Жамият | 19:19 / 05.09.2017
21444
4 дақиқада ўқилади

Чирчиқ давлат педагогика институтида янги ўқув йили бошланди

Бугунги кунда Тошкент вилояти халқ таълими тизимида жами 1348та таълим муассасалари, жумладан 406та мактабгача таълим муассасалари, 871та умумий ўрта таълим мактаблари, 2та Меҳрибонлик уйлари, 31та болалар мусиқа ва санъат мактаблари, 19та “Баркамол авлод” марказлари, 19та болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари фаолият кўрсатмоқда. 

Қабул қилинган давлат дастурлари доирасида мазкур таълим муассасаларининг самарадорлигини ошириш, уларни моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Тошкент вилояти мактабгача, мактаб ва мактабдан ташқари таълим муассасаларининг тарбиячилари, бошланғич синф ўқитувчилари, айниқса аниқ фанлар ва чет тиллари бўйича ўқитувчиларга бўлган эҳтиёжларини қондириш, туманлар ва қишлоқ жойларидаги таълим муассасаларини юқори малакали педагог кадрлар билан таъминлаш ҳамда халқаро стандартлар даражасига мос олий маълумотли педагог кадрлар тайёрлаш тизимини жойларда ташкил этишни янада такомиллаштириш ва таълим сифатини яхшилаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим, Иқтисодиёт ва Молия вазирликларининг таклифларига мувофиқ 2017 йилнинг 27 июль санасида Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институтини ташкил этиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори қабул қилинди. 

Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институтининг 2017-2018 ўқув йили учун қабул квоталари бўйича жорий ўқув йилида институтга 21та таълим йўналишига қабул қилинган 750 нафар талабага таълим-тарбия бериш учун малакали профессор-ўқитувчилар жалб қилинди.

Бугун Чирчиқ давлат педагогика институтида ўқув йилининг бошланиши муносабати билан маьнавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда институт ўқитувчилари, ҳодимлар, талабалар билан бирга Тошкент вилоятидаги таълим муассасалари, жамоат бирлашмалари, ишлаб чиқариш корхонасидан вакиллар иштирок этишди.

Тадбирда сўз олганлар мамлакатимизда таьлим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ёшларнинг илм олиши учун яратилган шароит ва имкониятлар, айниқса мазкур институтнинг очилиши Тошкент вилояти халқ таълими тизимида педагог кадрларни тайёрлаш соҳасидаги эҳтиёжни қондиришга ҳамда ёшларни маънавий дунёқараши ва маърифий тафаккурини янада юксалтириш билан боғлиқ ишларни мақсадли ташкил этишга хизмат қиладиган нуфузли олий таълим даргоҳи бўлишини таъкидлаб ўтишди.

Тадбирда институт ректори профессор Ғофиржон Муҳамедов мактабгача, мактаб ва мактабдан ташқари таълим муассасалари учун юқори малакали ўқитувчиларни талаб даражасида сифатли тайёрлаш, илғор хорижий педагогик технологияларни жорий этишга йўналтирилган илмий тадқиқотларни олиб бориш ва иқтидорли талаба-ёшларни илмий фаолият билан шуғулланишга кенг жалб этиш йўлида ташкил этилган ушбу олий таълим даргоҳининг илк талабаларини ўқишларида омад тилади. 

Тадбирда иштирок этган маҳаллий ҳокимият органлари, жамоат бирлашмалари, ишлаб чиқариш корхоналари вакиллари Чирчиқ давлат педагогика институтини илғор олий таьлим муассасасига айлантириш ишида яқин ҳамкор бўлишини билдиришди. 

Тадбир якунлангач, талабалар гуруҳ мураббийлари раҳбарлигида ўқув машғулотларини бошлашди.

Институт Ахборот хизмати

Мавзуга оид