«Korzinka.uz» супермаркетлар тармоғи асосчиси Зафар Ҳошимов ўз блогида кейинги ҳафталарда жамоатчилик муҳокамасида бўлган яна бир долзарб мавзу - тўйлар мавзуси бўйича муносабатини билдирди.

Англияда бирга ўқиган икки дўстимнинг иккита турлича ўтган тўйларини эслайман. Иккови ҳам Англия фуқаролари эдилар. 

Булардан бири бадавлат зодагон оиласи фарзанди, бошқасининг келиб чиқиши эса мактаб ўқитувчилари сулоласидан эди.

Биринчисининг тўйи Лондон теварагидаги тўй эгаларининг оилавий қасрларида ўтказилиб, уч кун давом этди. Асосий маросимда 400 нафарга яқин меҳмон қатнашди. Магистратурада бирга ўқиган яқин дўстлар қаторида мен ҳам шу тўйда бўлдим. Уч кун маросим-у зиёфатлар, асосий кечага эса ҳатто қиролича оиласи аъзоларидан Кент шаҳзодаси ташриф буюрди. 

Шу жойда, айтиб ўтиш керакки, ҳатто шу каби зодагонлар зиёфатларида ҳам бизнинг тўйлардагидек, столлари ейиладиган-ейилмайдиган овқатлар билан тўлдириб ташланмайди. Балки ҳар бир меҳмонга дид билан меъёрида алоҳида салат, икки хил таом ва десерт вақти-вақти билан тортилади. Бошқа пайт столлар марказида фақат чиройли гулчамбарлар билан безалган ҳолда, ичимликлар учун фужерларни инобатга олмасак, бўшлигича туради. Умуман, столларни бизнинг тўйлардагидек ясатишларини мен бошқа ҳеч қаерда кўрмадим. Худдики, меҳмонлар бир ой овқатланмасдан тўйга келади, деган тахмин билан стол ясатамиз. 

Хуллас, ҳалиги тўй эртаклардагидек қадимий қасрда дабдабали ўтди, лекин бизнинг тўйлардаги каби юракни эзадиган исрофгарчиликка гувоҳ бўлмадим.

Орадан бир йил ўтар-ўтмас, шу иноқ дўстларимдан иккинчиси ҳам ўз тўйини нишонлади. У тўй Лондоннинг шимолидаги ихчамгина кафеда, кўпи билан 40-50 меҳмон иштирокида чиройли тарзда ўтказилди. Яқинда дабдабали тўй ўтказган "аристократ" дўстимиз ҳам ўз қаллиғи билан шу тўйда қатнашишди. Бу тўйларнинг иккинчиси ҳам роса хушчақчақ ўтди. Ҳаммамиз дўстимиз бахт кечаси баҳонасида дийдор кўришиб, отамлашиб, ўйнаб-кулиб, мазза қилиб ўтирдик. Айтмоқчи, у иккала тўйда ҳам, бизнинг тўйлардан фарқли, одамлар гаплаша олади ва бемалол бири-бирини эшитишади ҳам. :-)

Бу икки тўйнинг қайси бири яхшироқ ўтди, деб таққослаш ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмади. Ҳозир менга шу саволни берсангиз, мен ҳатто жавоб ҳам бера олмайман, фақат бир нарсани эслайман: биринчи тўйда ўрнатилган дресс-код (эълон қилинган кийиниш асноси) бўйича токсидо (смокинг) кийиб, бўйнимга бабочка тақиб юришимга тўғри келди. Мен эса бўйнимга ҳар хил галстук-бабочкалар тақишни ўлгудек ёмон кўраман, улар мени бўғгудек бўлади.