22:01 / 23.08.2017
8592

Бекободда сайёр қабул: ўн мингга яқин мурожаат жойида кўриб чиқилди

Жорий йилнинг 19-21 август кунлари Тошкент вилояти Бекобод шаҳри ва тумани аҳолиси учун Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати вакиллари томонидан навбатдаги сайёр қабул ташкил этилди. 

Уч кун давом этган сайёр қабуллар давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасига ва ҳудудлардаги Халқ қабулхоналарига келиб тушган 10 000 га яқин мурожаат 30дан зиёд вазирлик ва идоралардан 150 дан ортиқ мансабдор шахслар иштирокида кўриб чиқилди. 

Мурожаатлар асосан аҳоли бандлигини таъминлаш, турар-жой, коммунал хизмат, соғлиқни сақлаш, таълим тизимига алоқадор масалалар, пенсия ва нафақа таъминоти, тадбиркорлик ривожига тўсқинлик қилаётган муаммоларга оид бўлиб, уларнинг аксарияти жойида ҳал этилди. 

Хусусан, муаммоли масалалар ечими ва аҳолининг ижтимоий ҳимояси юзасидан қуйидаги ишлар амалга оширилди. Президент топшириғига асосан 80 та ногиронлик аравачаси ва 50 та эшитиш мосламаси топширилди, тиббий кўрикдан ўтказилган 426 нафар беморнинг 250 нафарига Республика тиббиёт марказларида стационар даволаниш учун йўлланма ва ордерлар ажратилди, боқувчисини йўқотган, ногирон, кам таъминланган оилаларнинг 200 нафар фарзандига мактаб анжомлари, кийим-бош ва пойафзаллар топширилди, рўйхатга олинган барча кам таъминланган ва ногирон фуқаролар яшовчи 1.022 та хонадонга зарур дори-дармон, зарур маиший техника воситалари ҳамда уй анжомлари етказилди ва бошқалар.

Шу билан бирга шаҳар ва туманда “Тоза ҳудуд” лойиҳаси доирасида ободонлаштириш ишларини амалга ошириш учун 100 та янги иш ўрни яратилиши, “Ўзметкомбинат” ва “Бекободцемент” корхоналари қошида 400 та иш ўрнига эга 2 та тикув цехи очилиши, пахта мавсумида 1.000 нафар фуқаро ишга жалб этилиши режалаштирилди, ҳудудда аҳоли бандлигини таъминлаш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. 

 

Top