Ўзбекистон | 21:11 / 13.09.2017
6024
3 дақиқада ўқилади

ЮНИСЕФ ва Ucell ҳамкорликдаги фаолият натижаларини сарҳисоб қилди

2017 йил 5 сентябрь куни ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Саша Грауманн ва Ucell (“КОСКОМ” МЧЖ ҲК) Бош ижрочи директори жаноб Тону Грюнберг Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда мамлакатнинг чекка ҳудудларида жойлашган мактаблардаги сув таъминоти, санитария ва гигиена хизматларини такомиллаштиришга қаратилган ҳамкорлик лойиҳалари бўйича амалга оширилган ишларни сарҳисоб қилдилар. 

Хоразм вилояти Чалиш қишлоғидаги 46-ўрта мактабда санитария иншооти қуриб битказилган бўлиб, ҳозирда ундан 180 ўқувчи ва ўқитувчилар жамоаси фойдаланмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси Кўкча қишлоғидаги 46-ўрта мактабда 250 ўқувчи ва мактаб атрофидаги ҳудудда истиқомат қилувчи 1000 кишидан иборат аҳолини сув билан таъминлаш учун 300 метр узунликдаги сув қувурлари ўтказилиши нишонланди.  

Фото: ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси

“Сув, санитария ва гигиена одатий ва оддий масала бўлиб туюлиши мумкин, аммо бу узлуксиз таълимнинг муҳим қисмидир, чунки бу болаларнинг соғлом бўлишларига ва мактабда ўқишни ташлаб қўймасликларига ёрдам беради,” -  дейди Саша Грауманн. “Умумий аҳолисининг учдан бир қисми 18 ёшга тўлмаган ёшлардан иборат бўлган Ўзбекистон учун бу муҳим аҳамиятга эга, чунки 15 йилдан сўнг бугунги болалар мамлакат тарихидаги энг катта ишчи кучини ташкил этадилар.  Ҳукумат Ўзбекистоннинг келажакдаги тараққиёти, тинчлиги ва фаровонлиги учун энг яхши сармоя, яъни болалар саломатлиги, таълими ва фаровонлигига сармоя киритаётгани қувонарлидир,” - деб сўзини якунлади Саша Грауманн. 

Фото: ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси

Қашқадарё, Сурхондарё ва Жиззах вилоятларидаги учта кичик мактабларда ҳам санитария иншоотларининг қурилиши якунланмоқда. 

Ушбу фаолият орқали ЮНИСЕФ ташкилоти ва Ucell компанияси болалар диарея каби касалликлардан ҳимояланганлигини, ота-оналар ва ўқитувчилар эса қўлларни совун билан тўғри ювиш каби ҳаётни сақловчи кўникмаларни уйда ва мактабда тарғиб этишларини таъминлаш йўлида мамлакат ҳукуматининг саъй-ҳаракатларига кўмаклашадилар. 

Фото: ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси

“Биз глобал фуқаролармиз ва қандай шароитларда ҳаёт кечираётганлигимизга ўзимизни масъул деб биламиз. ЮНИСЕФ билан ҳамкорлик қилишдан кўзлаган мақсадимиз сув таъминоти ва санитария хизматларининг барқарорлиги ҳамда гигиенани тарғиб этиш, бунинг натижасида вилоятлар ва кичик қишлоқлардаги болалар саломатлигининг яхшиланиши ва иқтисодий фаровонлик ошишига кўмаклашишдир,” - дейди Ucell компаниясининг Бош ижрочи директори Тону Грюнберг. “Шу билан бирга, ижтимоий ривожланишдаги муаммоларни ҳал этиш, Ўзбекистон болалари таълим олишлари учун янада яхшироқ шароитлар яратиш ҳамда маҳаллий ҳамжамиятлар тараққиётини қўллаб-қувватлаш учун мобил алоқа технологияларидан фойдаланишни давом эттирамиз,” - деб таъкидлади жаноб Тону Грюнберг. 

Мавзуга оид