Жамият | 15:32
8007
2 дақиқада ўқилади

Бекободдаги пичоқбозлик бўйича яна 4 ўсмир ҳибсга олинди

Бекобод шаҳрида 11-синф ўқувчисининг ўлими билан боғлиқ жиноят иши доирасида қўлга олинганлар сони 5 нафарга етди.

Фото: Kun.uz

Тошкент вилояти Бекобод шаҳрида 11-синф ўқувчисининг ўлимида жами 5 нафар ўсмир гумонланиб ҳибсга олинди.

Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов берган маълумотларга кўра, бир неча вояга етмаган шахс ўртасида келиб чиққан оғзаки жанжал давомида улардан бири ошхона пичоғи билан жабрланувчининг ўнг ва чап кўкрак қисмларига жароҳат етказган. Жабрланувчи тиббиёт муассасасига олиб борилган бўлса-да, кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан, вафот этган.

Бош прокуратура 11 март куни ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилгани ва гумонланаётган вояга етмаган шахс процессуал тартибда ушланганини хабар қилганди.

12 март куни берилган қўшимча маълумотда келтирилишича, иш доирасида жами 5 нафар гумонланувчи вояга етмаган шахсга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Шу йилнинг 5 март куни Бекобод шаҳридаги 12-мактабда 11-синф ўқувчиси бир неча ўсмирлар томонидан калтакланиб, пичоқланган. Марҳумнинг яқинлари Kun.uz мухбири билан суҳбатда маълум қилишича, ўқувчилар ўртасида низо келиб чиққанидан кейин бошқа мактаб ўқувчилари 5 киши бўлиб келган. Уларнинг 3 нафари шаҳардаги 3-мактабнинг, 2 нафари эса техникум ўқувчилари бўлган. Улар жабрланувчига кўпчилик бўлиб ҳужум қилишган ва кўкрак соҳасига пичоқ билан зарба беришган.

Марҳумнинг бувиси Гавҳар Йўлдошева айбдорларнинг барчасига чора кўришни сўрамоқда, ўз навбатида, унинг хонадонига келиб, ҳол сўрамагани учун ўсмир йигитларнинг оилаларидан норози.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид