ИИББ: 8 ой давомида 130 та ёнғин болалар шўхлиги натижасида келиб чиққан
Пойтахтда содир бўлаётган ёнғинларнинг аксарияти болалар ва ўсмирларнинг шўхлиги натижасида содир бўлмоқда. Айнан кичкинтойлар назоратсиз қолиб, катта муаммолар сабабчиси бўлмоқдалар. Шуни унутмаслик керакки, болалар шўхлик қилишга мойилдир. Лекин ҳар бир ўйин хавфсиз эмас, масалан гугуртни олайлик. Айнан гугурт болалар қўлида нафақат ўзларига, балки атрофдагиларга жиддий хавф туғдиради. Хеч кимга сир эмас, биргина ёнғин – катта офат бўлиб, ўз йўлида борлиқни кулга айлантиради, инсонлар ҳаётига зомин бўлади. Назоратсиз қолган болалар ёнғинларни келиб чиқишига сабабчи бўладилар.
Тошкент ИИББнинг хабар беришича, Шайхонтоҳур туманида истиқомат қилаётган олти яшар И. уйининг тўртинчи қаватидан қоғоз самолётларни четини ёқиб, тепадан учирган. Пастдаги қўшниларнинг ҳайқириғига қарамай, бола шу ишини давом эттираверган. Ёнаётган самолётларнинг бири иккинчи қаватдаги хонадонга очиқ ойнаси орқали учиб кириб, пардаларга илашиб қолган, бунинг натижасида эса қисқа муддат ичида ёнғин ҳосил бўлди. Яхшиямки хонадон эгалари ўйда экан, улар ўз вақтида ёнғинни бартараф этдилар. Акси бўлганидачи? Биргина 2017 йилнинг 8 ойи давомида 130 та ёнғин болалар шўхлиги натижасида келиб чиққан.
Бундай ҳолатларни олдини олиш учун доимо ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилинг. Фарзандларингизни ёлғиз назоратсиз қолдирманг! Гугурт ва бошқа тез ёнувчи маҳсулотларни болаларнинг қўли етмайдиган жойларда сақланг. Уйингиздан чиқиб кетаётиб барча газ, электр ускуналарини текширинг ва ўчиришни унутманг.