Зафар Ҳошимов Telegram'даги каналида ўзбек тили, лотин-кирилл мавзуси ва чет тилларга муносабат масаласидаги қарашларини баён этди. Каналдаги бошқа постлар кирилл алифбосида ёзилгани ҳолда бу пост лотин имлосида ёзилган, муаллиф бу орқали лотин имлоси тарафдори эканини ифодалаган.
Тилни ҳурмат қилиш - ватанпарварлик
Эрталаб Facebook-лентамда бир инсоннинг 1990 йиллар бошида отаси Латвияга боргани, у ерда, гарчи ҳамма рус тилини билсада, у билан ҳеч ким қасддан рус тилида гаплашмагани, шу амаллари билан латвияликлар ўз ватанпарвар, тилпарварликларини намойиш қилганликлари ҳақидаги ҳикояни ўқиб қолдим. Ва, шу тариқа, ҳикоячи тилимизга ҳурматимиз нақадар камлиги, ҳали ҳануз кўпгина ватандошларимиз рус тилидан ўзини «озод ва мустақил» қила олмаганликларини чуқур танқид остига олдилар
Мен бу масалага бироз фарқлироқ ёндашмоқчиман.
Иқтисодда талаб ва таклиф тушунчалари бор. Яъни, талаб таклифни уйғотади, таклиф эса талабни қондиради. Бу ерда «нега унақамиз, нега бунақамиз», деб бошимизга тупроқ сепиб, хўрланишимиздан ҳеч қандай фойда йўқ.
Ва ўзбек тилининг мавқеини ошириш учун ҳаётимиздан рус ёки бошқа бирор тилни «йўқотайлик» йўсинида иш тутиш мутлақо нотўғри. Бундай қарашлар халқнинг билимини, обрўйини ва, шу орқали, тилимизнинг мавқеини ҳам янада туширади, деб ишонаман.
Хўш, халқимизнинг ўз она тилимизга бўлган талабини ошириш, уни «рақобатбардош» қилиш учун қандай ишлар амалга оширишимиз керак, деган савол туғилади.
Авваламбор, тилга таъриф берайлик. Тил — бу билим, фикр, ахборот алмашиш ва мулоқот воситасидир.
1. Билимдан бошлайлик. Масалан, замонавий математика, информатика, фалсафа, психология, иқтисод ёки бошқа исталган фан ёки соҳани олсак, бунда қарийб 90 фоиз янги билим инглиз тилида барпо бўлаяпти, қолган 10 фоизи дунёнинг бошқа тилларида (рус тилида 1 фоиздан кам). Худди шунинг учун ҳам шахсан мен биз ўзбек тилининг (лотин алифбоси) инглиз ва бошқа чет тилларини ўзлаштиришдаги ўрнини тушунган ҳолда гарчи ўзимга ҳам кириллда ёзиш осонроқ туюлсада, лекин лотин алифбосига ўтишимизнинг қизғин тарафдориман...
Сабаби, ёшлигимизда инглиз тилини ўқитишда қарийб бир йилни лотин ҳарфларини ўрганишга сарф қилардик, шунда ҳам қатор ўқувчилар бу алифбони чала ўзлаштирар эди. Лотин ҳарфлари дунёнинг бугун кунда машҳур тилларини ўрганишимизга бир яхши қадам бўлиб хизмат қилади, деб ўйлайман.

















